Миллий даражада белгиланадиган ҳиссалар (МДБҲ)ни қайта кўриб чиқиш жараёнини қўллаб-қувватлаган ҳолда иқлим ўзгариши масалалари бўйича тадқиқотлар натижаларини тасдиқлаш бўйича ишчи кенгаш ўтказилди. Унда сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларидаги тадқиқотлар кўриб чиқилди.

Тадбир БМТТД ва Бирлашган Қиролликнинг Ҳамдўстлик ва ривожланиш ишлари бўйича Ташқи ишлар вазирлиги (ФКДО) билан ҳамкорлик амалга оширилаётган «Марказий Осиёда иқлим хавфсизлиги бўйича сиёсий чоралар» минтақавий лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Учрашувда Париж келишувининг асосий элементи бўлган ва унинг узоқ муддатли мақсадларига эришишда ўз ҳиссасини қўшадиган миллий даражада белгиланадиган ҳиссалар (МДБҲ)нинг қайта кўриб чиқишни қўллаб-қувватлаш жараёнининг бир қисми сифатида илмий изланиш ва унинг аҳамияти тўғрисида маълумотлар берилди. МДБҲ конкрет мамлакатларнинг миллий даражада иссиқхона газлари ташланишини камайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш бўйича саъй-ҳаракатларини акс эттиради.

Қатнашчилар МДБҲнинг иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш қисмида ижтимоий-иқтисодий соҳага таъсирини қайта кўриб чиқишни баҳолаш натижалари билан таништирди. Тезлашиб бораётган саноатлаштириш жараёни ва аҳоли сонининг ўсиши иқтисодиётнинг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада оширади ҳамда атроф-муҳитга кўрсатиладиган салбий антропоген таъсирни кучайтиради, иссиқхона газларининг ташланишини оширади. Анъанавий ва қайта тикланадиган энергия манбалари ўртасида мутаносиб истеъмол қилиш муаммоси ва уларнинг нисбати ўзгаришини ижтимоий-иқтисодий соҳага таъсири МДБҲни қайта кўриб чиқиш жараёнининг асоси ҳисобланади.

Илмий изланиш жараёнида иқлим ўзгаришига сув ҳавзалари муҳитининг ўзгаришини келтириб чиқарувчи асосий сабаблардан бири сифатида ҳамда сув ресурсларига босим ўтказувчи кўп сонли омиллардан бири сифатида қараш кераклигини қайд этилди. Шу боис мослаштириш чораларини кўзда тутувчи сценарийларда нафақат иқлим ўзгаришини, балки демографик вазият, иқтисодий ўсиш жадаллиги, овқатланиш борасидаги афзалликларда ва бошқаларда юз берадиган ўзгаришларни ҳам ҳисобга олиш зарур.