Янги таҳрирдаги Конституциямизни қабул қилиш учун ўтказилган референдумда мамлакат тақдирига дахлдор фаол фуқаролик позициясини намоён этган халқимиз Президент сайловида ҳам муносиб танловни амалга оширишига ишончимиз комил.

Демократик жараёнларнинг муҳим халқчил шакли ҳисобланган сайлов қонун талаблари доирасида ўтказилишини таъминлаш ва унда барча фуқароларнинг эмин-эркин, фаол иштирок этиб, холис овоз бериши учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, сайлов борасида ўтган йиллар давомида тўпланган миллий тажриба ва жаҳон ҳамжамияти тан олган сайловга оид ҳуқуқ нормалари шу йил 9 июль куни Президент сайловини муваффақиятли ўтказишга асос бўлади.

Моҳиятан, сайлов ҳар қандай сиёсий-ҳуқуқий тадбир ва демократик жараён сингари муайян ғоявий талаб ва қоидаларга таянади. Шу боис, сайловга оид халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ва миллий қонунчиликда уни ўтказишнинг асосий тамойилларига алоҳида эътибор қаратилади.

Сайлов ўтказишнинг асосий тамойиллари, деганда, аввало, шу соҳадаги муҳим ғоялар тушунилиб, улар сайловнинг асл моҳиятини, табиатини, бош мақсадини, ижтимоий мазмуни ва вазифасини очиб берувчи талаблардир. Бошқача айтганда, сайлов ҳуқуқи тамойиллари сайлов жараёнини ташкил қилиш ва ўтказиш билан боғлиқ бўлган устувор қоидалар йиғиндисидир. Шу нуқтаи назардан, сайлов тамойиллари, бир жиҳатдан, муҳим аҳамиятга эга қонунчилик, билим ва кўникмалар мажмуи асоси бўлса, иккинчи томондан, сайловга оид ҳар қандай хатти-ҳаракат, хулқ-атвор ва фаолиятнинг бошланғич қоидаси, негизи саналади.

ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари мавзуси нуфузли халқаро ташкилотлар жиддий шуғулланадиган масалага айланди. Бугунга келиб дунёда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, эркин, демократик, адолатли сайлов ташкил этиш ва ўтказиш соҳасининг ҳуқуқий қиёфасини акс эттирувчи 20 дан зиёд универсал халқаро ҳуқуқий ҳужжат ва стандарт ишлаб чиқилган. Ўз навбатида, халқаро умумэътироф этилган сайлов стандартлари қатор халқаро ҳужжатларда ифодасини топган. Улар сирасига Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Эркин ва адолатли сайловнинг мезонлари тўғрисидаги декларация ва ЕХҲТнинг Инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген кенгаши ҳужжатини киритиш мумкин.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳар бир инсон ирқи, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар, декларацияда эълон қилинган барча ҳуқуқ ва эркинликка эга бўлиши зарурлиги белгиланган. Шунингдек, халқ иродаси давлат ҳокимиятининг асоси бўлиши лозимлиги айтилган. Бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловда ўз аксини топиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз, Сайлов кодекси ва сайловга оид қонунчилик нормаларини ўрганиш асосида бугунги кунда Ўзбекистонда давлат ҳокимияти органларини демократик сайловлар орқали шакллантириш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва ҳуқуқий нормаларга тўлиқ мос келадиган миллий сайлов қонунчилиги яратилди, дейишга ҳар томонлама асослар бор.

Сайловнинг умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши, сайловда овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Шу боис, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишни таъминлаш, сайловни жамоатчилик ва халқаро кузатувчилар иштирокида очиқ ва ошкора ўтказиш механизмлари Ўзбекистон миллий сайлов тизими демократияга асосланганининг ўзига хос сифат кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.

Бунда сайлов қонунчилиги Бош қонунимизда белгиланган энг асосий конституциявий тамойил – халқ ҳокимиятчилиги, яъни халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир, деган қоиданинг амалда татбиқ этилишини таъминлайди. Зеро, Конституция ва қонунлар билан мустаҳкамланган сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи давлат ва фуқаролик жамияти ривожида асосий мезонлардан биридир.

Ўзбекистонда сайловга оид 20 дан зиёд қонун тизимлаштирилиб, ягона Сайлов кодекси қабул қилинди. Бу миллий сайлов тизими ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, демократик сайлов ўтказиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Умумий сайлов ҳуқуқи тамойилининг моҳияти сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгалигини англатади. Бунда фуқароларимиз қаерда яшаётганидан қатъи назар, сайловда иштирок этиши таъминлангани муҳим аҳамиятга эга.

Умумий сайлов ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарида, даволаниш ва дам олиш муассасаларида, ҳарбий қисмларда, жазони ижро этиш манзиллари каби бошқа жойларда сайлов участкаларини ташкил этиш йўли билан ҳам таъминланади.

Хориждаги сайлов участкалари Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилиши мумкин. Хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари сайловчилар рўйхатига кириши учун сайловдан 15 кун олдин ёзма шаклда ўзига яқин жойлашган сайлов комиссиясига ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг saylov.mfa.uz расмий веб сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилади. Фуқаро мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотлар уч кун ичида текширилади ҳамда сайловчилар рўйхатига киритилади.

Хориждаги сайлов комиссияси фуқароларни овоз бериш жойи ва вақти тўғрисида огоҳлантиради. Овоз бериш сайлов участкаси жойлашган ҳудуддаги маҳаллий вақт билан 8:00 дан 20:00 га қадар амалга оширилади.

Мамлакатимиз қонунчилигига кўра, тенг сайлов ҳуқуқи кафолатланади. Сайлов кодексида сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлиши белгиланган. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас. Муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган фуқаролар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Демак, тенг сайлов ҳуқуқи, деганда нималарни тушунамиз? Ҳар бир сайловчи бир овозга эга, сайловда ҳамма тенг асосларда қатнашади, аёллар ва эркаклар тенг сайлов ҳуқуқига эга, ҳарбий хизматчилар бошқа фуқаролар билан тенг равишда сайлов ҳуқуқларидан фойдаланади, ҳеч ким сайловда бошқа шахсга нисбатан афзалликка эга эмас. Бу қоидалар тенг сайлов ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлайди.

Тенг сайлов ҳуқуқи тамойили овоз бериш босқичида субъектив сайлов ҳуқуқини амалга ошириш соҳасига тааллуқлидир. Бундай тенгликни сақлаб қолиш учун муайян кафолатлар зарур (масалан, номзодларни сайлаш учун тенг ҳуқуқий имкониятларни таъминлаш ва бошқалар). Сайловчилар ўзаро тенг миқдордаги овозга эга бўлиши ва улар фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши керак. Номзодлар сайлов учун бир хил қонуний имкониятларга эга, шунинг учун улар, қоида тариқасида, фақат бир жойда қатнашиши мумкин. Фуқаролар овоз бериш чоғида, шунингдек, номзодларни кўрсатиш тартибида, сайловолди ташвиқотини ўтказишда иштирок этиши учун тенг ҳуқуқий шароитлар яратиш ҳам назарда тутилган.

Сайлов тизимининг демократик моҳияти сайловнинг умумий бўлишида, яъни барча фуқароларнинг сайловда иштирок этишидагина эмас, сайловнинг тенг бўлишида ҳам акс этади. Умумий ва тенг сайлов тамойиллари ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, бири бошқасини тўлдиради. Умумий сайлов бўлмаса, тенг сайлов ҳам бўлиши мумкин эмас. Демак, тенг сайлов ҳуқуқи 18 ёшга тўлган барча фуқаролар сайловда тенг шароитларда қатнашишини англатади. Бу борадаги тенглик сайлов округларини сайловчилар сонининг баробар бўлиши қоидаси асосида тузиш билан ҳам таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга тенг ҳуқуқий шароит таъминланади. Бу, авваламбор, умумий ва тенг сайлов ҳуқуқида, айни пайтда Президентликка номзодларга сайлов кампаниясида иштирок этишда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятларни яратишда кўзга ташланади. Шу билан бирга, сайловни, номзодларнинг сайлов кампаниясини адолатли ва ошкора молиялаштириш, сайловнинг барча тадбирини расмий эълон қилиш орқали овоз бериш натижалари ҳақида тўлиқ ва тезкорлик билан хабардор қилиш, қолаверса, очиқ ҳамда ошкора, жамоатчилик ва халқаро кузатувчилар назорати остида фаолият юритадиган мустақил сайлов комиссиялари томонидан сайлов жараёни ташкил қилиниши ҳам адолатли сайлов гарови ҳисобланади.

Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи миллий ва халқаро стандартлар билан тартибга солинган бўлиб, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эгалиги назарда тутилган. Ўзбекистон Президенти фуқаролар томонидан бевосита сайланади. Бу тамойил сайловчининг бевосита шахсан ўзи, яъни бирор-бир вакилсиз, тўғридан-тўғри ўзи овоз беришини англатади. Бир кишининг номидан бошқаси овоз бериши қонунчиликка зид ҳисобланади.

Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи Президент сайлови ва ҳокимият вакиллик органларига сайлов тўғридан-тўғри ўтказилишини билдиради, сайловчилар ўз номзодларига сайлов вақтида бевосита ижобий ёки қарши овоз бериши мумкин. Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи кўп поғонали сайловдан фарқ қилиб, кўп поғонали сайловда пастки поғона вакиллик органи юқори поғона вакиллик органига ўз вакилларини сайлайди.

Ўзбекистонда жорий этилган тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқининг устунлиги шундаки, бундай сайлов тартибида давлат ҳокимиятининг ҳамма сайланадиган органлари бевосита халқнинг вакиллик органлари ҳисобланади. Бу тартиб сайловчилар билан вакиллик органлари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга, вакиллик органлари фаолиятини сайловчилар томонидан яхшироқ кузатиб боришга имконият яратади.

Яширин овоз бериш тамойили халқаро миқёсдадаги сайлов тизимининг энг муҳим хусусиятларидан бўлиб, ЕХҲТнинг тегишли ҳужжатида яширин овоз бериш йўли билан ёки унга тенглаштирилган эркин овоз бериш тартибида сайловчиларнинг ўз вакилларини танлашда фикрини эркин ифода этишини таъминлайдиган шароитларда ўтказиладиган эркин сайловни ташкил этиш назарда тутилган. Бу тамойил мазмунига кўра, сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчилар хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди. Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади.

Сайловнинг шаффофлиги ва очиқлигини, фуқаролар сайлов ҳуқуқи эркинлиги, овоз беришнинг яширинлигини таъминлаш сайловга оид халқаро стандартларнинг энг муҳим принципларидандир.

Сайловда овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди. Участка сайлов комиссиялари овоз беришни махсус ажратилган биноларда ташкил этиб, фуқароларга ўз хоҳиш-иродасини эркин ва яширин равишда билдириш имконини яратади. Бунинг учун сайлов участкасида сайлов бюллетенларини тўлдириш учун алоҳида хона ёки кабина бўлади. Кабинада овоз бераётган шахсдан бошқа бирор кимсанинг, шу жумладан, сайлов комиссияси аъзоларининг ҳозир бўлиши тақиқланади. Бюллетенни сайлов қутисига сайловчининг ўзи ташлайди.

Сайлов эркин ўтишида сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари кенгайтирилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлган бўлса, Сайлов кодексида бу чеклов чиқариб ташланди. Бу ҳам очиқлик, ошкоралик, жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Президент сайлови халқаро мезонлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган адолат, очиқлик, ошкоралик ва эркинлик каби демократик тамойилларга асосан кўтаринки руҳда ўтиши учун барчамиз масъулмиз. Зеро, бу муҳим сиёсий-ҳуқуқий тадбир юртимиз келажаги, ҳар биримизнинг эртанги кунимиз, тинч ва фарвон ҳаётимиз кафолатидир.

Ойбек ТУРҒУНОВ,

юридик фанлар доктори, профессор