Айтиш жоизки, мазкур йўналишдаги ишлар изчиллик касб этган. Яъни биргина Юнусобод туманининг Ҳасанбой, Ҳамкоробод маҳаллаларига ҳам метрогача автобуслар қатнови ташкил этилади.

— Бугунги кунда пойтахтимиз транс­порт тизими шахсан давлатимиз раҳбари эътиборида, — дейди Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Аҳролхўжа Тошхўжаев. — Президентимиз июнь ойининг ўзида икки маротаба ушбу масалага доир учрашув ўтказгани ҳам бунинг тасдиғи. Хусусан, 6 июнь куни Тошкент ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичи қурилишини бориб кўриши жараёнида жамоат транспорти билан яхши қамраб олинмаган маҳаллаларга 12 та янги автобус йўналиши очиб, метро бекатлари билан боғлаш, шунингдек, Тошкент вилоятидан пойтахтга кириб келувчи 9 та тезкор автобус қатновлари ташкил этилиши таъкидланган эди. 13 июнда эса ушбу топшириқлар ижроси бўйича тақдимот ўтказилди. Ўрганиб чиқилган 26 та маҳалладан бири — “Тикланиш”да йўлга қўйилаётган транспорт қатнови унинг ижроси ҳисобланади.

Шунингдек, пойтахтга Тошкент вилоятидан йўловчилар оқими кўп йўналишлар ўрганиб чиқилиб, шаҳар атрофидан метрополитен билан боғловчи 9 та экспресс йўналиши йўлга қўйилади. Ғишткўприк чегара постидан Юнусобод метро линиясигача, шунингдек, Тошкент вилоятининг қатор туманларидан метро бекатларига янги йўналишлар очилади. Бу бўйича зарур ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Булар, ўз навбатида, аҳолининг жамоат транспорти учун йўл ҳақи ва вақтини тежайди. Шаҳарга кириб келувчи енгил автомобиллар сонини 97 мингтагача, магистраль кўчалардаги тирбандликни эса 10 фоизгача камайтиради.

Тирбандлик, автобуслар кечикиши...

Пойтахтимизда жамоат транспорти тизимини ривожлантириш, йўловчиларга сифатли ва хавфсиз хизмат кўрсатиш, инфратузилмани яхшилаш, ҳаракат таркибини замонавий автобуслар билан янгилаш, йўлларда, айниқса, пиёдаларга қулайлик яратиш мақсадида 2022 йил 2 февраль куни Президентимизнинг “Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ­қабул қилинди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида ­жамоат транспортида йўловчиларни ташиш автобус, метрополитен, йўналиш­ли ва йўналишсиз таксиларда амалга оширилмоқда. Жамоат транспортини кенгайтириш мақсадидаги ишлар эса тўртта — магистраль, боғловчи, ҳалқа ҳамда етказиб берувчи йўналишларига бўлинади.

— Қайд этиш керакки, ҳозирги кунда пойтахт транспорт тизимида муаммолар мавжуд, — дейди А.Тошхўжаев. — Хусусан, жамоат транспорти ҳаракат таркиблари бир неча йиллардан буён янгиланмаган. Транспортларнинг тасарруф муддатлари эскирган ва етишмайди. Ваҳоланки, Тошкент — мегаполис шаҳар. Унинг ҳудуди тобора кенгайиб боряпти. Бу эса жамоат транспорти тизимини ҳам такомиллаштиришни талаб этади.

Айни пайтда Тошкент шаҳрида авто­буслар бўйича  140 та, йўналиш­ли таксилар бўйича 67 та, метрополитен бўйича 4 та йўналиш мавжуд. Ҳозирда авто­бусларда кунига ўртача 400 минг, метрополитенда эса ўртача 380-400 минг киши манзилига етказилади. Пойтахтга кунлик кириб-чиқишларни инобатга олсак, жамоат транспортини ривожлантириш нақадар муҳим эканлигини англаш қийин эмас. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори асосида Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унга биноан, “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти корхоналари ҳаракат таркиби 2022-2025 йилларда 1 минг 63 та, шу жумладан, 673 та электробус билан тўлдирилади.

 

Яна бир жиҳат, Транспорт вазирлиги қошида хорижий ва маҳаллий мутахассислардан иборат “Лойиҳа офиси” ташкил этилган бўлиб, у шаҳар транспорт тизимидаги муаммоларни ўрганиш ва ечимини топиш билан шуғулланади. Ўтган уч ой давомида офис томонидан шаҳардаги жами 140 та чорраҳа фаолияти таҳлил қилинди ва натижада айни пайт­да 40 та чорраҳанинг ўтказувчанлигини ошириш чоралари кўриляпти. Чунки тирбандликни кўчаларни кенгайтириш билан бартараф этиш мушкул. Аксинча, чорраҳаларнинг ўтказувчанлигини ошириш орқали масалага ечим топиш мумкин.

Чиндан ҳам, ҳозир пойтахтнинг бир нечта йирик чорраҳалари параметрлари ўзгартириляпти. Бу — ана шу “Лойиҳа офиси” мутахассислари тавсиялари асосида амалга оширилаётган ишлардир. Мутахассислар таҳлилича, битта чорраҳадан бир соатда ўртача 900 тадан ортиқ автомобиль ўтадиган бўлса, ўзгаришлардан сўнг бу кўрсаткич 1200 тага етказилади.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда бир нечта йўналишларга электробуслар қатнови ҳам йўлга қўйилмоқда. Бундай транспорт воситаларининг ҳозирги кун учун қанчалик муҳим эканлигини қуйидаги рақамлар ҳам тасдиқлайди. Яъни таҳлилларга қараганда, 130 646 километр масофа босиб ўтиш учун 12 метр­лик дизель ёнилғисида ишлайдиган “Мercedec benz-LF” автобуслари 51,1 тонна дизель ёнилғиси ёқиб, унинг натижасида атмосферага 10,6 тонна миқдордаги зарарли моддалар чиқарган бўлар эди. Электробусларда эса бу рақам нолга тенг. Қолаверса, иқтисодий харажатда ҳам тафовут юқори. Анъанавий битта йўналишдаги автобуслар корхонага бир ой ичида 200 миллион сўмга яқин зарар келтирган бўлса, электр билан ҳаракатланувчи транспорт, аксинча, 30 миллион сўм даромад олиб келган.

Концепциядан нималар кутилмоқда?

Бугунги кунда шаҳарда 4 мингдан ортиқ кўча мавжуд бўлиб, уларнинг узунлиги 5 минг 900 километрдан иборат. Пойтахт­да автомобиль транспорти воситалари сони 638 минг 840 тани ташкил этиб, ҳудудлардан кунига ўртача 150 мингдан ортиқ автотранспорт воситалари кириб-чиқади. Транспорт ва пиёдалар ҳаракати 550 та светофор ва 40 мингта йўл белгилари ёрдамида тартибга солинади.

Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ана шундай миқёсдаги ишларни янада яхшилашга хизмат қилади. Зеро, унда йўналишдаги автобус­ларнинг тасарруф тезлигини 17 фоизга ошириш, автобус қатновлари мунтазамлигини 95 фоизга етказиш, йўналиш ҳаракат интервалини 35 фоизгача қисқартириш, шаҳар ҳудудларини йўловчилар транспорти билан тўлиқ қамраб олиш, атроф-муҳитга жамоат транспортининг салбий таъсирини камайтириш, шаҳарнинг аҳоли гавжум нуқталарида йўловчиларнинг бир транспортдан иккинчи транспорт турига ёки бошқа транспорт йўналишига ўртача 10 дақиқа ичида хавфсиз ўтиш имкониятини яратиш, шаҳар марказида ҳаракатланаётган енгил автомобиллар сонини 20 фоизгача қисқартириш, умумий йўловчилар оқимининг 10-15 фоизини велосипед тран­спортидан фойдаланишига эришиш каби кўплаб вазифалар белгилаб олинган.

Муҳими, бу борадаги ишларга жиддий киришилмоқда. Муаммолар таҳлил қилиниб, ечимлари изланяпти. Имкониятлар юзага келяпти.

Дилшод Улуғмуродов,

“Янги Ўзбекистон” мухбири