Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда Ж.Ортиқхўжаев меҳмонларга ташриф учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон-Италия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигига 30 йил тўлганини мамнуният билан қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистон билан Италия ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, хусусан, Тошкент шаҳрига ҳам қизиқиш ортаётганлиги, ҳозирги кунда пойтахтимизда Италия давлати билан ҳамкорликда 19 та қўшма корхона фаолият юритаётганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Агостино Пинна Тошкент билан ўзаро манфаатли алоқаларнинг ривожланиш истиқболларига юқори баҳо бериб, ўзаро товар айланмасининг йиллик миқдори ҳам тобора ўсиб бораётгани, пойтахтимиздаги италиялик тадбиркорлар сони кўпаяётганини айтиб, Ж. Ортиқхўжаевни “EXPO-2030” Бутунжаҳон кўргазмасини Рим шаҳрида ўтказиш ғоясининг тарғиботи доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган Ромео Орланди билан таништирди.

Ромео Орланди дастлаб Тошкентга 2000 йилларда келгани ва бу галги ташрифи чоғида шаҳримиз қиёфаси тубдан ўзгарганининг гувоҳи бўлганини, иқтисодчи сифатида бу ўзгаришларга ижобий баҳо беришини, ҳозирги пайтда пойтахтимизда амалга оширилаётган йирик лойиҳаларда италиялик инвесторлар иштирок этаётганлигидан мамнунлигини билдирди. Шунингдек, Рим шаҳри Пусан, Одесса ҳамда Эр-Риёд шаҳарлари билан бир қаторда “EXPO-2030” Бутунжаҳон кўргазмасини ўтказишга номзод эканини таъкидлаб, Тошкент ҳокимини уч минг йиллик тарихга эга Рим шаҳрига таклиф қилди.

Ж. Ортиқхўжаев таклиф учун алоҳида миннатдорчилик билдириб, Рим шаҳри билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга доимо тайёр эканлигини маълум қилди.