Жамиятимизда сиёсий фаоллик ортиб бормоқда, барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Улардан кўзланган мақсад – "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун" деган оддий ва аниқ-равшан тамойилни амалга ошириш устувор аҳамиятга эга бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборат.
Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир.
Экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда.
Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард кишини ташкил этмоқда.
Ҳозирги кунда глобализация жараёни тобора ривожланиб бораётганлиги давлатларнинг бир-бири билан ҳар томонлама, шу жумладан, жиноятчилик билан кураш соҳасидаги ҳамкорлиги ҳам кенгайиб бормоқда.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.
Жиноятчиликка қарши курашиш борасида ҳамда халқаро ҳамкорликни амалга ошириш жараёнида жаҳон ҳамжамияти томонидан қабул қилинган ва демократик тамойилларга асосланган умумэътироф этилган қоидаларни бажариш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаларидан биридир.
Ўзбекистон Республикасининг жиноятчиликка қарши курашиш сиёсати ҳамда бу борада прокуратура ва бошқа тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг роли, жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорликни амалга оширишга доир халқаро ва миллий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, жиноятчилик билан кураш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни амалга ошириш соҳасида мавжуд муаммоларни кўриб ўтамиз.
Бу ўз навбатида танланган мавзунинг нақадар долзарб аҳамиятга эга эканлигини намоён этмоқда.
Жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорлик амалдаги халқаро ҳуқуқ нормалари ва миллий қонунчилик асосида келишилган ҳаракатларни, дунё ҳамжамияти ёки бир неча давлатларнинг манфаатларига дахлдор ва иштирок этаётган давлатларнинг ўзаро ёрдамида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятларнинг олдини олиш, изи совумасдан очиш, жиноят содир этилишини тўхтатиш, тергов қилиш ва жиноят ишларини кўриб чиқиш учун судга тақдим этиш, ҳуқуқбузарлар билан муомалада бўлиш ҳамда жазони ижро этиш каби ҳаракатларини ўз ичига олади.
Давлатларнинг жиноятчиликка қарши кураши, асосан, уларнинг миллий қонунчилиги, айрим ҳолларда эса мазкур давлат тан олган халқаро ҳуқуқ нормалари билан белгиланади. Жиноий юрисдикцияни белгилаш ҳудудийлик принципига асосланади. Унга кўра, бир давлат ҳудудида содир этилган жиноят ўша давлат судининг юрисдикцияси доирасига киради. Бироқ, бу мутлақ қоида ҳисобланмайди. Юрисдикцияларни аниқлашда миллий қонунчиликлардаги турли ёндашувлар муайян жиноятларга нисбатан икки ёки бир неча давлатлар юрисдикциясининг коллизияси (тўқнашуви)ни келтириб чиқаради. Бундай коллизиялар давлатлар ўртасидаги келишув асосида ҳал қилиниши мумкин.
Давлатнинг ривожланиши ундаги юз бераётган ижтимоий муносабатлар ички ва ташқи жиноий тажовузлардан ҳимояланганлиги ва жиноятчиликка қарши курашиш масалалари ҳар томонлама ташкил этилганлигига боғлиқ бўлиб, ҳозирги кунда халқаро миқёсда баъзи оғир ва ўта оғир жиноятлар сони кескин ошиб бораётган бир вақтда давлатларнинг халқаро хавфсизликни таъминлаш борасида халқаро жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда янада такомиллаштириш вазифалари ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Халқаро муносабатларда давлатларнинг турли соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлаш орқали жиноий масалалар бўйича давлатлараро ҳамкорликни кўчайтириш мумкин. Бу борада, айниқса, сўнгги йилларга келиб, халқаро ҳамжамият манфаатларига тажовуз қилувчи, халқаро-ҳуқуқий тартиб асосларига путур етказувчи жиноятларга қарши кураш ҳамда унинг олдини олиш борасида ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси дунёнинг 130 дан ортиқ давлатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Тошкентда 45 та чет эл элчихоналари, 8 та фахрий консуллар, 19 та халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, 18 та хорижий халқаро ҳукуматлараро ва ҳукумат ташкилотлари ваколатхоналари, 1 та дипломатик мақомга эга савдо ваколатхонаси фаолият кўрсатмоқда. Хорижий мамлакатларда ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг 47 та дипломатик ва консуллик ваколатхоналари мавжуд. Ўзбекистон 100 дан ортиқ халқаро ташкилотларнинг аъзоси бўлиб, мамлакатимиз турли хил кўп томонлама ҳамкорлик тузилмалари билан ўзаро шерикчилик алоқаларини ривожлантиради. Жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти йўналишларидан бири ҳисобланади ва бунда халқаро ҳуқуқ субъектлари билан бирга миллий ҳуқуқ субъектлари ҳам иштирок этади. Ҳозирги даврда жиноятчиликка қарши ҳамкорликда курашиш мақсадида махсус халқаро ташкилотлар тузилган бўлиб, ушбу ташкилотлар БМТнинг резолюцияларида “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳамкорлиги бўйича халқаро ташкилотлар”, “Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари”, “Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари” номлари билан аталган.
Жиноий суд ишларини юритиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик тушунчаси хусусида фикр билдирадиган бўлсак, жиноий суд ишларини юритиш соҳасида ҳалқаро ҳамкорлик кўплаб олимлар томонидан жиноятчиликка қарши курашишда ҳалқаро хамкорлик деб номланади. Яъна бир гуруҳ олимлар томонидан халқаро жиноий соҳада давлатлар ўртасидаги алоқалар деб таъкидлаганидек, давлатларнинг жиноий суд ишларини юритиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик тушунчасини тор ва кенг маъноларда тушуниш мумкин. Тор маънода тушунганда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида давлатларнинг алоқалари.
Кенг маънода тушунганда жиноят ишларини судгача бўлган босқичи, ишларни судда кўриш ва ундан кейинги босқичда давлатлар ўртасида жиноятчиларни қидириш, ушлаб бериш, суд ва ҲМҚО органларининг қарорларини ижро этиш ҳамда масалаларда ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда ифодаланади. Шу билан бир қаторда, замонавий халқаро ҳуқуқнинг асосий принциплари тизимидаги давлатлар ўртасидаги халқаро ҳамкорлик принципини кўриб чиқиш зарурлиги маълум бўлади (масалан, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ёки давлатларнинг суверен тенглиги принципи таққосида) ва шуни тан олиш керакки, барча соҳалар бўйича ҳамкорлик қилиш мажбурийлик хусусиятига эга эмас. Жумладан, бу ижтимоий ва маданий соҳаларда ҳамкорлик олиб борадига тааллуқлидир. Чунки бу соҳада ҳар бир давлат ҳамкорликда иштирок этиш шакли, даражаси ва чегараларини ўзи белгилайди. Бу борада И.И.Лукашукнинг давлатни муайян ҳамкорликка чақириш, уни бир ёки иккинчи давлатнинг дўстликка мажбурлаши каби мураккабдир, деган фикри эътиборга молик. Бундан ташқари ҳалқаро ҳамкорлик тушунчасига таъриф бериш жоиздир, ушбу атамани ҳам тор ва кенг маънода тушуниш мумкин.
Тор маънода, фуқаролик, жиноий, оила ва бошқа ҳуқуқ соҳаларида фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш. Кенг маънода бир давлатнинг бошқа бир давлат ёки давлатларга ҳуқуқнинг тармоқлари бўйича ёрдам кўрсатишдир.Бундан ташқари ҳуқуқий ёрдам ҳам миллий ҳам халқаро доирада тушунилади. Шундан келиб чиқиб, жиноий суд ишларини юритиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик- бу жиноятчиликка қарши курашиш ва уни олдини рлиш борасидаги ҳамда ўзаро ҳууқий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги сўров асосидаги хорижий давлат ҳудудида ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноят процессуал ҳаракатларни бажариш, хорижий давлвт ҳудудидан олинган далилларнинг юридик кучини баҳолаш, протсессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги сўровни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ижро этиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган гувоҳни, жабрланувчини, экспертни, фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни, уларнинг вакилларини чақириш, жиноят иши материалларини хорижий давлатнинг ваколатли органига юбориш ҳамда жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги сўровни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ижро этиш, шунингдек, шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун ушлаб бериш тартибга фаолият ва ушбу фаолиятда юзага келувчи ҳуқуий муносабатлар бўлиб, у икки ёки ундан ортиқ давлатлар ўртасида вужудга келади.
Жиноий суд ишларини юритиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик соҳасидаги халқаро ташкилотлар бирламчи субъектлар, яъни давлатлар томонидан шахс, жамият, давлат манфатларини халқаро, халқаро аҳамиятдаги, трансмиллий ёки бошқа кўринишдаги жиноий тажовузлардан ҳамкорликда муҳофаза қилиш мақсадида тузилади. Бирламчи субъект сифатида давлат ўз ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги сиёсатини ишлаб чиқади; жиноий суд ишларини юритишнинг моддий ва процессуал ҳуқуқий асослари, жиноий суд ишларини юритишга ваколатли субъектлар доирасини белгилайди.
Ҳар қандай жиноят иши содир этилган ҳудудига нисбатан маълум бир давлат юрисдикцияси таъсир доирасига мансуб бўлади ва шу давлатнинг миллий қонунчилиги бўйича жиноий таъқиб остига олиниши мумкин. Агар давлат ҳудудида содир этилган жиноят сабабли бир неча давлатлар манфаатларига зарар етказилган бўлса ёки зарар етказиш реал хавфини келтириб чиқарадиган бўлса ёки жиноят бир неча давлатлар ҳудудида содир этилган бўлса, халқаро шартномаларга мувофиқ бундай қилмишлар учун жиноий таъқиб бир неча давлатларнинг жиноий суд ишларини юритиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги доирасида ёки давлатларнинг ваколатли субъектлари томонидан жиноятчиликка қарши курашишда халқаро ҳамкорликнинг иккаламчи субъектлари, яъни махсус халқаро ташкилотлар иштирокида жиноий таъқиб остига олинади. Жиноятчиликка қарши кураш соҳасида халқаро ҳамкорлик халқаро ҳуқуқ ва миллий ҳуқуқда ўрнатилган нормалар орқали амалга оширилади.
Жиноий суд ишларини юритиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик процессуал ҳаракатлар ҳисобланади. Ушбу ҳаракатларни тартибга солувчи нормалар жиноят процессини тартибга солувчи нормалар, ҳалқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгилананади.
Холиков Фарход Уктамович,
Тошкент давлат юридик университети Жиноят ҳуқуқи,
криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси ўқитувчиси