У ерда бизни эътиборимизни тортган энг муҳим ҳолатлардан бири ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларига рақамли технологияларнинг, ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларининг кенг миқёсда жорий қилинганлиги бўлганди. Бу эса соҳаларнинг энг муҳим ва ҳал қилувчи нуқталарига инсон омилининг айрим салбий таъсирларини камайтиришга, ҳаттоки бутунлай бартараф этилишига олиб келмоқда экан.
Бугун юртимизда Жанубий Корея ва бошқа бир қатор ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилиб, уларни мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг барча соҳаларига жорий қилиб борилмоқда. Асосий мақсад эса аҳолининг, одамларимизнинг оғирини енгил қилиш, истеъмолчиларга қўшимча қулайликлар яратишдан иборатлиги барчамизга аён, албатта.
Юқоридаги ишларнинг узвий давоми сифатида, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан юртимиз истеъмолчиларига қулайликлар яратиш, уларнинг қимматли вақтини тежаш мақсадида, шунингдек Федерация ҳамда вазирлик ўртасида 2018 йил 25 апрелда имзоланган меморандум доирасида “ОБОД ҲУДУД” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, мазкур янгилик ҳаётга кенг жорий қилиниши арафасида турибди.
Лойиҳага кўра, истеъмолчиларга ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли рўёбга чиқара олишлари ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича вазирлик ваколатига кирувчи масалаларда юқоридаги ном остида барча фойдаланиши мумкин бўлган мобил илова ишлаб чиқилаётганлиги диққатга сазовордир.
Истеъмолчи мазкур иловани ўз уяли телефонига ўрнатиб, унда тегишли тартибда рўйхатда ўтиш воситасида коммунал масалалардаги мурожаат (ариза, шикоят, таклиф)ларини юбориши мумкин бўлади. Истеъмолчи юборилган мурожаат ва унда кўтарилган масалаларни ечимини топиши бўйича олиб борилаётган ишларни онлайн режимда кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.
Федерация, ўз навбатида, шу кунларда мазкур иловани янада мукаммаллаштириш ва аҳоли учун янада қулай бўлиши борасида билдирилаётган талаб ва таклифларни ҳам инобатга олган ҳолда, ишлар тўлиқ ниҳоясига етказилгач, иловани истеъмолчиларнинг кенг доираси учун тавсия этади.
Иномжон ТАГАЕВ,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси ўринбосари