Мамлакатимизда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, ҳар бир йўналишни илмий асосда ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида барча соҳа ва тармоқларда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Буни биргина шоличиликдаги янгиланишлар, қўлга киритилаётган ютуқлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Дон маҳсулотлари, айниқса, шоли нафақат зарур озиқ-овқат маҳсулоти, балки инсон организмининг углевод ва оқсилларга бўлган талабини қондириш манбаи, шунингдек, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик каби соҳаларнинг асосий озуқаси ҳамдир. Асосийси, гуруч инсон организмида бошқа озуқа моддаларига нисбатан енгил ҳазм бўлиши, таркиби витамин ва фосфорорганик бирикмаларга бойлиги жиҳатидан турдошларидан ажралиб туради.
Айни шу жиҳатлар, қолаверса, юртимизнинг географик жойлашуви, тупроқ-иқлим шароити шоли етиштириш учун қулай бўлгани боис заминимизда қадимдан шоли етиштириб келинган ҳамда аҳоли таомномасидан гуручли овқатлар муқим ўрин олган.
Гап гуручли таомлар ҳақида кетганида, биргина миллий таом – паловнинг шуҳрати, уни юртдошларимиз нақадар севиб истеъмол қилиши ва, асосийси, дунё бўйлаб танилганини мисол сифатида келтириш кифоя.
Милоддан аввал ҳам Марказий Осиё минтақасида шоли етиштирилганини тарихий маълумотлар тасдиқлайди. Ўзбекистон заминида қадимдан суғорма деҳқончилик тараққий этган. Ўша даврлардан бери унумдор дарё ўзанлари бўйлаб шоли етиштириб келинмоқда. Ўзбекистон илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви ҳужжатларида қайд этилган маълумотларга кўра, шоли майдонлари умумий шароитга қараб турли йилларда кенгайган ва ёки аксинча, қисқарган.
Хусусан, Ўзбекистонда 1900-1913 йилларда 186,9 – 203,4 минг гектар майдонга шоли экилган. Шундан 40-50 минг гектари Фарғона водийсида, унинг асосий қисми эса Андижон вилоятида экилган. Пахта яккаҳокимлигига ўтилиши муносабати билан 1931 йилдан шоли майдонлари кескин қисқара бошлаган. Жумладан, ўша йили шолизорлар 68,3 минг гектарга, 1960 йилга келиб эса 25 минг гектарга туширилган.
Айни пайтда энг катта шоли майдонлари Хоразм вилояти (32 минг гектар) ва Қорақалпоғистон Республикасида (26 минг гектар) жойлашган бўлса, тарихий ҳужжатларнинг тасдиқлашича, ўша даврда шоли бу ҳудудларда кичик майдонларга экилган.
Ҳозир дунёнинг юздан зиёд давлатида 150 миллион гектарда мазкур экин парваришланади. Эътиборли жиҳати, етиштириладиган жами шоли ҳосилининг 92 фоизи Осиё минтақасига тўғри келади. Қитъадошларимизнинг 90 фоизи учун гуруч асосий озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланади.
Янги технология харажатларни 25-30 фоиз қисқартиради
Дунёда шолининг 95 фоизи кўчат усулида экилади. Мамлакатимизда эса шолининг асосий қисми анъанавий усулда парваришланади. Яъни, шоли уруғи ерга қадалганидан пишиб етилгунга қадар ернинг мелиоратив ҳолатига, механик таркибига ҳамда навига қараб 100-130 кун давомида сувга бостириб ҳосил олинади. Бу усулнинг кўчат қилиб экишга нисбатан бироз исрофгарчилик томонлари бор. Хусусан, мазкур усулда ҳар гектарига йиллик сув сарфи ўртача 20-24 минг метр кубни ташкил қилгани ҳолда сувнинг 30-40 фоизигина ҳосил пишиб етилиши давомида ўзлаштирилади, холос. Қолган қисми эса парланади ёки тупроққа шимилиб кетади. Бу шунча сув беҳуда сарфланади, исроф бўлади, дегани.
Шолипояларда узоқ муддат сув ушлаб турилиши сизот сув режими бузилишига олиб келади. Натижада ер ости грунт сувлари кўтарилиб, шоли майдонларида шўрланиш, ботқоқланиш ва қайта шўрланиш жараёнлари юзага келади. Қолаверса, бостириб суғоришда минерал ўғитларнинг 15-20 фоизи сув билан оқиб чиқиб кетади. Бегона ўтлар ўсиши ва кўпайиши туфайли ҳосил сифати пасаяди.
Шу боис, мамлакатимизда шоли етиштиришнинг самарали усулларини ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Хоразм воҳаси ҳамда Фарғона водийси вилоятлари деҳқонлари чекланган майдонларда шолини маҳаллий кўчат усулида тайёрлаб етиштирмоқда. Лекин бу экстенсив усул бўлиб, барча агротехник жараён, асосан, қўл кучи ёрдамида бажарилади. Бу эса, ўз навбатида, кўп машаққатли меҳнат талаб этади. Унинг энг оғир жараёни тайёр кўчатларни май ойи охирида асосий экин сифатида сувли шолипояларга қўлда экиш ҳисобланади.
Бу даврда шолипоялардаги сув ҳамда балчиқ ҳали нисбатан совуқ бўлади. Кўчатларни эса, асосан, ёш хотин-қизлар ва ўсмирлар экади. Табиийки, бу ҳолат уларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Яъни, оёқ-қўллар ва ички аъзоларда сурункали шамоллаш келтириб чиқариш эҳтимоли юқори.
Демак, бир томондан, гуруч ҳар доим керак, иккинчи томондан, шоли етиштириш жараёнида саломатлигимизни йўқотишимиз мумкин. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: шоли етиштиришдаги қийинчиликларга барҳам беришнинг имкони борми? Бу савол узоқ йиллар, ҳатто асрлар давомида жавобсиз қолиб келаётган эди.
Энди эса “ҳа, бор” деймиз! Гап шундаки, Шоличилик илмий-тадқиқот институти олимлари дунёнинг замонавий шоли етиштириш технологиясини яратишда илғорлардан бири ҳисобланган Жанубий Кореянинг KOPIA илмий ташкилоти билан ҳамкорликда шолини кўчат усулида етиштириш ҳамда бир майдондан йилига икки марта ҳосил олиш бўйича кенг қамровли илмий изланишлар олиб бормоқда.
Тадқиқотнинг асосий мақсади — замонавий инновацион технология асосида шоли кўчатини хоҳлаган муддатда тайёрлаш ҳамда махсус юқори унумли шоли экиш агрегатлари ёрдамида экиб, ҳосилдорликни 25-30 фоиз ошириш. Шунингдек, кўчат усулини қўллаб, шолизорда икки марта ҳосил етиштиришнинг илмий-амалий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда тажрибани фермерларга босқичма-босқич ўргатиш ҳисобланди. Бу борада кўплаб илмий тадқиқот олиб борилиб, ижобий натижаларга эришилди.
Корея қишлоқ хўжалигини ривожлантириш тараққиёт администрацияси раҳбари Квон Таек-Ён Шоличилик илмий-тадқиқот институтида ташкил этилган KOPIA шоличилик ҳамкорлик лабораторияси ҳамда минтақамизда ягона бўлган донли экинлар уруғларини сараловчи фото-сеператор комплекси фаолияти, у ерда ўтказилаётган тадқиқотлар билан яқиндан танишди. Жанубий кореялик ҳамкорлар Ўзбекистон шоличилигида олиб борилаётган илмий тадқиқотларни ижобий баҳолаб, ҳамкорлик лойиҳаси яна 4 йил давом эттирилиши ҳамда лойиҳа KOPIA маркази томонидан молиялаштирилишини маълум қилди.
Юқорида қайд этилган мақсад ва вазифаларни самарали амалга ошириш учун Андижон вилояти танланди. Бунда ушбу вилоятда Шоличилик институтининг мактаби бу борада фаол тадқиқотлар олиб бораётгани ҳам қўл келди.
Шу йил апрелда вилоятнинг Избоскан туманида ҳамкорлик доирасида белгиланган мақсад ва вазифаларга бағишланган семинар-тренинг ўтказилди. Семинарда шоли кўчатини марказлашган тартибда тайёрлаш жараёни тушунтирилиб, 30 кунлик кўчатлар далага бевосита махсус механизм ёрдамида экилди.
Мазкур кўчатларни экиш даври мобайнида ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетиб, шолипоядаги ҳарорат +10 даражани ташкил этди. Бундай ҳаво ҳароратида кўчатни қўлда экиш имконияти деярли йўқ ҳисобланади. Лекин кўчат экиш механизми ёрдамида самарали экиш мумкинлигига барча семинар иштирокчилари ишонч ҳосил қилди.
15 июнь куни эса биринчи экилган шолини рўваклаш фазасида ярим йиллик фаолиятни баҳолаш бўйича семинар бўлиб ўтди. Бунда шоликор фермерлар, олим ва мутахассислар ҳамда Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги KOPIA маркази ходимлари иштирок этди.
Шоличилик соҳасида илмий ёндашувлар
Хорижлик ҳамда маҳаллий олимларнинг умумий хулосасига кўра, маҳаллий фермерларда шолини кўчат усулида етиштириш, айниқса, Фарғона водийси вилоятларида бир гектар майдондан икки марта ҳосил олишга қизиқиш юқори. Негаки, семинарларда шу йўналишдаги фермер ва агрокластерлар вакилларига нафақат янги технологияни қўллаш, балки унинг иқтисодий самарадорлиги бўйича ҳам зарур маълумотлар берилди.
Жумладан, шолини кўчатлаб экиш ҳисобига юқори ҳосил етиштириш мумкин. Бунда 40 кун давомида шоли махсус кичик ҳажмдаги майдончада кўчат қилиб тайёрланиб, кейин асосий далага экилиши натижасида анъанавий усулда бостириб суғориш учун қилинадиган катта сув сарфи ҳамда ўтоқ қилиш, кимёвий гербицидлар бериш каби энг зарур ишлар ва харажатлар ўз-ўзидан бартараф этилади.
Шолини кўчат қилиб экиш усулида ҳар гектар майдонда сувнинг йиллик меъёри 40, уруғлик шоли 60, кимёвий гербицидлар 50, минерал ўғитлар 25, меҳнат сарфи (механизмлар билан экилганда) 40, ёнилғи-мойлаш материаллари ва техника сарфи 30, электр энергияси сарфи 30 фоизгача тежалади. Шу билан бирга, шоли 25-30 кун эрта пишиб етилиши натижасида йиллик сув сарфи миқдори яна 10-15 фоизгача иқтисод қилинади. Ушбу жиҳатлардан келиб чиқиб, шоликорлар янги технологияни ўз фаолиятида қўллашга ҳар жиҳатдан тайёр эканини билдирди.
Умуман олганда, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, жумладан, шоличилик ривожига қаратилаётган эътибор натижасида кўчат усулида кенг миқёсда шоли етиштирилишига замин яратилди. Яқин йилларда бу усул кенг оммалашишига шубҳа йўқ.
Бундан ташқари, шоли етиштириш жараёнида сув, уруғлик, минерал ўғитлар, энергия каби ресурсларни иқтисод қилиш ҳамда ҳосилдорликни йилига икки марта шоли етиштириш ҳисобига гектаридан 10-11 тоннага ва ҳатто ундан юқори натижага эришишнинг назарий-амалий асослари ишлаб чиқилди.
Хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликдаги тадқиқотларнинг илк самараларидан бири ўлароқ, Избоскан туманидаги тажриба даласида 3 апрель куни экилган шоли пишди. Бу Ўзбекистон шароитида илк бор кузатилган воқеа сифатида алоҳида эътирофга лойиқдир.
Демак, лойиҳа бўйича иш бу билан тўхтаб қолмайди. 7-10 кун оралиғида ҳосилни ўриб-йиғиб олиб, иккинчи шоли ҳосилини етиштириш учун ерни сифатли тайёрлаш зарур. 30 кунлик парваришланган кўчатлар биринчи ҳосил ўримидан сўнг 1-2 кунда экиш механизими ёрдамида экиб тугалланади.
Қайд этиш зарурки, иккинчи шоли ҳосили учун бозорда талаб юқори бўлган маҳаллий, рақобатбардош арпа шоли турига мансуб тезпишар навлардан фойдаланиш тавсия этилади.
Умид қиламизки, юртимиз шоличилигидаги бу каби янгиланишлар, харажатларни камайтириш баробарида ҳосилдорликни оширувчи энг илғор усулларнинг амалиётга татбиқ этилаётгани глобал иқлим ўзгариши ҳамда кескин сув танқислиги шароитида ички бозорларимизнинг шоли маҳсулотларига талабини қондиришга хизмат қилади.
Маъсуджон САТТОРОВ,
Шоличилик илмий-тадқиқот институти директори,
ОХ СУНГ ЖОНГ,
Корея Республикасининг Ўзбекистондаги KOPIA
маркази директори