Резолюция лойиҳаси Брюссельда бўлиб ўтган Таълим масалалари бўйича глобал конференцияда таклиф этилган ва уни 58 та мамлакат қўллаб-қувватлаган.

БМТ томонидан белгиланадиган халқаро кунлар одатда даврнинг глобал муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш ва унга ечим топиш учун сиёсий ирода ҳамда мавжуд ресурсларни жамлаш, бу йўналишда жаҳон ҳамжамияти эришган ютуқларни янада мустаҳкамлашга қаратилади.

Бугунги кунда замонавий демократик жамиятнинг энг муҳим қадрияти ва ресурси — бу янги билимларни излаш, эгаллаш ва ностандарт қарорлар қабул қилишга қодир инсондир. Шу боис  ҳозирги даврда таълим шахс ва жамиятни ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омилига айланди.

Глобаллашув ва кескин рақобат жаҳон миқёсида  кучайиб бораётган шароитда инсоннинг нафақат ёшлиги, балки бутун ҳаёти давомида узлуксиз таълим олиши объектив зарурат саналади. Қолаверса, сифатли таълим камбағалликни бартараф этиш ва фаровонликни таъминлашга имконият яратади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари айнан   кенг қамровли ва  сифатли таълимни таъминлаш, барча учун ҳаёт давомида ўқиш имкониятини рағбатлантиришни назарда тутади.

Бироқ афсуски ҳозирги пайтда дунё миқёсида 262 миллион нафардан ортиқ болалар ва ёшлар мактабга бормайди. 617 миллион болалар ва ва ўсмирлар саводсиз: ўқиш, ёзиш ва ҳисоб-китобни билмайди. Демак, уларнинг таълим олиш ҳуқуқи бузилмоқда.

Бизнинг мамлакатимизда эса таълим тизими давлат сиёсатининг устивор йўналишига айланди. Бу соҳада сўнгги йилларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Нафақат таълим тизими, балки унинг таркибий тузилиши, энг асосийси, натижадорлик даражаси тубдан ўзгармоқда.

Энг муҳими, интеллектуал жиҳатдан юқори даражада ривожланган ва олий маълумотга эга бўлган инсонни тарбиялашга хизмат қилувчи инвестициялар ҳажми ошди. Шунингдек, таълим тизимининг асосий кучи ва ҳал қилувчи омили ҳисобланган педагогларни рағбатлантириш, жамиятда устоз мақоми ва нуфузини юксалтиришга алоҳида аҳамият қаратилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда ўқитувчи давлат томонидан қўллаб- қувватланадиган, ўз устида тинимсиз ишлайдиган, янги билим ва тажрибага бой шахсга айланди.

Таълим соҳасидаги ислоҳотлар айнан илмий ва педагогик кадрларни қўлаб-қувватлаш, уларнинг билим ҳамда малакасини оширишдан бошланди. Уларга дастлаб касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, шунингдек замонавий малака ошириш курсларини ўташ таклиф этилди.

Янги уй қуриш унинг пойдеворини мустаҳкамлашдан бошланганидек, тизимдаги ислоҳотлар таълимнинг энг қуйи бўғинидан бошланди. Мактабгача таълим  тизимида вазият 2017 йилда ўзгарди. Соҳанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди, жумладан, сўнгги 3-4 йилда мамлакатимизнинг барча ҳудудида янги боғчалар қуриш, таълим-тарбия сифати ва даражасини янги босқичга кўтариш вазифаси қўйилди.

Уни амалга ошириш учун Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Аввал мактабгача таълим билан қамров атиги 27 фоизни ташкил этган бўлса, сўнгги 4 йил давомида унинг миқдори 2 баробар ортиб, 60 фоизга етди. Боғчалар сони  3 баробар кўпайиб, 14 мингдан ошди.   Давлатимиз раҳбарининг бу йилги Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, келгуси йил якунида мактабгача таълим қамрови 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказилади.

Давлат бюджетидан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобига қўшимча равишда 2 мингта нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилади ва хусусий сектор улуши 25 фоизни ташкил этади. Шунингдек, 2021 йилда 6 ёшли 560 минг нафар болалар (82 фоиз)  мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан қамраб олинади. Узоқ қишлоқларда мактабгача таълимнинг муқобил шакллари янада кенгайтирилади: ЮНИСEФ ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели йўлга қўйилади.

Шу ўринда сон – бу сифат эмас, деган фикр туғилиши мумкин. Шу боис мактабгача таълимнинг сифатига ҳам  алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда педагогика йўналишидаги барча олий таълим муассасаларида мактабгача таълим бўйича квоталар оширилди.

2019 йили Тошкент давлат педагогика университетида илк бор кечки таълим факультети очилди. Бундан ташқари, 97 та педагогика коллежи тўлиқ Мактабгача таълим вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Бундан мақсад – боғча тарбиячилари ва бошқа мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишдир.

Қолаверса, мактабгача таълим бўйича мутахассислар Тошкентдаги ПУЧОН университетида ҳам тайёрлана бошланди. Мактабгача таълим вазирлиги қошида раҳбар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти очилди.

Мамлакатимизда умумтаълим тизими ҳам тубдан ислоҳ қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари   бу борада олдимизда турган долзарб вазифалар ҳақида фикр юритар экан, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини алоҳида таъкидлаганди.

Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига оид кўплаб  фармон ва қарор, Вазирлар Маҳкамасининг 20 дан ортиқ қарори қабул қилиниб, бу соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асослари мустаҳкамланди. Ота-оналар, жамоатчиликнинг истаклари инобатга олиниб, юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими тикланди.

Кўплаб умумтаълим мактаблари янгидан қурилди. 2021 йилда ҳам  30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади. Соҳада ягона “электрон таълим” тизимини жорий этишга келгуси икки йилда 250 миллиард сўм йўналтирилади.

Мамлакатимизда олий таълим тизими ҳам кенг ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг  2017 йил 20 апрелда қабул қилган “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2017 — 2021 йилларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Унга кўра олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, кадрлар тайёрлашни тубдан қайта кўриш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлашни халқаро стандартлар даражасига кўтариш учун зарур шароитлар яратишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди. Ўтган тўрт йил мобайнида олий таълим сифати тубдан ошди. 

Таълим соҳасини ислоҳ қилишда  жаҳон стандартларига амал қилинмоқда. Ҳаёт давомида, маҳаллий билим юртлари ҳамда интернет воситасида масофали ўқиш шакллари оммалашаяпти.

Таълим инсонга тўлақонли ҳаёт кечириш, ўз орзу ва интилишларини рўёбга чиқариш, жамият ривожига ҳисса қўшиш имконини беради. Соҳада тизимли ва узлуксиз олиб борилаётган ислоҳотлар яқин келажакда ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга эришиш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўташи шубҳасиз.

                                                                                       Малика Қодирхонова,

                                                                                 Олий Мажлис Сенати аъзоси