Мулоқот чоғида дунё бўйлаб сайёҳлик ташрифларининг тикланиб бораётганини инобатга олиб, Жанубий кореялик туристларни Ўзбекистонга жалб қилиш ишларини тизимли ва фаол йўлга қўйиш бўйича фикр ва мулоҳазалар алмашилди.
Хусусан, Кёнгги университети профессори Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, ривожланиб бораётган замонавий инфратузилмаси ва меҳмондўст ўзбек халқининг бой маданий анъаналари хорижий туристларни мамлакатга жалб қилувчи муҳим омиллар эканини таъкидлади. Туризм соҳасини такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда ташкил этилган Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий меърос университети фаолияти юқори баҳоланди.
Учрашувда Самарқанд халқаро туризм ва маданий меърос университети билан Кёнгги университети иштирокида қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, олий билим юртлари профессор ва талабалари ўртасида илмий алмашинувларни йўлга қўйиш ва бошқа ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорлик ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди. Шу мақсадда тез орада элчихона кўмагида ушбу олий таълим масканлари вакиллари орасида онлайн-мулоқот ташкил этишга келишиб олинди.
Шунингдек, Кёнгги университетининг туризм соҳасидаги узоқ йиллик тажрибаси ва туризм саноати вакиллари билан яқин алоқаларини ишга солган ҳолда, Жанубий Кореянинг йирик сайёҳлик агентликлари ҳамда ОАВ вакилларини Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган халқаро сайёҳлик ярмаркалари ва кўргазмаларига жалб қилиш бўйича доимий равишда ҳамкорликни амалга оширишга келишилди.