Орамизда шундай инсонлар борки, жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, маънавияти юксак, руҳияти кучли, ўзи матонатли. Ҳозир ногиронлиги бўлган шахслар сони жаҳон миқёсида тахминан 1 миллиард нафарни ташкил этади. Ачинарлиси, уларнинг 100 миллиондан ортиғи болалардир. Кейинги йилларда юртимизда бу тоифадагиларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш, тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш борасида эътиборга молик ишлар бажарилмоқда.
Президентимиз шу йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида имконияти чекланган шахсларнинг қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича минтақавий кенгаш тузиш таклифини билдирди ва Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжга эга шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг халқаро ташаббуси доирасида Ўзбекистон парламенти томонидан БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилинди. Мазкур конвенция тенглик асосида ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. У мавжуд шароитлардан фойдаланиш имконияти, ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, абилитация ва реабилитация, сиёсий жараёнда иштирок этиш, шунингдек, тенглик ва камситмаслик каби қатор муҳим масалаларни қамраб олади.
Бир сўз билан айтганда, энди мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликнинг ҳам миллий, ҳам халқаро асослари мавжуд. Галдаги долзарб масала ушбу нормаларда белгиланган вазифаларни самарали амалга оширишдан иборат.
Президентимизнинг шу йил 27 ноябрдаги “Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати фаолияти ҳамда болаларга ногиронлик белгилаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бугун юртимизда кечаётган улкан ислоҳотлар замиридаги “Инсон қадри ва қиммати ҳар нарсадан устун” деган эзгу ғояни намоён этгани билан алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Қарорда фуқароларга ногиронликни белгилашдаги муайян тўсиқларни йўқотиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш, маълумотлар электрон базасини шакллантириш орқали фуқароларга замон талабларига жавоб берадиган самарали хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш мақсад қилинган.
Хусусан, илгари ногиронликни белгилатиш учун ногиронлиги бор фуқаролар, ҳатто I гуруҳ ногиронлари ҳам муайян идораларга бориши керак эди. Қарорга мувофиқ, шу йил 1 декабрдан бошлаб шахснинг уйи ёки у даволанаётган стационарда ҳамда сиртдан кўрикдан ўтказиш жараёни ташкил этилади.
Меъёрий ҳужжатнинг халқ манфаатлари акс этган яна бир жиҳатига тўхталиш ўринли. Жумладан, олдин ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахслар ногиронликни белгилатиш учун вақти-вақти билан муайян муддат ихтисослашган шифохоналарда ётиб даволаниши зарур эди. Узоқ йиллар фуқароларнинг оворагарчилигига сабаб бўлган бу тартибга ҳам чек қўйилди. Энди клиник-функционал маълумотларни олишга доир қўшимча текширувдан ўтказмасдан туриб, бундай шахсларга тасдиқланган касалликлар рўйхати асосида ногиронлик муддатсиз даврга белгиланади.
Яна бир муҳим жиҳат: тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ногиронлик тўғрисидаги маълумотномада шахс ишлаши мумкин бўлган касблар бўйича тавсиялар берилади.
Келаси йили 1 августдан бошлаб дастлаб Тошкент шаҳридаги тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида ногиронлиги бўлган шахсларни ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказиш учун “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизими жорий этилади. Унда фуқароларга ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланадиган тиббий йўлланма, касаллик тарихи ва амбулатор картадан кўчирмалар электрон тарзда акс этади.
Шундан сўнг электрон ахборот тизимидаги маълумотларга асосан, фуқаро организми функциясининг бузилиши ва ҳаётий фаолияти чегараланиши ҳисобга олинган ҳолда, ногиронликни фуқароларнинг иштирокисиз белгилаш тартиби жорий этилади. Электрон маълумотлар эса автоматик тарзда “Пенсия” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимларига юборилади.
Энди Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорлари зиммасига 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронлик белгилаш бўйича юклатилган қўшимча функциялар бекор қилинади. Уларнинг функцияси кимга берилади, деган савол туғилиши табиий. Қарорга мувофиқ, Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ташкил этилиб, 16-18 ёш орасидаги ногиронлиги бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади. Уларга тегишли ҳужжатлар педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларига топширилади.
Тиббий-ижтимоий экспертиза, реабилитология, тиббий-ижтимоий ва касбий реабилитация мутахассисларини тайёрлаш ҳам замон талаблари даражасида йўлга қўйилиши режалаштирилган. Айтайлик, 2022-2023 ўқув йилидан магистратура, клиник ординатура, қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурлари халқаро таълим стандартлари асосида такомиллаштирилади. 2022 йил 1 июнга қадар БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФнинг техник кўмагида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Шунингдек, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда, фуқароларга ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига ўтиш концепциясини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Юқорида таъкидланганидек, уч ой муддатда ногиронлиги бўлган шахслар ва болаларга тегишли электрон маълумотларни ўзида жамлайдиган электрон маълумот базаси такомиллаштирилади. Шу асосда ногиронлиги белгиланган шахсларнинг ногиронлик муддати тугаётгани ҳамда қайта кўрикдан ўтиш зарурлиги тўғрисидаги хабар одамларнинг мобиль алоқа воситаларига бир ой олдин юборилади.
Бугун юртимизда ногиронлиги бор шахслар 760 мингдан ортиқни ташкил этади. Уларни янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойилига мувофиқ қўллаб-қувватлаш, имконият ва шартшароитлар яратиб бериш, ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш давлатимизнинг бош мақсадидир. Мазкур қарор ногиронлиги бор юртдошларимиз ҳимояси ва манфаатига қаратилган яна бир қутлуғ қадам бўлди.