Математика илми ҳар қандай давлатнинг бугуни ва келажагини белгилайди. У ҳаётнинг барча жабҳасида, жумладан, иқтисодиёт, саноат, қурилиш, кимё, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, машинасозлик ва бошқа соҳаларда юксак тараққиётга эришиш, инновацион иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун ўта муҳим. Керак бўлса, ушбу йўналишлар бўйича давлат ва жамият олдида турган долзарб масалаларни математика илмисиз ечиш амримаҳол.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани тубдан ислоҳ этиш бўйича муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда математика илмига давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётганининг ёрқин далили сифатида фан равнақи учун янги тарихий даврни бошлаб берди.

Хусусан, мазкур қарор асосида юртимиздаги ҳар бир туман (шаҳар)да математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Фанни билиш даражасини баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий қилинган. В. Романовский номидаги Математика институти фаолияти такомиллаштирилиб, 5 та ҳудудий бўлинмаси очилди. Шу билан бирга, математика фанлари бўйича таълим сифатини яхшилаш, илмий тадқиқотларнинг самарадорлиги ва амалий аҳамиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни назарда тутувчи салкам 50 банддан иборат мақсадли дастур қабул қилинди.

Ўтган даврда етакчи хорижий илмий марказларда фаолият юритаётган ватандош математик олимлар мамлакатимизга таклиф қилинди ва илмий-тадқиқотлар олиб бориши учун зарур шарт-шароит яратилди. Халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ёшлар ва уларнинг мураб бийлари меҳнатини рағбатлантириш тизими жорий этилгани ҳам математика фанини жойларда, жумладан, юртимизнинг чекка ҳудудларида ҳам ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Мазкур қарорда кўплаб олимларимизни ташвишлантираётган соҳада йиғилиб қолган қатор жиддий муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилган. Математика таълими сифати ҳамда илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, математик таълимотнинг ўқиш босқичлари орасидаги узвийликни таъминлаш, умумтаълим мактаблари учун дарсликларни тайёрлашда ўқувчи ёшига эътибор қаратилмагани, математика соҳасида маҳаллий олимларнинг хориждаги тадқиқот марказлари билан ҳамкорлиги етарли эмаслиги шулар жумласидан.

Ушбу тизимли муаммоларни ечиш мақсадида қарорда математика йўналишида мутахассислар тайёрлаш ва ўқитиш сифатини ошириш, давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш, механика ва математик модделлаштириш бўйича бакалавр ва мутахассислар тайёрлаш каби долзарб масалалар юзасидан чора-тадбирлар белгиланган. Бу борада олий таълим ва илмий-тадқиқотларнинг ўзаро интеграциясини йўлга қўйиш мақсадида Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчасида В. Романовский номидаги математика институтининг янги ва замонавий биноси барпо этилгани барча математик олимлар учун ўта қувончли воқеа бўлди.

Ушбу институтнинг бир қатор университетлар ёнида очилгани талабаларни адабиётлар билан таъминлаш ва ёш олимлар муаммосини тезкор ҳал этиш имконини берди. Ёшларни илмга жалб этиш ва илмий даражали кадрлар тайёрлаш учун илмий стажёр-тадқиқотчилик институти жорий этилган. Ушбу қарор ижросини Тошкент кимё-технология институтининг олий математика кафедрасида бажарилган ишлар мисолида кўриб чиқсак.

Қарор қабул қилингандан сўнг замонавий компьютер технологиясидан фойдаланишга асосланган ўқув адабиётлари яратилди. Кафедрада мамлакатимиз олий таълим муассасалари учун 3 нафар фан доктори (DSc) ва 5 нафар фалсафа доктори (PhD) тайёрланди. Илмий ишлар муҳокамаси учун институтлараро илмий семинар фаолияти йўлга қўйилди. Айни дамда кафедрада беш нафар докторант фаолият олиб боради. Математика илм-фани ҳамда ҳаёт ўртасида узвий боғлиқлик мавжуд.

Мазкур қарорда математика соҳасидаги илмий-тадқиқотларнинг амалиёт ва ишлаб чиқариш билан боғлиқлиги етарли эмаслигига алоҳида эътибор қаратилган ҳамда математика соҳасидаги илмий-тадқиқотларни ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган эди. Шу муносабат билан олдимизда турган жиддий вазифалардан бири математика илм-фани ривожини ишлаб чиқариш тараққиёти билан уйғунлантириш, амалий математикани ривожлантириш ва иқтисодиёт тармоқларидаги муаммоларни моделлаштириш асосида математик ечимларни ишлаб чиқишдан иборат.

Математика илм-фани ривожини ишлаб чиқариш тараққиёти билан уйғунлантириш йўналишида олдимизда турган асосий вазифалар сифатида қуйидагиларни кўрсатиб ўтиш мумкин:

Биринчидан, механика ва амалий механикани В. Романовский номидаги Математика  институти таркибига киритиш мақсадга мувофиқ. Чунки механиклар шуғулланадиган муаммолар математиканинг мураккаб тенгламаларини ҳал қилиш учун қўл келади. Бу тенгламалар ечими устида механик ва математик олимларнинг ҳамкорликда изланиш олиб бориши амалий муаммолар ечимини самарали топишга ёрдам беряпти.

Иккинчидан, назарий физика бўйича олимлар ҳам Математика институти фаолиятига жалб этилиши лозим. Бу назарий физика муаммоларини математик олимлар билан биргаликда ҳал этишга хизмат қилади.

Учинчидан, математика фундаментал ва амалий математикага (математик модделлаштириш) бўлинган. Ҳозир амалий математика бўлимида жудда катта механика йўналиши мавжуд. Бу соҳадаги олимлар машина, механизм, учувчи аппаратлар, биомеханика, зилзилабардошлик, енгил саноат машинаси ва аппаратлари ҳамда бошқа соҳалар муаммосини ечиш билан шуғулланади. Олдимизда ушбу йўналишдаги ҳамкорликни ҳам тизимли асосда кучайтириш вазифаси турибди.

Тўртинчидан, механика ва амалий математика бўйича тажрибали устоз олимлар сони тобора камайиб бормоқда. Шу боис, ушбу йўналишда катта тажриба тўплаган етук олимларга ҳар томонлама шароит яратиб, ўз илмий мактаб ларини ташкил этиши ҳамда билим ва тажрибаларини ёш олимларга етказишига  кўмаклашиш лозим.

Бешинчидан, математика фанини ўқитиш илғор хорижий олий таълим муассасаларидаги сингари замонавий компьютер технологияларига асосланиши зарур. Бунинг учун мазмуни ҳозирги давр талабларига ҳамоҳанг бўлган замонавий янги авлод ўқув адабиётларини яратиш эҳтиёжи мавжуд. Мухтасар айтганда, замонавий инновацион тизимларни яратиш, илмий асосланган, юқори технологияли ишлаб чиқаришни жамият ҳаётининг барча соҳасида кенг жорий этиш мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдевори ҳисобланади.

Бундай маррага эса, фақат илм-фан тараққиёти, ёшларимизнинг ақл-заковати, иқтидор ва истеъдоди, олимлар ва илм-фанни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин.