Буюк Британия Ҳамдўстлик ва халқаро ривожланиш масалалари бўйича Ташқи ишлар вазирлигининг молиявий кўмаги билан ташкил этилган конференцияда Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва юртимиздан экспертлар қатнашмоқда. Иштирокчилар турли соҳаларда давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда замонавий маълумот тизимларидан фойдаланиш бўйича халқаро ва минтақавий тажрибани ўрганишади.

Конференция доирасида Марказий Осиё мамлакатларида «Иқтисодий тараққиёт учун самарали бошқарув» номли янги дастурга расман старт берилади. Дастур Жаҳон банки ва АCТEД халқаро нодавлат ташкилоти томонидан Буюк Британия ҳукуматининг молиявий кўмаги асосида амалга оширилмоқда. Ундан кўзланган мақсад – Қирғиз Республикаси, Тожикистон ва Ўзбекистон мамлакатлари иқтисодий сиёсатининг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш ҳисобланади.

Дастур доирасида юқорида қайд этилган давлатлар ҳукуматларига сифатли маълумотларни олиш, улардан давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда фойдаланиш, идоралараро координация ҳамда фуқароларни тинглаш механизмларини такомиллаштириш масалаларида кўмак берилади.

– Буюк Британия давлат сиёсатини далиллар асосида ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш учун ҳамкор мамлакатлар – Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари билан биргаликда ЭГEД дастурига старт берди. Биз ушбу жараённинг самарали бўлиши учун статистик маълумотлар ва илмий далиллардан фойдаланиш кераклигига ишонамиз, – деди Буюк Британиянинг Ҳамдўстлик ва халқаро ривожланиш масалалари бўйича Ташқи ишлар вазирлиги Марказий Осиёда ривожланиш бўйича директори Мирза Жаҳоний. – Ушбу конференция доирасида минтақадаги мамлакатлар ҳукуматлари ва фуқаролик жамияти вакилларидан иборат ҳамкорларни йиға олганлигимиздан мамнунмиз. Иштирокчилар тажрибалар билан алмашишлари ва келгуси чора-тадбирлар, шу жумладан, Буюк Британиянинг янги Халқаро тараққиёт стратегияси қабул қилингани натижасида ЭГEД дастури доирасидаги фаолиятни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиб олишлари мумкин бўлади. Ушбу ҳужжат давлат органларида институционал етакчилик масалаларига алоҳида эътибор қаратади.

Ўзбекистонда ЭГEД дастури меҳнат бозорини ислоҳ қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича самарали сиёсатни ишлаб чиқиш, «яшил» иқтисодиётга ўтиш учун табиий ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда давлат корхоналарини реструктуризация қилишда ёрдам беради. Шунингдек, дастур шаҳарларни ривожлантириш ва давлат харидлари соҳаларини ислоҳ қилиш, мамлакатда норасмий иқтисодиётни қисқартириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда маълумотлардан фойдаланишга ҳам кўмак беради.

– 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистонда маълумотлар сифатининг ошиб бораётганлиги ва давлат сиёсатини ишлаб чиқишда улардан кенг миқёсда фойдаланилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Мамлакат ҳукумати танлаган очиқлик ва шаффофлик сиёсати натижасида юртимизнинг статистика соҳасидаги салоҳияти йилдан-йилга сезиларли даражада яхшиланиб бормоқда. Конференция давомида ушбу соҳадаги тажрибамиз билан бўлишмоқчимиз ва Марказий Осиёдаги ҳамкасбларимизнинг тажрибаларини ўрганмоқчимиз, – деди Бош вазир ўринбосари –иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров.

Конференция иштирокчилари тегишли тадқиқотлар, маълумотлар ва экспериментларнинг давлат бошқарувини такомиллаштира оладиган ҳамда уни Марказий Осиёда адолатли ва инклюзив ўсишга эришишга йўналтира оладиган ислоҳотлар сиёсатининг қудратли омили сифатидаги ролини таҳлил қилишади. Шунингдек, маълумотларни тайёрлаш бўйича салоҳиятни ривожлантириш, шу жумладан, миллий статистика органлари ва меҳнат бозорлари ҳолатини таҳлил қилувчи тизимларни жалб этган ҳолда, масалалар кўриб чиқилади.

Конференция якунига кўра қўшма декларация қабул қилиниши режалаштирилмоқда. Ҳужжат лойиҳаси иштирокчиларни қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммаларига олишга ундайди:

- инклюзив ўсишни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, озчилик гуруҳлар фаровонлигини устувор ўринга қўйиш ва барча жамият аъзоларининг ҳаётини яхшилаш мақсадида имкониятлардан тенг фойдаланишни таъминлаш учун керакли маълумотлардан фойдаланиш;

- қарорларни қабул қилиш жараёни шаффоф ва самаралироқ бўлиши учун маълумотлардан кенг фойдаланиш мақсадида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамкорликни рағбатлантириш;

- маълумотлар сифатини такомиллаштириш ва уларни турли соҳалардаги давлат сиёсатларини ишлаб чиқиш жараёнига интеграция қилишни қўллаб-қувватлаш;

- давлат маълумотларининг аввалбошдан очиқ ва жамоатчилик фойдаланиши учун эркин бўлишини таъминлаш;

- жамоатчиликнинг давлат маълумотларидан фойдаланишини рағбатлантириш, жамоатчиликни қарор қабул қилиш жараёнига жалб қилиш ва Марказий Осиё мамлакатларида ушбу соҳада жамоатчилик хабардорлигини ошириб бориш.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни

қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати