Инсоният ўзининг узоқ даврлик тарихи мобайнида ўн тўрт мингдан ортиқроқ урушни бошдан кечирди. Бу қирғинбаротлар қанчадан-қанча давлатларни ҳалокат гирдобига тортди, миллионлаб одамлар қурбон бўлди. Айниқса, дунёни ларзага солган Иккинчи жаҳон уруши бемисл даҳшати билан қонли из қолдирди.
Бу йил инсоният фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллигини нишонламоқда. Уруш тугаганига ярим асрдан кўп вақт ўтган бўлсада, унинг кишилар қалбига солган жароҳати, жабру ситамлари ҳали-ҳануз унутилгани йўқ. Бу кунларга бевосита гувоҳ бўлган инсонлар ўша даҳшатларни ҳамон алам ва изтироб билан эслайди. Аччиқ хотираларни эшитиб, кўз олдимизда ота-боболаримиз бошидан кечирган азоб-уқубатлар гавдаланаверади.
Бугунги фаровон ҳаётимиз учун немис-фашистлари билан олишиб, жасорат кўрсатганлар сафида отам Ориф Собиров бўлганини биз, фарзандлар ҳам фахр, ҳам алам билан эслаймиз.
Ока дарёси бўйидаги жонбозлик
«Ўнг қўлим Ока ва Зуша дарёлари оралиғида қолган», деб эслар эди отам. 1936-1941 йилларда Самарқандда ўша пайтдаги Ўзбек давлат университетининг тарих факультетини битирган бухоролик Ориф Собиров 1941 йил август ойида армияга чақирилди. 1942 йил январь ойигача Олмаота шаҳридаги пиёда аскарлар билим юртида тайёргарликдан ўтгач, Қўқон ва Фарғона ўқчи взводида командир бўлиб хизмат қилди. 1943 йил январь ойидан шимоли-ғарбий фронтнинг 380-дивизияси сафида немис босқинчиларига қарши жангларда иштирок этди, ўқчилар взводи командири сифатида жонбозлик кўрсатди.
1943 йилда отам Орёл вилоятининг Наумовка қишлоғида қаттиқ ярадор бўлиб, ўнг қўлидан ажралди. Иваново шаҳридаги дала госпиталида даволаниб қайтгач, Москвада олий партия мактабида таҳсил олди. Урушда орттирган жароҳати билан кейинги йилларда Бухоро давлат педагогика институтида катта ўқитувчи, сиёсий-иқтисод кафедраси мудири лавозимларида фаолият юритди.
Ориф Собировнинг фидокорлиги, келажак авлод олдидаги хизмати муносиб эътироф этилди. Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорати учун «Улуғ Ватан уруши» И- ва ИИ-даражали ордени, «1941—1945 йиллар Улуғ Ватан урушида жасоратли меҳнати учун», «1941—1945 йилларда Улуғ Ватан урушида Германия устидан ғалабаси учун», «Аъло меҳнати учун», «1941—1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши ғалабасининг 20 йиллиги», «СССР Қуролли Кучларининг 50 йиллиги», «Жасоратли меҳнати учун», «Меҳнат фахрийси» медаллари ҳамда 1977 йилда «Халқ маорифи аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Фидойи аёл
Оловли уруш йилларида Ўзбекистон халқи «Ҳамма нарса — фронт учун», «Ҳамма нарса — Ғалаба учун!» деган ҳаётий шиор билан яшади. Юртимиз фронт ортидаги мустаҳкам таъминот базасига айланди. Ўзбекистон армияга катта миқдорда қурол-яроғ, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотларни етказиб берди. Кўп миллатли халқимизнинг фидокорона меҳнати билан республикамиздаги 300 га яқин корхонада ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шу даврда фронт ҳудудларидан юртимизга 151 та завод кўчириб келтирилиб, ғоят қисқа фурсатда ишга туширилди. Минг-минглаб уруш қатнашчилари мамлакатимизда ташкил этилган ҳарбий госпиталларда даволаниб, шифо топди.
Уруш ўчоғига айланган ўлкалардан Ўзбекистонга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилинди. Халқимиз уларнинг барчасига чинакам меҳр ва эътибор кўрсатди, сўнгги нонини ҳам баҳам кўриб, юксак инсонпарварлик фазилатларини намоён этди.
Аксарият эркаклар урушга кетган бир вақтда барча соҳалардаги ишларга, асосан, хотин-қизлар жалб қилинди. Уйида ўз фарзанди қатори бошқа миллат болаларини ҳам парваришлаб, таълим-тарбия бериш баробарида, уруш ўчоғидаги турмуш ўртоғи ёки фарзандларига озиқ-овқат, кийим-кечак етказиб бериш мақсадида турли соҳаларда тинимсиз меҳнат қилган ўзбек аёллари ўша вақтда чинакам жасорат кўрсатди. Уруш ортида ва урушдан сўнгги тикланиш йилларида ана шундай юксак матонат кўрсатган хотин-қизлар орасида онам Робия Мажидова ҳам бор эди.
Илмли ва ғайратли ёшлардан бўлган Робия Мажидова Иккинчи жаҳон уруши йилларида қишлоқ шўроси ишларида фаол қатнашиб, ташвиқот ва тарғибот олиб борди. Фронтга совға-саломлар жўнатиш, «қора хат» келган оилаларга руҳий далда бўлиш каби ишларда бор куч-ғайратини сафарбар этди. Уруш йиллари аёллар зиммасига катта вазифалар юкланиб, раҳбарлик ишлари топширилган бир вақтда шижоатли қиз Робия Мажидова ҳам 1948 йилда колхозга раиса этиб тайинланди.
1950 йиллар кичик жамоа хўжаликлари бирлаштирилиб, йирик хўжаликлар ташкил этила бошланди. Шундай катта жамоа хўжалигига раҳбарлик қилиш, қишлоқ хўжалигини тиклаш эндигина 22 ёшга тўлган қиз зиммасига юкланган эди. Робия Мажидова бу вазифани аъло даражада уддалади. Хўжаликни пахтачилик, чорвачилик, паррандачилик, қоракўлчилик соҳаларида анча олдинги сафларга олиб чиқди.
Робия Мажидова ёш бўлишига қарамай, масъулиятли вазифаларда ўз имкониятларини намоён эта олди. У 1950 йилда собиқ СССР Олий Совети депутатлигига сайланди. Ўша йили октябрь ойида Стокголм мурожаатига бағишлаб Москвада ўтказилган шаҳар хотин-қизлар конгрессида Ўзбекистон ёшлари делегати сифатида қатнашди. Робия Мажидованинг фидокорона меҳнатлари ҳақида вилоят, республика ва Москвадаги «Красная звезда» газеталарида ҳам мақолалар чоп этила бошланди.
Онам 1953-1956 йилларда Тошкентдаги олий партия мактабида таҳсил олди. Фаолиятининг сўнгги йилларида Бухоро ижтимоий таъминот бўлими, аёллар меҳрибонлик уйида раҳбар лавозимида ишлади. Меҳнатлари эвазига халқнинг меҳрини, ишончини қозонди. Уруш йилларида қалби кемтик опа-сингиллар дардига малҳам бўлиб, уларни қўллаб-қувватлади. Оналар дуосини олди.
Робия Мажидова 1946 йилда «Улуғ Ватан урушидаги меҳнатлари учун» ордени, 1950 йилда «Намунали меҳнати учун» медали, 1970 йилда «Ўзбекистон ССР Социал таъминот аълочиси» кўкрак нишони, 1982 йилда «Меҳнат ветерани», 1994 йилда «Шуҳрат», 1995 йилда «Ғалабанинг 50 йиллиги» медаллари билан тақдирланди. Онамнинг кўксини безаган унвонлар суронли уруш йилларидан хотира, заҳмат ва фидокорлик намунаси бўлиб қолди.
Бугун юртимизда ана шундай асл фарзандлар хотирасини ёд этар эканмиз, уларнинг чеккан машаққатлари эвазига эришилган тинчлик учун қалбан миннатдор бўламиз. Ота-боболаримизнинг уруш йилларида ўтган оғир ва ибратли ҳаёт йўллари бизга ва биздан кейинги авлодларга юксак намунадир. Ҳаётнинг заҳматли синовларига кўкрак тутиб, юрти учун ёниб яшаган бундай инсонлар хотираси қалбларда ҳамиша абадий қолгай.
Дилдора СОБИРОВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети катта ўқитувчиси