Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшовчи 2-гуруҳ ногирони Қ.Д. меҳнат қобилиятини йўқотгани учун тўланиши керак бўлган пул кам миқдорда тўлаб келинаётгани ҳақида мурожаат қилди. Мурожаатчининг ёзишича, унинг иш берувчига мурожаатлари эътиборсиз қолдириб келинмоқда.
Мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, жойига чиқиб ўрганиш учун Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги ҳудудий вакилига юборилди.
Аниқланишича, мурожаатчи Қ.Д. 2003 йилнинг май ойида ишлаб чиқаришга боғлиқ равишда тан жароҳати олган. Шундан сўнг “SANOATTEXMONTAJ” МЧЖ томонидан меҳнат қобилиятини йўқотгани учун 90 фоиз пул маблағи тўлаб берилиши белгиланган.
Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги ҳудудий вакили томонидан мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вилоят бандлик бош бошқармасига сўров хати юборилиб, 2-гуруҳ ногирони фуқаро Қ.Д.га жамият томонидан тўланиши лозим бўлган сумма графиги олинди.
Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, ҳақиқатан ҳам “SANOATTEXMONTAJ” МЧЖ томонидан фуқаро Қ.Д.га 2021-2022 йилларда меҳнат қобилиятини йўқотгани учун регресс тўловларидан салкам 17 миллион сўм кам маблағ тўлангани аниқланди.
Шундан сўнг Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан фуқаро манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
2023 йил 13 январдаги суд мажлисида Омбудсманнинг даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, 2-гуруҳ ногирони фуқаро Қ.Д.га кам тўланган сумма тўлаб берилиши белгиланди.