«Инсоний биродарлик мажлиси» деб номланган мазкур нуфузли анжуманда турли мамлакатларнинг Биринчи хонимлари, Нобель мукофоти соҳиблари, БМТ агентликлари ва етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари, БАА ҳамда Кўрфаз давлатларининг юқори мартабали сиёсатчилари, вазирлар ва давлат арбоблари, шунингдек, технология ва сунъий интеллект этикаси соҳасидаги етакчи олимлардан иборат 150 нафар нуфузли меҳмон иштирок этди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева форум доирасида ўтказилган «Аёллар етакчилиги инсоний биродарлик марказида» мавзусидаги биринчи сессияда маъруза қилди. Ушбу сессияда замонавий дунёда ишонч инқирози кучайиб бораётган бир шароитда аёллар етакчилигининг ўрни ва масъулияти масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Сунъий интеллект ва илғор технологияларга асосланган янги глобал тартибот шаклланаётган бир пайтда, сиёсий ва стратегик қарорлар қабул қилиш жараёнларида аёллар иштироки ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлар экан, Саида Мирзиёева: «Янги дунёни ким қуради?» деган саволни ўртага ташлади.

Унинг таъкидлашича, инсоний биродарлик ғоялари фақат баландпарвоз шиорлар билан эмас, балки зўравонликка қарши қаратилган қатъий қонунлар, самарали ижро механизми ва адолатли суд тизими орқали амалда намоён бўлиши лозим.

«Инсоний биродарлик кимнингдир овозини эшитиш, ҳеч кимни ҳеч қачон четга суриб қўймаслик орқали шаклланади», — деди Саида Мирзиёева.

Нутқ давомида аёллар етакчилиги ва таълим олиш ҳуқуқини инсон қадрининг асосий мезонларидан бири сифатида ҳимоя қилиш ғояси илгари сурилди. Шу маънода, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мисолида аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш нафақат миллий тараққиётга, балки бутун минтақада тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

«Ўзаро ҳурматга асосланмаган ривожланиш бардавом бўлмайди. Кучли жамиятлар нафақат қонунларга, балки инсонлар ўртасидаги ўзаро ишончга ҳам таянади. Бу ишонч эса кўпинча аёллар етакчилиги ва ўзаро муносабатлари орқали мустаҳкамланади», — деди Саида Мирзиёева.