Яқинда элчихона электрон манзилига Самарқанд вилоятида туғилган, оилали, икки нафар фарзанднинг онаси Д.Б.дан мурожаат келиб тушди.

Ватандошимиз ўз мурожаатида бир неча йилдан бери Жанубий Кореянинг Ансан шаҳрида турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзанди билан бирга яшаб келаётганини маълум қилган. У 2024–2025 йилларда Асан шаҳридаги ярим тайёр маҳсулотлар (рамён) ишлаб чиқариш корхонасида ишлаганини, аммо соғлиғи ёмонлашгани сабабли ишдан бўшашга мажбур бўлганини билдирган. Ҳозирда соғлиғи оғирлашгани, ҳомиладор экани, оғир юк кўтара олмаслиги, оилавий келишмовчиликлар ва молиявий қийинчиликлар туфайли фарзандлари билан Ўзбекистонга қайтишида амалий ёрдам сўраган.

Мазкур ҳолат элчихона ҳамда Миграция агентлигининг Сеул шаҳридаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда тезкор ўрганилганда, юртдошимиз келтирган маълумотлар ўз тасдиғини топган. Оилада кундалик эҳтиёжлар учун зарур маблағлар етарли эмаслиги аниқланган.

Ўзбекистон Президенти томонидан хориждаги ватандошларга қаратилаётган эътибор доирасида элчихона ва Миграция агентлиги ваколатхонаси кўмагида фуқаро Д.Б ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди вақтинчалик турар жойга жойлаштирилди.

Уларга авиачипталар олиб берилиб, шу йил 24 апрель куни хавфсиз ва муносиб шароитларда Ўзбекистонга қайтиши таъминланди.

Ҳамюртимиз кўрсатилган ёрдам учун Ўзбекистон ҳукумати ва Президентга миннатдорлик билдириб, хориждаги дипломатик ваколатхоналар бундай ҳолатларда ватандошлар учун муҳим қўллаб-қувватловчи тизим эканини таъкидлади.