Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга жарима балли тизими жорий этилмоқда. Бу президент имзолаган қонунда кўзда тутилган.
Ўзгартиришларга кўра, қоидабузарлик учун асосий жазодан ташқари, ҳайдовчиларга жарима баллари ҳам берилади. Битта қоидабузарлик учун максимал балл сони иккитадан ошмаслиги керак.
Жарима баллари биринчи қоидабузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида тўпланади. Агар ҳайдовчи бир йил ичида 12 дан ортиқ балл тўпласа, у автоматик равишда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум бўлади. Чеклов муддати 6 ойдан кам бўлиши мумкин эмас.
Ҳайдовчилик ҳуқуқини тўхтатиб туриш муддати тугагандан сўнг, уни фақат йўл ҳаракати қоидалари имтиҳонини муваффақиятли топширгандан кейингина қайта олиш мумкин бўлади. Буни Ўзбекистон ИИВ ЙҲХХ «Газета.uz»га тасдиқлади.
Шу тариқа ҳуқуқбузарлар яна машина бошқаришга рухсат олишдан олдин ўз малакасини исботлаши керак бўлади.
Бу ва бошқа ўзгартиришлар Вазирлар маҳкамасининг бир ой муддатда ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши кўзда тутилган қарорига киритилиши режалаштирилган. Унда жарима балларини ҳисоблаш тартиби ва миқдори белгиланади.