Бу икки мустаҳкам  таянчсиз  жамият ва давлат юксак тараққиётга эриша олмайди. Дарҳақиқат, маънавияти- маърифати, иймон эътиқоди бутун халқ келажакда буюк давлат барпо эта олади. Шу боис, давлатимиз Раҳбари мазкур масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.  2023 йилнинг 22 декабрь куни Президентимиз  Шавкат Мирзиёев раислигида Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Давлатимиз раҳбари  янги Ўзбекистонни барпо этишимиз, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун  қудратли кучга эга бўлган маънавият устувор аҳамият касб этишини таъкидлади. Чунки бугунги глобаллашув даврида воқеликни теран таҳлил қилиб, кучайиб бораётган турли таҳдидларга нисбатан ҳар қачонгидан кўра янада огоҳ бўлиб яшашни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Ана шундай шиддатли даврда маънавият соҳасидаги долзарб муаммоларнинг ечимини топиш, халқимиз маънавиятини асраб-авайлаш,  айниқса, ёшларимиз қалби ва онгини зарарли ғоя ва мафкуралардан ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Маърифатпарвар аждодларимиз, хусусан, жадид боболаримизнинг бой маънавий меросини атрофлича ўрганиш ва уни ҳаётга тадбиқ этиш   янги Ўзбекистонимизни барпо этиш йўлида мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Бинобарин, бугун ҳар биримиз ватанпарвар бўлиб, миллатпарвар бўлиб майдонга чиқишимиз даркор. Зеро, Президентимиз  Кенгаш йиғилишида таъкидлаганидек: «Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар... Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби Ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур».

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бунинг учун, аввало, мустаҳкам иқтисодий асослар кераклигини таъкидлаб, бу йил ижтимоий соҳага энг кўп – 134 триллион сўм маблағ ажратилгани айтди. Бу – 2016 йилга солиштирганда 5,6 баробар зиёд демакдир.

Давлатимиз раҳбари қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар: “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун қабул қилингани соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва бойитиш мақсадида Мақом, Бахшичилик ва Аския санъати марказлари ташкил этилди. Шунингдек, “Баҳор” рақс ансамбли, Давлат филармонияси, Давлат симфоник оркестри каби 20 дан ортиқ муассасалар фаолияти йўлга қўйилди. 11 та янги музей, 2 та театр, 28 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 5 та олий таълим муассасаси ташкил этилди.

“Мақом”, “Бахшичилик”, “Ҳунармандчилик”, “Лазги” каби халқаро фестиваллар анъанага айланди. 24 та хорижий мамлакатда, жумладан, қўшни давлатларда “Ўзбекистон маданияти кунлари” юқори савияда ўтказилди. ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига яна 9 та миллий меросимиз намунаси, Бухоро шаҳри эса “Ижодкор шаҳарлар тармоғи”га киритилди. Шу йил сентябрда ЮНЕСКО Бош қароргоҳида буюк бобомиз Абу Райҳон Берунийнинг 1050  йиллиги кенг нишонланди. Пойтахтимизда Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биноси, ҳудудларда янги ижод уйлари қурилди. Самарали ижод қилаётган адиблар имтиёзли асосда уй-жойлар билан таъминланди. Атоқли ижодкорларимизнинг таваллуд саналари нишонланди. Ёш истеъдодларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Зомин семинари қайта тикланди. Биринчи марта нашр этилган 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари”, 30 жилддан иборат “Мустақиллик даври навоийшунослиги”, “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари”, “Мард аскарга совға” сингари адабий мажмуалар маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.

Мазкур анжуманда давлатимиз раҳбари  9 та устувор йўналишда ўз фикрларини билдириб, муҳим ташаббусларни илгари сурди:

Биринчидан, маънавият ва маданият соҳасидаги ишларимиз учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғоямизни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқилиши муҳим эканлиги  таъкидланди.

Иккинчидан, маданий-маърифий соҳадаги ишларда ҳокимларнинг масъулияти оширилади. Туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканлари ишга туширилади. Шу мақсадда, ҳудудлардаги 4 та секторга қўшимча равишда маънавият сектори ташкил этилиши маълум қилинди. Улар жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида фаолият кўрсатади.

Учинчидан, театр санъатини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Унда энг яхши пьесалар учун ижодий буюртма бериш, ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг чет эл театрларида маҳоратини ошириш, ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш учун Маннон Уйғур номидаги мукофот таъсис этиш кабилар назарда тутилади. Корхона ва муассасаларда ойнинг бир куни «Театр куни» деб белгиланиб, ходимларнинг театрларга бориши йўлга қўйилади.

Тўртинчидан, 2024 йилдан ҳар бир туманда саҳнали зал, кутубхона, кинозал ва тўгарак хоналари бўлган биттадан маданият маркази фаолияти йўлга қўйилади. Жойлардаги 600 дан зиёд бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича дастур қабул қилиниб, бунга 100 миллиард сўм йўналтирилади.

Бешинчидан, мақом ва бахшичилик санъатини илмий асосда ўрганиш ва ривожлантириш кучайтирилади. Мақом, катта ашула, бахшичилик, атлас ва адрас, кулолчилик ва заргарлик каби анъаналарни давом эттирадиган мактаблар яратилади.

Олтинчидан, мусиқа ва рақс санъати ривожи қўллаб-қувватланади. Жумладан, «Баҳор» рақс ансамбли илгари Филармония жойлашган машҳур санъат саройида фаолият юритади. Таниқли ашула ва рақс ансамблларининг хорижга гастроль сафарлари кўпайтирилади. Мусиқа ва рақс санъати масалаларини илмий ўрганиш, соҳада илмий кадрларни кўпайтириш мақсадида илмий тадқиқотлар учун грантлар жорий қилинади. Шунингдек, Тошкент давлат цирки биноси таъмирдан чиқарилади.

Еттинчидан, халқаро майдонда ўзбек маданий дипломатияси кенгайтирилади. Келгуси йили Тошкентда жаҳон креатив иқтисодиётига бағишланган конференция, Нукусда эса «Орол маданияти» халқаро илмий анжумани ўтказилади. Музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етти йиллик дастур қабул қилинади. Тарих музейи ҳамда Санъат музейининг янги бинолари барпо этилади. Темурийлар тарихи ҳамда Табиат музейларининг экспозицияси янгиланади. Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи капитал таъмирланади.

Юртимизнинг кўҳна тарихига бағишланган 18 та археология ёдгорлиги очиқ осмон остидаги музейга айлантирилади. Самарқандда Соҳибқирон Амир Темур боғлари қайта тикланади, «Буюк ипак йўли» музейи барпо этилиб, Бибихоним мажмуаси реставрация қилинади.

Саккизинчидан, кино соҳаси ривожлантирилади. Бу борада «Тирик тарих» сериясида Ватанимизнинг шонли ўтмишига бағишланган фильмлар яратиш дастури ишлаб чиқилади. Бунга хорижий ижодкорлар, кинокомпаниялар ҳамда инвесторлар ҳам жалб этилади. Шунингдек, болалар учун буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кўп қисмли анимацион фильмлар яратиш зарурлиги таъкидланди. Кинони иқтисодиёт билан уйғун ривожлантириш мақсадида Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида «эркин иқтисодий киноҳудудлар» барпо этиш вазифаси қўйилди.

Тўққизинчидан, тасвирий ва амалий санъат соҳасини ривожлантириш бўйича дастур қабул қилинади. Жумладан, Марказий кўргазмалар зали реконструкция қилиниб, жиҳозланади. Бадиий фонд ҳудудида замонавий галерея биноси қурилади ҳамда 40 та ижодий устахонадан иборат Ёш рассомлар маркази ташкил этилади.

Шунингдек, бошқа тилларда таълим олган ҳамюртларимизни давлат тилини ўрганишга рағбатлантириш чоралари кўрилади. Бошқа тилларга ихтисослашган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилади. Ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ташкил этилади.

Дарҳақиқат, жамиятимиз бугунги кунда жадал туб ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Бундай даврда ҳар биримизга мустаҳкам таянч зарур. Маънавий ва маданий қадриятлар, меъморий ёдгорликлар, умуман олганда, аждодларимизнинг бой маданий ва маънавий мероси ана шундай таянч бўлиб, халқни, миллатни бирлаштириб олға ҳаракатлантиради. Бу эса ёшларимизнинг маънавий, ахлоқий жиҳатдан ҳар томонлама етук шахс бўлиб шаклланишида,   ватанимизнинг янада равнақ топишида, шунинг баробарида халқимизнинг буюк ўтмишидан фахрланувчи миллат фарзандлари бўлиб камол топишларида муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон халқининг маданий ва маънавий мероси минг йиллар давомида яратилган бебаҳо бойликдир. Дарҳақиқат ноёб асарларда  юксак даражадаги маънавий-ахлоқий қадриятлар мужассамлашган. Шу туфайли ҳам аждодларимизнинг буюк хизматлари нафақат халқимиз, балки дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилиб, уларнинг номлари мангуга  абадийлаштирилган. Хусусан, Бельгия, Латвияда Ибн Синога, Мирзо Улуғбекка, Япония, Россия ва Озарбайжонда Алишер Навоийга, Мисрда Аҳмад Фарғонийга ҳайкаллар ўрнатилган.

Шунга алоҳида эътибор қаратишимиз жоизки, ёшларимизни маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб камол топишларида китобсеварликнинг ўрни беқиёс бўлиб, бутун юртда китобхонлик маданиятини ривожлантириш бугунги куннинг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Аждодларимизнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш ҳам ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиз бўлмоғи лозим. Бу борада қатағон қурбонларининг бегуноҳ хотирасини тиклаш бўйича олиб борилган ва олиб борилаётган ишлар  каата аҳамиятга молик. Улар орасида кўплаб маданият арбоблари, жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчилари, шоир ва ёзувчилар: Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ажзий, Абдулла Авлоний, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ҳамза, Боту ва бошқаларнинг унутилмас номлари бор. Мустабид тузум томонидан жадидларнинг  таъқиб остига олиниши ва қатағон сиёсатининг қурбонига айланиши республика ҳаётида оғир асорат қолдирди. Шундай экан, уларни доимо эъзозлаб эсга олишимиз, хотирлашимиз ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Тошкентнинг Юнусобод тумани Бўзсув канали бўйида 2000 йилда  Шаҳидлар хотираси хиёбони ташкил этилди. Шунингдек, 2001 йил 1 майдаги фармон асосида юртимизда “31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” деб эълон қилиниши ва нишонланиши тарихий аҳамиятга молик иш бўлди. Жадид боболаримизнинг маърифатпарварлик ғоялари уларнинг ижтимоий-сиёсий қарашлари ҳар жиҳатдан аҳамиятга моликдир. Унда ҳозирги кунимизда ҳам жамиятни тўлқинлантирадиган, ҳаяжонга соладиган тарихий вазифа ва масалалар борлигини сира ҳам унутмаслигимиз керак. Зеро, буюк аждодларимизнинг улкан бебаҳо маданий ва маънавий мероси Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс даври учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши шак-шубҳасиздир. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 16 июлда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқларида таъкидлаганларидек:

“Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва цивилизациявий муштараклиги, халқларимиз ва мамлакатларимизнинг умумий манфаатлари биргаликда фаровон келажакни бунёд этишимиз учун мустаҳкам замин яратади. Ўзаро алоқаларни ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамламасдан туриб, бугунги кунда мамлакатларимиз дуч келаётган хавф-хатар ва таҳдидларни енгиб бўлмаслигини чуқур англаш вақти келди. Биз фаровонлик ва тараққиётга эришиш йўлида биргаликда ривожланиш истиқболлари бўйича яхлит ёндашувларни ишлаб чиқишимиз лозим. Бизнинг олдимизда Марказий ва Жанубий Осиё, умуман, бутун Евроосиё минтақасини барқарор, иқтисодий ривожланган фаровон ҳудудга айлантириш вазифаси турибди”.

Дарҳақиқат, беқиёс маънавий-маърифий ва тарихий-маданий мерос шонли ўтмишимиз ҳамда ёруғ келажагимизни боғловчи мустаҳкам кўприкдир.

Ҳ.И.Азимов,

ТДЮУ профессори.