Ташрифдан кўзланган асосий мақсад корхоналар фаолияти билан жойларда яқиндан танишиш, ҳудудий инвестиция дастурини ўз вақтида амалга ошириш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ўрганишдан иборат.

Маълумот учун: Сирдарё вилоятида йил бошидан буён қиймати 120,4 миллион долларлик 299 та лойиҳалар ишга туширилди ва натижада 4 973 та янги иш ўринлари яратилди. Бугунги кунда вилоятда 2 279 та саноат корхоналари мавжуд. 2023 йилда вилоятда 13,7 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва ўтган йилга нисбатан 110,8 фоиз (2022 йилда 12,2 триллион сўм) ўсишни ташкил этиши режалаштирилган.

Ташриф иш дастурига мувофиқ, Сирдарё, Гулистон, Мирзаобод, Ховос туманлари ҳамда Гулистон ва Янгиер шаҳарларидаги корхоналарга борилди.

Хусусан, “Peng Sheng” компанияси томонидан чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасининг амалга оширилиши, полипропилен қоп ва стрейч пленка ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Сирдарё mega lyuks” ва “World of Techno” корхоналари, шунингдек, замонавий автомобильm ишлаб чиқарувчи “Аsaka motors” корхонаси, дори маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Omonmedpharm”, қурилиш ип-калава ишлаб чиқарувчи “Mili teks Сирдарё” ва “Гулистон Gold Yarn”, тикув трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Elegant fiber textile”, қуввати 220 МВт бўлган “Cengiz Enerji San. ve Tik. Ink.» электр станцияси фаолияти ўрганилди.

Ташриф доирасида тадбиркорлар билан ўтказилган суҳбатлар давомида улар вилоятда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича ўз муаммо ва таклифлари билан ўртоқлашди. Ҳар бир кўтарилган масала бўйича ечим йўллари, жумладан, тизимли муаммоларга комплекс ёндашувни назарда тутувчи алгоритмлар ишлаб чиқилди, аниқ муддатлар ва масъул ижрочилар белгилаб олинди.

Ташриф якунида масъул раҳбарларга тадбиркорларни ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланиб, вилоятнинг саноат ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.