Тутинган оила махсус сертификатга эга 30 ёшга тўлган одамлар томонидан ташкил этилиб, унга 3-5 нафаргача болалар қабул қилинади.

Ихтисослашган 160 та таълим муассасасида босқичма-босқич “ғамхўрлик” гуруҳлари ташкил қилинади. Яъни, оғир касаллиги бор болаларга шу гуруҳларда қараш орқали, ота-оналарига ишлаши учун шароит яратиб берилади.

Ота-онасидан айрилган ёшларни ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши учун кўмаклашиш тизими ҳам ўзгаради. Эндиликда “Ёшларга ҳамроҳлик” дастури асосида бундай ёшларни қўллаб-қувватлаш 23 ёшгача этиб белгиланади (ҳозирда 18 ёш).

Йиғилишда Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ишини ўзгартириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу марказларни тарбияси оғир болаларнинг муаммолари билан ишлаб, уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича комплекс ижтимоий хизмат кўрсатадиган масканга айлантириш лозимлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга бундай марказларни “Ҳаёт мактаби” сифатида қайта ташкил этиш топширилди.