Жорий йил 14 июль янги Ўзбекистон тарихида яна бир муҳим кун сифатида қолди. Шу куни кўпмиллатли халқимиз қатъий сиёсий иродаси билан сайлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида нутқ сўзлаб, яқин истиқболдаги тараққиёт йўлимизнинг бош мақсадларини белгилаб берди.
“Ўзини ўзгартира олган халқ, ҳеч шубҳасиз, ҳаётни ҳам, ижтимоий муҳитни ҳам ўзгартира олади, ўз мурод-мақсадларига албатта етади”, деди давлатимиз раҳбари.
Дарҳақиқат, биз янги Ўзбекистонни қуриш йўлидаги яқин тарихимизда ўзгаришлар қудратини яхши англаб етмоқдамиз. Ўз навбатида, шуни таъкидлаш жоизки, ҳар бир ишнинг бошланиш палласи ва ташаббускори бўлади. Агар суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг бугунги қиёфаси қандай шаклланди, ўзгаришлар қачон бошланди, деган савол берилса, жавобимиз тайёр.
2017 йил 13 июнь. Шу куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди.
Ўша йиғилишда давлатимиз раҳбари суд ҳокимияти мустақиллигини амалда таъминлаш, уни жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган қатор тарихий ташаббусларни илгари сурди.
Биз бу учрашувни нима учун тарихий, деяпмиз. Боиси, мен 57 йилдирки, шу соҳада меҳнат қилиб келяпман, лекин бирор марта давлат раҳбари ва судьялар ўртасидаги бундай очиқ, самимий мулоқотни кўрмадим. Энг муҳими, шу учрашувда давлат раҳбари илгари сурган халқпарвар ташаббуслар суд ҳокимияти тизимида мутлақо янги даврни бошлаб берди.
Бу ҳақда батафсил сўз юритишдан олдин бугунги жамиятимизнинг янги қиёфасига асос солган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига назар ташласак.
Бугун ҳеч бир соҳа йўқки, тубдан ўзгармаган бўлсин. Ташқи сиёсат нуқтаи назаридан, қўшниларимиз билан дўстона муносабатлар тикланди. Авваллари яқин қариндошларини кўриш илинжида фуқароларимиз чегарадан ўтолмай йиғлаб ўтирарди.
Ўзбекистонда 30-50 йиллаб муқим яшаган ҳамюртларимиз фуқаролик ололмай сарсон, чорасиз эди. Бугун улар сарсон ё чорасиз эмас. Минглаб шундай ҳамюртларимиз Ўзбекистон фуқароси, деган юксак шарафга эришди. “Энди мен ҳам Ўзбекистон фуқаросиман, сайланаман, сайловда овоз бераман”, дея фарзандларини қучоқлаб йиғлаган одамларни кўрдик.
Тошкентда “прописка”га доир мантиқсиз сиёсат-чи? Ўзимизнинг мамлакат ичида эркин ҳаракатлана олмас эдик. Бу яшаш ҳуқуқини чеклашми? Чеклаш. Бу катта адолатсизликми? Ҳа.
Ёки яна бир ҳаётий мисол. Орадан уч-тўрт йил ўтиб, яқинда Деновга бордим. Туман марказидаги қурилишларни кўриб ҳайратим ошди. Тошкентдан ҳеч фарқ қилмайди. Бу ҳам майли. Деновда тоғли қишлоқлар ҳам кўп. Яқин-яқингача билганим – бу қишлоқларда одамлар учун энг қулай транспорт от ё эшак эди. Чунки уларда автомобиль йўллари йўқ эди-да. Қаранг, уч-тўрт йил ичида бу манзилларга бориш учун шундай равон йўллар қурилибди, кўриб ҳавас қиласиз. Беихтиёр “Ҳа, бўлар экан-ку”, дейсиз.
Ҳар бир оила эътиборда бўлган яна бир меҳрли сиёсат ҳақида ҳам айтмасак бўлмас. Бугун давлатимизнинг халқчил сиёсати ҳар бир оилага кириб боряпти. Гап шундаки, Президентимиз одамлар томорқасидан даромад олишигача эътибор беряпти. Бу шунчаки оддий гап эмас. Бунинг замирида катта меҳрли сиёсат турганини унутмаслигимиз керак.
Давлатимиз раҳбари гендер тенглик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келади. Тарихимизга бир назар ташласак, уддабурон аёлларимиз, оналаримиз кўп бўлганига ишонч ҳосил қиламиз. Улар ижодкор, раҳбар, сиёсий етакчи, ватан ҳимоячиси бўлган. Бугун ҳам опа-сингилларимиз, қизларимиз, невараларимиз вужудида ўша мард ва жасур, фидойи ва тадбиркор момоларимиз қони оқмоқда. Шунинг учун бугунги Ўзбекистон хотин-қизлари – олим, фермер, ҳоким, тадбиркор, ҳуқуқшунос, сиёсатчи, меҳрибон она. Ҳамма ишнинг уддасидан чиқади.
IX-XI асрларда Ўзбекистон заминида хотин-қизлар академияси бўлгани, бу ерга 40 га яқин мамлакатдан келиб ўқиб кетишгани ҳақида маълумотлар бор. Президентимизнинг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларидан келиб чиққан ҳолда, янги Ўзбекистонда яна ўша хотин-қизлар академиясини тиклаб, замонавий тенденциялар асосида ишга туширсак, ғоят таҳсинга лойиқ иш бўлишига шубҳа йўқ.
Айтганимиздек, юртимизда иқтидорли, ишчан, меҳрибон, фидойи хотин-қизлар жуда кўп. Фақат уларни танлаб жойига қўйсак бас. Шунинг учун ҳам Президентимиз бу масалага бежиз эътибор қаратмаяпти. Бу бизга фақат яхшилик олиб келади, дунё мамлакатлари ичида илғор бўлишимизга хизмат қилади.
Мажбурий меҳнатга барҳам берилгани-чи? Бу ҳам ниҳоятда катта сиёсий ирода билан амалга оширилди. Мен ўтган асрнинг 50-йилларидан буёғини яхши эслайман. Тоғда яшайдиган одамларни ҳам пахта теримига олиб келишарди. Аёллар, болалар зах шийпонларда ётарди. Оқибатда қанчадан-қанча болалар ногирон туғилди. Қанчадан-қанча авлодни бой бердик. Бу мустақилликдан кейин ҳам – яқин йилларгача давом этди-ку!
Қарийб бир асрлик бу тизимга бир уринишда, битта сиёсий ирода билан ортга қайтмас тарзда барҳам бериш осон иш эмас эди. Хайриятки, шундай бўлди. Аммо бу йўлнинг қанчалик мураккаб, ўз навбатида, шарафли эканини ҳалигача англаб етмаётган одамларимиз бор орамизда. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлган, деб ўйлайдиганлар оз эмас.
Боғбон бўлмай билмас гулнинг қадрини, ари боқмай билмас болнинг қадрини, дейди халқимиз. Шу боис, биз ҳаётимизда бўлаётган катта-катта ислоҳотларнинг қадрини, мазмун-моҳиятини теран англашимиз, қадрига етишимиз керак. Шундагина жамиятимизда ҳамжиҳатлик муҳити янада мустаҳкамланади. Шундагина ислоҳотларимиз руҳи ва шукуҳи бугунгидан-да файзли бўлади.
Биз гапимизни бежиз суд ҳокимияти ва одил судлов тизимидан бошлаб, сўнг жамиятимизнинг янги қиёфасига асос солган ислоҳотлардан айримларига тўхталмадик. Гап шундаки, ҳар бир тараққиёт даврининг ўзига хос хусусиятлари, асос ва омиллари, мақсадлари бўлади. Агар Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври мезонлари ҳақида сўралса, ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин бўлган учта муҳим мақсад бор. Биринчиси – халқимизнинг ҳаётда муносиб яшашга бўлган узоқ йиллик орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлидаги саъй-ҳаракатлар. Иккинчиси – халққа хизмат қиладиган давлатчилик тузулмаларини яратиш. Учинчиси – инсон қадрини юксалтириш сиёсатига асосланган миллий қонунчилик базасини мустаҳкамлаш.
Юқорида халқимиз ҳаётида бўлган ўзгаришларнинг айримларинигина айтдик, холос. Навбатда эса, бу тизимнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар моҳиятига эътибор қаратмоқчимиз.
Бу ўринда яна 2017 йилнинг 13 июнида Президентимиз билан бўлган мулоқотга қайтамиз. Ўшанда давлат раҳбари одил судлов тизимидаги камчиликларимиз ҳақида гапириб, суд тизимини жазоловчи орган эмас, балки халқни ҳимоя қилувчи тузулмага айлантириш борасида гапирган эди. Адолат – адолат, ҳақиқат – ҳақиқат бўлиши кераклигини айтган эди.
Сўнгра суд ҳокимияти вакилларини онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик устувор бўлишига чорлагани ҳам ёдимизда. Бу гаплар замирида жуда катта ҳаётий ҳақиқат ва фалсафий маъно борлигини ўшанда кимдир тушунди, кимдир йўқ. Чунки судьяларимиз ўша вақтда ҳали катта ўзгаришларни қабул қилиши қийин эди-да.
Шундан кейин тизимда жуда катта ўзгаришлар бошланди. Судьяларнинг моддий таъминотидан тортиб оиласидаги тинчлик-хотиржамлик, шахсий хавфсизлигигача кўриб чиқилди ва ижобий томонга ўзгарди.
Президентимиз яна бир муҳим жиҳатни ҳам назардан четда қолдирмади. Яъни нафақат судьялар, балки улар ёнида ишлаётган бошқа ходимларнинг ҳам моддий таъминоти сезиларли яхшиланди.
Ўша йиллари адолатпарвар судьялар тайёрлаш масаласи ғоят долзарб эди. Шу мақсадда Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Бу кенгаш орқали судьялар танлов асосида тайинланадиган бўлди. Бунинг мақбул томони шундаки, энди судьяларни тайинлаш танлов асосида амалга оширила бошланди. Бу жойлардаги судларни малакали ва виждонли судьялар билан таъминлаш имконини берди.
Натижада нимага эришдик, деган савол бўлиши табиий. Бу саволга мисоллар кўп.
Ислоҳотлар самараси ўлароқ, ўтган 6,5 йил мобайнида 4874 кишига нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди, 22 минг 923 шахс суд залидан озод қилинди.
Давлат органларининг ноқонуний қарори ва хатти-ҳаракатларидан шахсни ҳимоя қилувчи маъмурий судлар ташкил этилиши натижасида аҳоли манфаатларига зарар етказаётган ғайриқонуний ҳужжатлар бекор қилинди. Мисол учун, сўнгги олти йилда кўриб чиқилган 87 минг 138 та маъмурий ишнинг 62 фоизи қаноатлантирилган.
2020 йилда Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланиши мамлакатда инсон ҳуқуқи ва эркинликлари таъминланаётганининг халқаро эътирофидир. АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон диний эркинлик бўйича “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан чиқарилганини эълон қилди. Бунга эришиш йўлида Ўзбекистон экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирларини амалга оширишдаги ёндашувларни концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқди. Жумладан, 20 мингдан зиёд фуқаро “махсус рўйхат”лардан чиқарилди.
Бундан ташқари, 2017–2021 йилларда бевосита Президентимиз фармони билан жазо муддатини ўтаётган 5,5 мингга яқин маҳкумга нисбатан афв акти қўлланилди.
Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Биргина суд ҳукми билан оқланган минглаб фуқаролар оиласига улар билан бирга фаровонлик, бағри бутунлик, келажакка ишонч руҳи қайтди. Бу ҳам меҳрли сиёсатимизнинг инсонпарвар намунаси сифатида жамиятимизнинг янги, кўтаринки қиёфасига асос соладими? Ҳа, албатта!
Мавриди келганда, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямиз принципидан келиб чиқиб, яна бир янгилик ҳақида айтмоқчиман. Бу ёшлар тақдири билан боғлиқ. Гап шундаки, 18 ёшга тўлмаган, яъни вояга етмаган ёшлар билиб-билмай жиноят қилган бўлса (оғир, ўта оғир жиноятлардан ташқари), улар суд томонидан берилган жазони ўтаб бўлиши билан судланмаган деб ҳисобланиши бўйича ҳам таклиф билдирилган. Ҳозир бу бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш жараёни кетяпти.
Ҳаётимиз фаровонлиги кўзланган ислоҳотлар таъсирчанлиги, бардавомлиги ва ортга қайтмаслигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирганда шу йил 30 апрель куни умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз мазмун-моҳиятисиз мақсадга эришиб бўлмайди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда моддалар ва нормалар сезиларли кўпайгани бежиз эмас. Бунинг таҳлили шундан далолат берадики, Бош қонунимиз халққа яқинлаштирилди, яъни оддий одамлар ўқиганда ўзининг мажбуриятларини ҳам, ҳуқуқларини ҳам бевосита тушунадиган бўлди. Шунинг учун бу Конституцияни халқ қўллаб-қувватлади. Матбуот орқали бўладими, бошқа воситалар орқали бўладими, ҳамма ўз таклифларини берди, фикрини айтди.
Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтмоқчиман. Президентимиз нима учун бу Конституция халқчил бўлсин, “халқ Конституцияси” бўлсин, дея жон куйдирди? Боиси, у ҳоким бўлиб ишлаганида ҳам, Бош вазир лавозимида фаолият юритганида ҳам доимо халқ ичида юрди. Халқ дардини билди, қайғусига, ташвишига шерик бўлди.
Бугун оддий одамларнинг муаммоларига ечим топиш замони келган. Мана шу эзгу ишларнинг бош асоси ва ҳуқуқий замини янги таҳрирдаги Конституциямиз даражасида мустаҳкамлангани боиси ҳам шу аслида.
Фикримизни, касбимиз нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда, баъзи мисоллар билан асослайлик. Янги таҳрирдаги Конституциямиздан жуда халқчил масалалар ўрин олган. Шулардан бири – шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар масаласи.
Тўғри, бу илгари ҳам бўлган, лекин мукаммал ва халқчил эмас эди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда “Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас”, деб белгилаб қўйилди.
Мана шу норманинг ўзиёқ фуқаролар шахсий ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш борасида катта ютуққа эришганимизни кўрсатади. Бунинг моҳиятини билиш учун олдинги тизимга қайтамиз. Илгари терговга жалб этилган гумондор ўз айбини бўйнига олса, шунинг ўзи кўпинча фуқарони айбли деб топиш учун учун етарли ҳисобланарди.
Ҳеч ким билмасдики, у бу айбни қандай шароитда бўйнига олди. Терговда бор ёки йўқ айбини бўйнига олиши учун тазйиқ ўтказилдими, таҳдид қилиндими, унчалик эътиборга олинмасди.
Энди бундай бўлмайди. Янги таҳрирдаги Конституциямизга кўра, эндиликда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Ҳатто, эътибор беринг, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги ҳам белгилаб қўйилди. Яъни, айтайлик, бир фуқаро терговда ё судда ўз айбини тан олди, лекин бу асос унга нисбатан ҳукм чиқаришга йўл бермайди. Шундай тақдирда ҳам унинг айбини бошқа инкор қилиб бўлмайдиган далиллар билан исботлаш керак бўлади.
Бунинг замирида жуда катта ҳаётий ютуқ борлигини, бир инсон тақдири, унинг ортидаги фарзандлар, ота-она ёки қариндошлар тинчлиги, хотиржамлиги, фаровонлиги мана шу норма асосида ҳам таъминланганини кенг мушоҳада қилиб кўрган киши дарҳол англаб етади.
Яна бир муҳим жиҳат бор. Бу – суд ҳукмида Конституцияни ҳам тўғридан-тўғри қўллаш масаласи.
Масалан, фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқи. Илгари ҳомиладор аёллар ишга қайтса, “ўрнингизга бошқа кишини олдик”, дея ишдан ноҳақ бўшатиш ҳолатлари ҳам кўп учрарди.
Энди ҳеч бир иш берувчи бунақа қилолмайди. Аёлларимиз туғруқ таътилидан кейин яна ўз иш ўрнига ҳеч хавотирсиз қайтиб келади. Чунки Бош қонунимизда “Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади”, дейилган.
Иш берувчи бу каби аёлларни ишга қабул қилишдан бўйин товласа ёки иш ҳақини ноҳақ камайтирса, суд уни Конституция нормасини бузганликда айблаб, жазолаши мумкин бўлади.
Конституциявий ўзгаришлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Лекин ҳозир Президентимиз билан 2017 йилдаги ўша тарихий учрашувни эслаб, яна бир муҳим гап хотирамда жонланди.
Давлатимиз раҳбари ўшанда ким бўлишидан қатъи назар, ўзимизнинг фуқароларми, хорижлик фуқароми, суд идораларига кирган киши, адолат ва ҳақиқат бор экан, деб чиқиб кетиши керак, деган маънода гапирган эди.
Бугун шундай бўляптими? Бўляпти. Келинг, шу ҳақда ҳам бир оғиз гапирсак.
Президентимиз судлар олдига тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларга ҳар жиҳатдан ёрдам кўрсатиш масаласини ҳам қўйган эди.
Янги Ўзбекистон бугун ҳар жиҳатдан инвесторлар учун жозибадор мамлакатга айланди. Инвесторларни ҳимоя қиладиган қонунчилик базаси шаклланди. Бунинг самарасида мамлакатимизга кириб келаётган инвесторлар оқими кўпайди. Улар бизда катта-катта заводлар, фабрикалар қура бошлади. Бугун бу корхоналарда минглаб юртдошларимиз меҳнат қилмоқда.
Таҳлил қилиб кўрсак, инвесторлар бизга тараққиёт асосини олиб киради. Шунинг билан бирга, мамлакатимизда бунёд этган иншоотларини, завод-фабрикаларини кейин ўзи билан олиб кетмайди-ку. Улар бизда қолади. Демак, аввало, халқимиз манфаатдор бўлади.
Шунинг учун ҳам янги таҳрирдаги Конституциямизда жамиятимизнинг иқтисодий негизи сифатида қатор муҳим нормалар акс эттирилди. Давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаши, тадбиркорлар қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақли экани, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланиши шулар жумласидандир.
Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямиз асосида барча соҳалар ривожланиши, ҳар ким ўзига берилган конституцивий мажбуриятларини виждонан бажариб, ҳуқуқларидан тўла-тўкис фойдаланиши, миллий давлатчилигимиз такомиллашиши учун мустаҳкам замин яратилди.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Биз Конституциямизни тўлиқ билишимиз керак. Бунинг учун Конституцияда акс этган нормаларни нафақат жамоатчилик билан бирга, балки ҳар бир оила даврасида ўқиб-ўрганиш айни муддао бўлар эди.
Шундагина Бош қонунимиз ҳар томонлама мукаммал ва халқчил Конституцияга айланишига ҳисса қўшган бўламиз. Шундагина уни ҳаётга тўғридан-тўғри татбиқ этиш учун замин яратамиз.
Агар конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятларимизни мукаммал даражада билиб, унга амал қилсак, адолат ва ҳақиқат ҳеч қачон бузилмайди.
Бугун ҳаётимизда таҳлиллар ва таққослар кўп. Ҳар бир кунимиз яхши янгилик билан тўла. Бу ҳам бежиз эмас. Боиси, ислоҳотлар тўхтаб қолмаяпти, аксинча, жадал давом этаяпти.
Янги Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтириш борасида амалга оширилаётган катта ислоҳотлар ва уларнинг ҳуқуқий асослари ҳақида гапирганда, бу каби олижаноб мақсад замирида “Инсон – жамият – давлат” деган буюк ғоянинг ҳаётий ифодасини кўрамиз.
Мана шунинг учун ҳам халқимиз ўз Президенти – Шавкат Мирзиёевга комил ишонч билан овоз берди. Бу келгусида янги тараққиётга замин яратиш йўлидаги буюк ишонч руҳидан дарак беради. Мана шунинг учун ҳам биз давлатимиз раҳбари бошчилигида танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизга ва мақсадларимиз, албатта, рўёбга чиқишига ишонамиз.
Убайдулла МИНГБОЕВ,
Ўзбекистон судьялари ассоциацияси раиси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.