Жорий йил 28 май куни Президентимизнинг маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимлари, жумладан, бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш тўғрисидаги фармонлари қабул қилинди. 1 июнь куни давлатимиз раҳбари маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказди. Мазкур воқеалар том маънода янги Ўзбекистон ислоҳотларининг маънавий архитектурасини янада ёрқин кўрсатиб берди.
Дастлаб маданият, санъат ва адабиёт вакилларига давлат мукофотлари берилиши ҳақида гапирсак. Айни воқеликнинг маънавий аҳамияти ва ёшлар камолотидаги ўрни беқиёс. Бундай эътирофлар ижод аҳлига рағбат бахш этиб, янги ютуқларга руҳлантиради. Айниқса, ўзидан бебаҳо мерос қолдирган, сермазмун ҳаёти ва юксак инсоний фазилатлари билан эл-юрт хотирасидан ўчмас жой эгаллаган марҳум ижодкорларнинг мукофотланиши юксак ибрат намунасидир. Президентимизнинг инсонпарвар сиёсати натижасида анъана тусига кирган бундай олижаноб ёндашув янги Ўзбекистон чинакамига инсон қадр-қиммати улуғланадиган ижтимоий давлат эканини амалда исботламоқда.
Ижоднинг эътирофи ижодкорнинг ўзи
билан бирга яқинлари, авлодлари ва маҳалласидагиларга ҳам фахр бағишлайди.
Бунда катта маънавий рағбат бор. Айниқса, марҳум ижодкорларнинг мукофотланиши
бутун бошли сулолага ва унинг давомчиларига берилган эътироф ҳамдир.
Оила аъзолари ўз хонадонида
йиғилиб, бу воқеани фарзандлари ва набиралари билан хурсандчиликда нишонлаяпти.
Фотоальбомларни варақлаб, ўтган кунларни хотирлаяпти. Шу тариқа оилавий
анъаналар ривож топади, авлодлар орасида ҳамжиҳатлик кучаяди ва ўз илдизларига
боғлиқлик мустаҳкамланади.
Маданият ва санъат соҳаси
вакиллари билан учрашув кўп жиҳатдан тарихийдир. Давлатимиз раҳбари бу
мулоқотни “илҳом бериш куни” деб номлагани бежиз эмас. Дарҳақиқат, билдирилган
ташаббуслар ада-биёт, санъат ва маданият соҳаси вакилларига кучли илҳом
бағишлади.
Хусусан, ижодкорларни
рағбатлантириш ва ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим
жорий этилиши белгиланди. Театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик
ва миллий чолғу, тасви-рий ва амалий санъат каби 21 та йўналиш бўйича ижодий
бирлашмалар ташкил этиш, ҳар йили Миллий ижодкорлар қурултойини ўтказиш ва унда
йил давомида энг яхши натижа кўрсатган ижодкорларни муносиб тақдирлаш ташаббуси
янгради.
Мусиқа соҳасида янги асарлар
яратган, халқаро танловларда ғолиб бўлган ёки асарлари мамлакат ва халқаро
саҳналарда ижро этилаётган қўшиқчи, созанда ва композиторлар, адабиёт соҳасида
эса асарлари кенг эътироф этилган, катта ададда чоп этилган, театр ва кинода
саҳналаштирилган шоир, ёзувчи ва драматурглар рағбатлантирилади. Бундай
ижодкорларга йил давомида ҳар ойда 5 миллион сўмдан гонорар берилади. Улар
Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланади.
Учрашувда ижодкорларни ижтимоий
қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам қатор имтиёзлар эълон қилинди. Ҳар йили 1000 нафар
шоир ва ёзувчи, маданият ва санъат вакили, музей ходими ва рассомларга уй-жой
олиш учун ипотека кредити дастлабки тўловининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Маданият ва санъат соҳаси
вакиллари билан учрашув бир ҳақиқатни исботлади — янги Ўзбекистон том маънода
ижодкор қадр топаётган замин. Бугун қайси ижодкор билан суҳбатлашманг, ўз
ютуқлари, меҳнатига яраша рағбат топаётгани ҳақида жўшиб гапиради. “Замонимиз
келди. Ижод учун энг яхши вақт — ҳозир!” дейди улар тўлқинланиб.
Аслида ҳам шундай! Ватанимизда
ижод эркинлиги учун яратилаётган имкониятлар эътиборга молик. Дунёга боқайлик:
ҳамма мамлакатда ҳам ҳолат биздагидек эмас. Ҳамма давлатнинг раҳбари ҳам
ижодкорлар билан мулоқот қилмаяпти ва улар ҳақида қайғурмаяпти. Ҳатто
ривожланган давлатларда ҳам ижод эркинлиги борасида узоқ йиллик муаммоларни,
ижодий турғунликни кузатиш мумкин.
Айтмоқчи бўлганимиз —
Ўзбекистондаги ижод эркинлиги муҳити ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган воқелик ёки
тасодифий қарорлар ҳосиласи эмас. Бунга ижод аҳлини юракдан яхши кўрадиган,
уларни қадрлайдиган ва ижодкорнинг маънавий миссиясини теран англайдиган
Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли эришилмоқда.
Ижод эркинлиги — жамият драйвери
Франциялик файласуф, Нобель
мукофоти совриндори Альбер Камю “Эркинлик — инсон қадрининг асоси”, дейди.
Ёзувчининг бу нуқтаи назари ижод эркинлиги инсоннинг маънавий моҳияти билан
боғлиқ эканини кўрсатади. Эркинлик бўлмаса, ижод ҳам, шахс ҳам тўлиқ ривожлана
олмайди.
Ижод эркинлиги жамият ривожининг
асосий драйверларидан. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар бу эркинликнинг аҳамиятини
янада кучайтирди ва уни жамият тараққиётининг муҳим омили сифатида намоён
қилди. Тизимли ислоҳотлар натижасида жамиятда очиқлик ва фикрлар хилма-хиллигига
нисбатан муносабат сезиларли ўзгарди.
Мамлакатимизда ижод эркинлигини
таъминлаш борасидаги сиёсат моҳиятида бугунимиз ва эртамиз учун ҳал қилувчи
аҳамиятга эга улуғвор мақсадлар бор.
Биринчидан, ижод эркинлиги ҳар
қандай замонавий демократик жамиятнинг пойдевор принципларидан. У иқтисодий,
сиёсий ва маданий ривожланишга туртки беради. Тарихимиздаги Биринчи ва Иккинчи
Ренессанс мисолида бу ҳақиқатни кўришимиз мумкин. Бу даврларда халқимиз орасидан
етишиб чиққан буюк шахсларни айнан ижод эркинлиги майдонга олиб чиққан. Учинчи
Ренессанс пойдеворини яратишга интилаётган давлатимиз ҳам шу эзгу мақсадда ижод
эркинлиги учун кенг шароитлар яратмоқда.
Иккинчидан, ижод эркинлиги — янги
ғоялар ва хилма-хиллик манбаи. Ижод гуркираган муҳитда яратувчанлик бўлади.
Ижодкорлар том маънода жамиятга илғор фикрларни ташувчилардир.
Учинчидан, ижод қилиш ҳамманинг
ҳам қўлидан келавермайди. Яратган юқтирмаса, истеъдод бермаса, бирор асар
яратиш, ҳаттоки икки мисра ёзиш қийин. Ижодкорлар ноёб, хос одамлар. Шундай
экан, уларни жамиятнинг ўзига хос вакиллари сифатида ардоқлаш ва ҳурматини
жойига қўйиш лозим.
Тўртинчидан, ижодни қўллаб-қувватлаш
орқали жамиятни ҳаракатга келтириш мумкин. Одамлар ўз меҳнатига рағбатдан
ҳаракатга келади, уйғонади ва янгиликлар бунёд қилади. Ижод эркинлиги инсонни
шахс сифатида шакллантиради.
Бир сўз билан айтганда,
Президентимизнинг ижод эркинлиги соҳасидаги ислоҳотлари кўп қиррали ва тизимли
характерга эга. Улар аниқ мақсадларга таянган. Ҳуқуқий асослар, очиқлик
сиёсати, давлат қўллаб-қувватлови, таълим ислоҳотлари ўзаро уйғун ҳолда
ривожланмоқда. Бу жараёнлар натижасида жамиятда фикрлар хилма-хиллиги, ижодий фаоллик ва интеллектуал салоҳиятнинг ортиши
кузатилмоқда.
Тўқилмаган ҳикоялар
Ижтимоий тармоқларни кузата
туриб, баъзида бир фикр хаёлимга келади. Юртимиздаги сўз ва ижод эркинлиги,
бунинг учун яратилган шароитлар ҳақида кўп ўйламаётгандекмиз, кам
гапираётгандекмиз. Ижодкорларга қаратилаётган эътиборни табиий қабул қилишга
ўрганиб қолдик, кўп ҳам ҳайратга тушмаяпмиз.
Аслида, жамиятимиздаги эркин ижод
муҳитига осонлик билан эришилаётгани йўқ. Бунинг ортида кўп-кўп машаққатлар,
катта меҳнат ётибди. Узоққа бормайлик, яқин тарихимизда ҳам ижод эркинлигининг
чекланиши ва ижодкорларнинг норасмий қора рўйхатларга солинишига доир кўплаб
ҳолатларга гувоҳ бўлдик.
Бунга мисоллар етарли.
I
1998 йил. Зоминга устоз
ижодкорлар билан бордик. Ёш ижодкорларнинг республика семинари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф бир пайт ҳаяжонланиб шоира Ҳалима
Худойбердиевага “Юринг, опа, сизга бир жойни кўрсатиб келаман”, деб қолди. Биз
ҳам устозларга ҳамроҳ бўлиб машинада йўлга чиқдик.
Автоуловлар Зомин санаторийсига
яқин жойда тўхтади. Муҳаммад Юсуф Ҳалима опага қараб: “Опа, кўряпсизми? — деди
тоғдан тушаётган шаршарага ишора қилиб. — Сиз шу шаршарага ўхшайсиз. Мен шу
шаршарага Ҳалима Худойбердиева деб ном қўйдим. Сиз шундай бағрикенг, дилбар
шоирасиз. Овозини эшитяпсизми? Сизнинг шеърларингизда шундай оҳанг бор, руҳ
бор. Шаршаранинг улуғворлиги узоқдан яхши кўринади”.
Ўшанда Ҳалима опа “Раҳмат, Муҳаммаджон”
деб кулиб қўйди. Лекин ғамгин эди. Биз, ёш ижодкорлар билиб турардик — Муҳаммад
Юсуфнинг бу лутфи аслида ўша кезлари норасмий тақиқда юрган устоз шоиранинг
кўнглини кўтариш учун атайин қилинган ҳаракат эди.
Кейинчалик ҳам д а в р а л а р д
а , ўзаро суҳбатларда кўп бора гувоҳ бўлдик — устоз шоиранинг узоқ йиллар
чеҳраси ва қалби ёришмади...
Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима
Худойбердиева янги даврда — катта танаффусдан кейин норасмий тақиқдан халос
бўлди. У 2017 йилда Президентимиз фармонига кўра “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан
тақдирланди. Устоз ижодкор ўзи орзулаган кунларни, элу юртнинг олдида юзи ёруғ
бўлганини оз бўлса-да кўрди.
Бугун Гулистон шаҳрида Ҳалима
Худойбердиева номидаги, Андижон шаҳрида эса Муҳаммад Юсуф номидаги ижод
мактаблари фаолият юритмоқда. Бу ўқув даргоҳларида юзлаб янги истеъдод эгалари
камолга етмоқда.
II
1999 йил сентябрида Ўзбекистон
миллий университетининг журналистика факультетига ўқишга қабул қилиндим. Омадни
қарангки, бир вақтнинг ўзида “Ўзбекистон овози” газетасида мусаҳҳиҳ бўлиб ишлай
бошладим. Таҳририят машҳур “Матбуотчилар уйи”нинг 3-қаватида жойлашган эди. Шу
қаватда яна бир “идора” — Ўзбекистон матбуот қўмитасининг махсус бошқармаси
(адашмасам, УзЛИТ дейиларди) иш юритарди. Вазифам тақозосига кўра газета нашрга
тайёрланаётган кунлари шу “бошқарма”да кўп вақтим ўтарди. Таҳририятда кўрилган
саҳифаларни кетма-кетликда ўқиш учун шу “идора”нинг ходимларига олиб борар
эдим. Улар ўқиб, рухсат бергач, саҳифани олиб кетардим. Қандайдир тузатиш
бўлса, ўшани тузатардик. Бу идора рухсат бермаган мақола, шеър, ҳикоя, китоб,
қўйингки, ҳеч нарса нашр этилмасди. Ҳатто шоирларнинг шеърларидаги мисралар,
сўзлар, сарлавҳаларга ҳам эътирозлар билдириларди. Қайсидир сатри
ўзгартирилгани учун жиғибийрон бўлган шоирларни кўп кўрганман. Расмлар ҳам
кучли назоратдан ўтказиларди. Бу ҳақиқий цензура органи эди. Ўша кезлари расман
цензура йўқ дейилса-да, ёнгинамизда — қўшни хонада шундай назоратчи ходимлар
ишларди.
Ўша хоналарда жуда кўп
газета-журналларнинг бош муҳаррирларини — биз, талабалар учун ҳақиқий “кумир”
бўлган устоз журналистларни асабий ҳолда учратганман. Улар одатда рухсат
берилмаган қайсидир мақола ёки тузатиш бўйича ўз фикрини билдириш, баҳслашиш
учун келарди. Хуршид Дўстмуҳаммад, Аҳмаджон Мелибоев, Азим Суюн, Сафар Остонов,
Исмат Хушев каби устоз журналистларнинг “бошқарма” ходимлари билан
баҳслашганига кўп гувоҳ бўлганман. Бундай баҳслар аксарият ҳолларда “идора”
ходимларининг ғалабаси билан якунланарди. Чунки ўшанда уларнинг айтгани айтган
эди.
Ҳозир бундай тузилмалар йўқ.
Таҳририятлар чинакамига мустақил. Ўзлари хоҳлаган мавзуни ўзлари хоҳлагандек
ёритмоқда. Уларнинг фаолиятига нисбатан ташқи босимлар ва асоссиз аралашувлар
мавжуд эмас. Қонун доирасида ишлаётган журналист қонуннинг доимий ҳимоясида.
III
Ўзбекнинг истеъдодли шоирларидан
бири Йўлдош Эшбек ҳам узоқ йиллар норасмий тақиқда юрди. Китоблари анча вақт
нашр этилмади, шеърлари матбуотда ҳам босилмади. Хорижга чиқишига чеклов
қўйилди. Ўша йилларда телевидениеда ҳам чиқишлар қилмади.
Уч-тўрт йил олдин Ёшлар ишлари
агентлигида ўтказилган бир тадбирда устоз шоир ўша даврларни эслаб, кўзида ёш
билан гапирди. “Уйда набираларим билан овора бўлиб ўтирганимда телевидение
экранидан ижодкор дўстларим кўриниб қолади. Шеър ўқийди ёки фикр билдиради.
Шунда набираларимга мақтаниб, “Бу шоир менинг яқин дўстим бўлади. Бирга
университетда ўқиганмиз. Бирга нашриётда ишлаганмиз”, дейман. Шунда набирам
мендан сўрайди: “Бобо, сиз ҳам шоирмисиз? Унда сиз нега телевизорга
чиқмайсиз?”. Нима дейишимни билмай, каловланиб қоламан. Болага ёлғон гапириб
бўлмайди-ку! Лекин унга ростини ҳам қандай айтаман?! Билсангиз, бу жуда оғир
бўларкан. Узоқ йиллар “Мен шоирман”, деб набираларимга баралла айта олмадим.
Ўксиб, ўксиниб яшадим. Ҳеч ким даврасига таклиф қилмай қўйди. Бир замонлар бўлди:
кўпчилик ижодкорлардан ўзини олиб қочди. Бу кунларни ҳеч бир ижодкор укамга
тиламайман”, деганди ўшанда алам билан шоир.
Йўлдош Эшбек бугун эмин-эркин
ижод қилмоқда. Жўшиб шеърлар ўқимоқда. Давраларда қўр тўкиб ўтирибди. Шоир интервьюларидан
бирида “XX аср мени тан олмади, лекин XXI асрга раҳмат!” дегани эътиборга
молик.
Яқинда атоқли шоиримизга
Президентимиз 3 хонали уй совға қилди. Даврларнинг фарқини кўряпсизми?!
IV
2016 йил ноябрь ойи эди. Куни
эсимда йўқ. Зиёлилар Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов билан
видолашиш ва марҳумни сўнгги йўлга кузатиш учун йиғилган.
Ўша кунларда Президентликка
сайловлар кечаётган ўта долзарб палла эди. Видолашув маросимида йиғилган
кўпчилик тиғиз давр бўлишига қарамай, Шавкат Мирзиёевнинг вақт топиб, шоирни
сўнгги манзилга кузатишга келганини ва марҳум устоз шоирнинг майитини АҚШдан
олиб келишга шахсан ўзи бош-қош бўлганини айтарди. Ижодкорлар давлатимиз
раҳбари ҳақида бошқача самимият билан сўзлар, худди “ўзининг одами”дек қабул
қиларди. Ҳарқалай мен ўша кунги суҳбатларда шуни юракдан ҳис қил-ганман.
Таомилга кўра, дастлаб устоз
шоирнинг уйига кириб, яқинларидан кўнгил сўраб, сабр тилаган бўлдик. Одам
кўплиги учун уйдан то видолашув манзилигача йўлакдан икки-уч қатор бўлиб юриш
лозим эди. Қарасам, ёнгинамда буюк ҳофиз Шерали Жўраев юриб боряпти. Ҳаммамиз
каби ғамга чўмган, кайфиятсиз ва чеҳраси сўлғин эди. Дарвозанинг рўпарасида
давлатимиз раҳбари турган эди. Марҳумнинг хонадонидан чиқиб, “Дўрмон” ижод
уйига қараб йўналдик. Мендан олдинроқда буюк ҳофиз ҳорғин юриб борарди.
Чамаси 20 қадам юрганидан кейин
Шерали Жўраев бирдан орқага — Президентимизга қаради. Бу умидвор нигоҳ кўз
олдимда мангуга муҳрланиб қолган. Аниқ эсимда — ҳофизнинг нигоҳида ёруғ кунлар
келганидан умидворлик, ўзи кутган ёқимли хабарга энтикиш бор эди. Узоқ йиллик
тақиқдан ҳориган, катта саҳналарни соғинган ва мухлислар олқишининг хумори
тутган ғамгин нигоҳ эди у...
Ҳофиз ўзи куйлаганидек, “Замон,
замон, бизнинг замон, даврон бизники”, деяётгандек эди бу нигоҳлар...
Орадан бир оз муддат ўтиб, Шерали
Жўраев катта саҳнага қайтди. Ҳофиз 2018 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ва
2022 йилда эса “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланди.
Ҳа, Шавкат Мирзиёевнинг Президентликка
сайланиши жуда кўп инсонларга, ўз вақтида ҳар хил важлар билан норасмий тақиқ
қўйилган юзлаб истеъдод эгаларига умид ва ҳаёт бахш этгани рост. Бу умидлар тез
рўёбга чиқди. 2017 йилдан кейинги даврда норасмий тақиқда бўлган ва жамият
эътиборидан четда қолган қанчадан-қанча шундай истеъдод эгалари саҳналарга,
телеэфирларга ва ижодга қайтди.
* * *
Булар — ўзим бевосита гувоҳ
бўлган жараёнлар. Ушбу воқеликлар юртимизда ижод эркинлиги ўз-ўзидан пайдо
бўлиб қолмагани, “осмондан чалпакдек ёғилган” ҳодиса эмаслигини, бугунги
кунларга аёвсиз ку-рашлар билан етиб келганимизни ёрқинроқ ифодалайди.
Жамиятни ўзгартирган ислоҳотлар
Ўзбекистонда ижод эркинлиги учун
яратилган шароитлар Президентимизнинг нафақат халқпарвар сиёсати, балки
шахсияти билан ҳам боғлиқ. Давлатимиз етакчиси маданият, санъат ва адабиётнинг
чинакам мухлиси эканини кўп бора таъкидлаган. У ҳали ҳудудларда ишлаган
кезлардаёқ кўп хайрли ишлари овоза бўлган. Масалан, Жиззах вилоятида ишлаган
даврида — 1997 йили Зомин республика ёш ижодкорлар семинарига асос солган.
Менга ҳам мана шу тарихий семинарда иштирок этиш бахти насиб этган. Ўшанда
Президентимизнинг устоз ижодкорлар билан самимий мулоқотига, адабиётга ва
ижодга юксак меҳрига гувоҳ бўлганмиз.
Биргина шу семинар орқали юзлаб
истеъдод эгалари кашф этилди ва катта адабиётга қадам қўйди. Шунинг ўзиёқ ўзбек
адабиёти тараққиётига қўшилган бемисл ҳиссадир!
2017 йилдан кейин Ўзбекистонда
давлат бошқарувида янги босқич бошланди. Бу босқичнинг энг муҳим хусусияти
жамиятни очиш, давлат ва фуқаро ўртасида мулоқотни кучайтириш ва ижтимоий фикрга
нисбатан муносабатни ўзгартириш бўлди. Бу сиёсат ижод эркинлигига бевосита
таъсир қилди. Чунки жамоатчилик муҳокамалари кенгайди, ижодий имкониятлар ортиб
борди.
Мамлакатимиз етакчисининг 2017
йил 3 августда ижодкор зиёлилар билан ўтказган учрашувида кун тартибидаги
долзарб масалалар ва муаммолар очиқ-ойдин муҳокама қилинди. Маданият, санъат ва
адабиётни ривожлантиришга доир устувор вазифалар белгиланиб, ижодкорларни ҳам
маънан, ҳам молиявий қўллаб-қувватлашга доир қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Давлат ижод ва ижодкорлар учун доимий ғамхўрликни, жамиятда ижод эркинлигини
таъминлашни ўз зиммасига олди. Шу асосда янги Ўзбекистонда ижод эркинлиги учун
— ёзувчилар, журналистлар, блогерлар, санъаткорлар ва мустақил тадқиқотчилар
фаолияти учун янги институционал ва ҳуқуқий муҳит шакллана бошлади.
2017 йилдан кейинги даврда маданий-маърифий
соҳани ислоҳ қилиш, ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш, оммавий ахборот воситалари ва
ижтимоий фикр эркинлигини кенгайтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар
кўрилди. Бу жараён “инсон қадри”, “очиқлик”, “адолатли жамият” ва “эркин
фуқаролик муҳити” каби ғоялар билан узвий боғланди.
Ижодкорлар учун моддий ва институционал
қўллаб-қувватлов ҳам муҳим. Шу мақсадда адабиёт, театр, кино, мусиқа ва
тасвирий санъат соҳаларида турли грантлар, танловлар ва ижодий лойиҳалар амалга
оширилмоқда. Ижодий ташкилотлар фаолиятига ҳар жиҳатдан кўмак берилмоқда.
“Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси” ва “Илҳом” жамоат
фондининг ташкил этилиши айни шу соҳадаги вазифаларни самарали ҳал этишга
қаратилган.
Маданият ва санъат соҳаси
вакиллари билан куни кеча ўтказилган учрашувда ҳам бу борада янги ташаббуслар
илгари сурилди. Хусусан, ҳар йили 100 нафар ёш давлат ҳисобидан хорижий
маданият ва санъат муассасаларида таълим олишга юборилади. Ёш истеъдод
эгаларини аниқлаш, продюсерлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида
“Ижодга инвестиция” жамғармаси ташкил этилиб, унга йилига 200 миллиард сўм
ажратилади.
Ижод эркинлигини таъминлашнинг
муҳим омилларидан бири таълим ва интеллектуал муҳитни ривожлантиришга
қаратилган ислоҳотлар бўлди. Айни вақтда юртимиздаги 326 та мусиқа ва санъат,
29 та ихтисослашган мактабда 95 минг ўғил-қиз таълим олмоқда. Президент
мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари
фаолиятининг кенгайиши мамлакатда мустақил фикрлайдиган, таҳлил қила оладиган
ва ижодий ёндашувга эга янги интеллектуал авлодни шакллантиришга хизмат
қилмоқда. Айниқса, ижод мактаблари орқали ёшларда бадиий тафаккур ва мустақил
фикрлашни ри-вожлантириш мақсад қилинди.
* * *
Янги Ўзбекистонда ижод
эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар мамлакатнинг демократик
тараққиёти ва маънавий юксалишида муҳим ўрин тутмоқда. Бу жараёнда давлатимиз
раҳбарининг сиёсий иродаси ва маданий соҳани ривожлантиришга қаратилган
ташаббуслари муҳим омил бўлаётир.
Президентимиз бошқарувининг муҳим
хусусияти шундаки, давлат сиёсатида инсон манфаати ва маънавий тараққиёт
ўртасидаги уйғунликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Янги Ўзбекистон” ғояси
фақат иқтисодий модернизация эмас, балки эркин фикрлайдиган, ижод қиладиган ва
жамият ҳаётида фаол иштирок этадиган шахсни шакллантириш концепцияси сифатида
намоён бўлмоқда.
Ижод эркинлиги доимий равишда такомиллашувни
талаб қиладиган динамик жараён эканини эътиборга олсак, келгусида мазкур
ислоҳотларнинг самарадорлиги ҳуқуқий давлатчилик, фуқаролик жамияти ва
интеллектуал муҳит ривожи билан янада мустаҳкамланиши шубҳасиз.
Шуҳрат ОРИПОВ,
журналист