Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 21 ноябрь куни аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор вазифаларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилишда пенсия тўловларини уч босқичли пенсия тизимига ўтиш орқали амалга ошириш зарурлигини ҳамда уч даражали пенсия таъминоти тизимига ўтиш орқали пенсия бадалини тўлашдан манфаатдорликни ошириш зарурлиги таъкидланган эди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (Organisation for Economic Co-operation and Development) ўзининг ҳисоботида уч даражали пенсия тизими моделини қайд этган. Хорижий тажриба ўрганилганда уч даражали пенсия тизимида хусусий пенсия фондларининг фаол иштироки кузатилди. Жумладан, Голландия, Австралия, Буюк Британия ва АҚШ давлатларида ихтиёрий равишда ҳамда Цингапурда мажбурий тарзда фуқароларнинг пенсия таъминоти учун хусусий пенсия фондларига бадаллар тўланади.

Хусусий пенсия фондлари жамғарма маблағларни истиқболли (шу жумладан венчур) лойиҳаларга инвестиция қилиш орқали фуқароларга пенсия ёшига етганда қўшимча молиявий даромадларни тақдим этади ва шу билан мамлакатда инвестицион-инновацион фаолликни оширади.

Пенсия фондларининг молиявий барқарорлиги хорижий тажриба мисолида ўрганилганда жамғарма маблағлари асосан инвестицияларга фаол тарзда йўналтирилгани маълум бўлди.

Жаҳон Банкининг (World Bank) 2018 йил маълумотларига кўра жаҳонда жами пенсия фонди активлари 43 трлн. АҚШ доллари миқдорида бўлиб, бу дунё ялпи ички маҳсулотининг 50 фоизини ташкил этади. Шунингдек, АҚШнинг ялпи ички маҳсулоти 2018 йилда 20 494 млрд. АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, Пенсия фондлари активлари улуши 24 800 млрд. АҚШ долларни, яъни АҚШ ЯИМнинг 121 фоизни ташкил қилган.

Шу билан бирга, Австралияда пенсия фонди маблағларининг 43,7 фоиз қисми капитал инвестицияларга ва 13,7 фоизи нақд пул ва депозитларга, Голландияда пенсия фонди маблағларининг 46,2 фоизи вексель ва облигацияларга, Цингапурда пенсия фондлари маблағларининг 96,7 фоизи, Буюк Британияда 58,6 фоизи, АҚШда 42,2 фоизи айнан бошқа турдаги ((кредитларга, ер ва биноларга, тақсимланмаган суғурта шартномаларига (unallocated insurance contracts), хеж-фондларга, хусусий капитал фондларга, венчур фондларга ва бошқа инвестициялар) инвестицияларга йўналтирилиши маълум бўлди.

Бу маълумотлар жаҳон капитал бозорларида пенсия фондларининг алоҳида барқарор позициясига эга эканлиги ҳамда инвестициялар фаоллигига таъсир кўрсатиш имкониятлари юқори даражада эканлигини англатади.

Хусусий пенсия фондлари фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия жамғармалари ўртасида рақобат муҳитини шакллантиради, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи ҳамда капитал бозорининг ривожланишига ҳисса қўшади.

Таъкидлаш жоизки, хусусий пенсия фондларини ташкил этилиши фуқароларнинг кекса ёшида даромадларини кўпайишига ва уларнинг молиявий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, хусусий пенсия фондлари тадбиркорлик субъектларининг инновацион фаолиятини молиялаштиришда қўшимча манба бўлиб хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида мамлакатда венчур фондларнинг ривожланиши, стартап лойиҳаларнинг фаоллашиши, иқтисодиётда рақобатбардош-инновацион товар ва хизматларнинг кўпайишига ҳамда молия бозорини ривожланишига замин яратади.

Ўзбекистонда ҳам хусусий пенсия фондларини ташкил этилиши пенсия таъминоти тизимини янги босқичга олиб чиқади.

Доно Аҳмедова,

Молия-иқтисод секторига инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси мутахассиси