Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларда «Инсон қадри учун» тамойили устуворлик касб этмоқда. «Инсон – жамият – давлат» ғояси давлатимизнинг энг олий мақсадига айланди. Ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити, замонавий инфратузилма, ижтимоий ҳимоя тизими ва соғлом экологик муҳит яратиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълимни йўлга қўйиш эса асосий вазифаларимиз ҳисобланади.
Юртимиз ҳудудининг марказий қисмида жойлашган Жиззах вилоятида ҳам мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти тобора олға одимламоқда. Қайси соҳани олманг, ривожланиш сари илгарилаб бораётганига гувоҳ бўласиз. Жиззахда қурилаётган тураржой, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари, ишлаб чиқариш корхоналари кўлами ҳудудда шу пайтга қадар бундай улкан ўзгаришлар бўлмаганини кўрсатиб турибди.
Барча соҳалардаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, ишлаб чиқариш корхоналари сонининг ошиб бориши натижасида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми тарихда илк бор 27,1 триллион сўмга етди.
Жорий йилнинг ўзида вилоятда 590 миллион долларлик 8 та йирик лойиҳа ва 656 миллион долларлик 136 та ҳудудий саноат лойиҳаси ишга туширилади. Натижада 8,1 мингта янги иш ўрни яратилади. Ҳудудда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 14 фоиз ошади. Махсус саноат зоналарида умумий қиймати 150 миллион долларлик 58 та лойиҳа ишга туширилади.
«Учқулоч» қўрғошин-рух конини қайта тиклаш лойиҳаси ишга туширилди. Кондан йилига очиқ усулда 500 минг тонна яримметалл руда қазиб олиниб, лойиҳа доирасида яқин келажакда рудани қайта ишлаш фабрикаси қурилади. Натижада ҳар йили 5 минг 400 тонна рух концентрати ҳамда 18 минг 400 тонна қўрғошин концентрати олинади. Лойиҳа бўйича мавжуд рудалар омбори ва майдалаш-ортиш узели тўлиқ таъмирланади. Ташқи муҳандислик коммуникасиялари барпо этилади. Автомобиль ва темир йўлларда реконструкция ишлари олиб борилади. Муҳими, лойиҳа амалга оширилиши натижасида камида 600 иш ўрни яратилади ҳамда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилади.
Ғаллаорол туманидаги «Қўйтош» конини ўзлаштириш ва атрофида геология қидирув ишлари олиб бориш давом этмоқда. Умуман, ушбу соҳада қиймати 460 миллион долларлик 31 та инвестисия лойиҳасини ишга тушириш белгиланган.
Вилоятда аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 2022 йилги уй-жой дастури доирасида 1504 хонадонли 49 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун жами 19,7 миллиард сўм субсидия ажратилди. Бу шунча хонадоннинг оғири енгил бўлди, оилага қувонч ва шодлик кирди дегани. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан мақсад ҳам шуку, аслида.
Жорий йилда турли массивларда жами 3 минг15 хонадонли 79 та кўп қаватли уй-жой қурилиб, зарурий инфратузилма билан таъминланади. Яна минглаб юртдошларимиз уйли-жойли бўлади. Энг хайрли, адолатли томони шундаки, бу уйлар асосан, уйсиз, ёрдамга муҳтож оилаларга берилади. Бу уйлардаги шароитлар эса катта шаҳарлардагидан асло қолишмайди.
Вилоятда «Яшил иқтисодиёт»ни жорий этиш режалари ҳам жадал амалга оширилмоқда. Давлат идоралари ва ишлаб чиқариш корхоналари, фуқароларнинг хонадонларига қуёш панеллари, иситиш ускуналари ўрнатилмоқда. Демак, энди қишли-қировли, совуқ кунларда ушбу корхоналар ва идоралар ишчилари, хонадонлар эгалари бугун электр ўчиб қолмасмикан, деган хавотир билан яшамайди.
Ғаллаорол туманида Бирлашган Араб Амирликлари «Масдар» компаниясининг 200 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестисияси ҳисобига 220 мегабайтли йирик қуёш станцияси ишга туширилиши натижасида жорий йилда 100 миллион киловат-соат ва 2024 йилда тўлиқ қувватга чиқиб 500 миллион киловат-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.
Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида Форишда 150 мегабайт қувватга эга йирик қуёш фотоэлектр станцияси қурилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари томонидан 13 та объектда қуввати 30 мегабайт бўлган кичик фотоэлектр станциялари барпо этилади. Зафаробод тумани ҳудудидан ўтувчи кичик дарёчада қиймати 4,3 миллиард сўмлик 2 та микро гидроэлектрстанция қурилади.
Аҳолининг кўмакка муҳтож қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида ўтган йили бошланган янги тизим асосида деҳқон хўжалигини юритиш учун пахта-ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобига 10 сотихдан 1 гектаргача ер ажратиш ишлари давом эттирилиб, жорий йилда 4,5 минг гектар ер майдони мазкур тоифадаги аҳолига берилиши белгиланган. Шунингдек, соҳада мавсумий ишларга жалб қилиш орқали фақатгина қишлоқ хўжалиги йўналишининг ўзида 75 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 майдаги «2023–2025 йилларда Жиззах вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори вилоятнинг янги тараққиёт босқичига чиқишига йўл очди.
Мазкур қарор билан вилоятни комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, фойдаланилмаётган давлат активлари, мавжуд табиий ресурсларни ишга тушириш, ижтимоий инфратузилма объектлари ва муҳандислик-коммуникасия тармоқларини қуриш ва таъмирлаш орқали аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга оид чора-тадбирлар белгилаб олинди. Мазкур ҳужжатга асосан ажратилган маблағлар ҳисобига янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, йўлбўйи инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда хизматлар соҳасини янада ривожлантириш, кичик саноат зоналари инфратузилмасини яхшилаш, коммуникасия тармоқларини қуриш, таъмирлаш ва ободонлаштириш тадбирларини амалга ошириш натижасида вилоят аҳолисининг 530 минг нафари ёки 36 фоизининг яшаш шароитлари яхшиланишига эришилади. Жумладан, жорий йилда 135 минг нафар аҳолини иш билан банд қилиш орқали вилоятда ишсизлик даражаси ҳозирги 9,3 фоиздан 8,7 фоизга туширилади.
Вилоятимизда пиллачиликни ривожлантириш орқали тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари, шунингдек, республикамиз бўйича янгилик бўлиши кутилаётган Бахмал, Зомин, Янгиобод туманларида чой етиштиришни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Агар бу иш муваффақиятли амалга оширилса, Ўзбекистон чой импорт қилувчи мамлакатдан экспорт қилувчи ўлкага айланади.
Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш ва хомашё захираларини чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш мақсадида 25 та ер қаъри участкалари аукцион савдоларига чиқарилади.
Аҳолига янги тизим асосида деҳқон хўжалиги учун ажратилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида 16 та «Агрегатор» лойиҳаси амалга оширилиб, шу орқали вилоятдаги 18 та маҳаллада 1200 нафар аҳоли учун иш ўрни яратилади. Йилига ўртача 15,4 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари аҳолидан йиғиб олиниб, маҳаллий ва ташқи бозорларга сотилиши йўлга қўйилади.
Мазкур қарор билан қишлоқ хўжалиги соҳасида кўп йиллардан буён ишлатилмасдан турган 1371,7 гектар ер майдонларининг тоифаси ўзгартирилиши натижасида умумий қиймати 1,7 триллион сўмлик 1250 та лойиҳа ташкил этилади ва 5400 нафар фуқаро ишли бўлади. Хусусан, хизмат кўрсатиш соҳасида жами 293,5 гектар инфратузилма мавжуд бўлган йўлбўйи ер майдонларида қиймати 125 миллиард сўмлик 1051 та лойиҳа амалга оширилади.
Қарор асосида 8 та меҳмонхона, 407 та савдо дўкони, 124 та умумий овқатланиш, 118 та автомобилларга хизмат кўрсатиш, 63 та санитария-гигиена ва 151 та маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, 31 та спорт ва соғломлаштириш маркази, 98 та кемпинг, 42 та бассейн ҳамда тиббий хизмат соҳаларида 9 та лойиҳа ишга туширилади. Саноат соҳасида жами 1078,3 гектар ер майдонида умумий қиймати 1,6 триллион сўмлик 192 та лойиҳа ташкил этилиши ҳисобига 2650 та янги иш ўрни вужудга келади.
Мазкур қарор билан жорий йилда вилоятда 2 та кичик саноат зонаси ташкил этилиб, умумий қиймати 4,8 триллион сўмлик 36 та инвестисия лойиҳаси ишга туширилади. Ушбу лойиҳалар доирасида 343 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хориж инвестисияси ва кредитлари жалб қилинади. Натижада янги маҳсулот турлари ишлаб чиқарилиб, шу орқали қўшимча қиймат занжири яратилади.
Ушбу кичик саноат зоналарини ташқи муҳандислик-коммуникасия инфратузилмаси билан таъминлаш учун жами 113,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Шунингдек, умумий қиймати 449,8 миллион доллар бўлган 20 та йирик лойиҳани амалга ошириш орқали рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, 8 та лойиҳа доирасида хорижий брендлар асосида ишлаб чиқаришни ўзлаштириш орқали 935 миллион долларлик инвестисия жалб қилиниб, электромобиллар ва қуёш панеллари ишлаб чиқариш бошланади.
Қарорда дунёга машҳур Италиянинг «Cотонелла», Россиянинг «Остин», «Твое», «Глориа жеанс» ҳамда «Фактор Золла» компаниялари бренди асосида ҳудуддаги корхоналар томонидан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Энг муҳими, тайёр маҳсулотлар Европа ва Осиё давлатларига экспорт қилиниши белгиланган.
Вилоят аҳолиси учун энг зарур ва аҳамиятли бўлган ижтимоий инфратузилма объектлари ва коммуникасиялар ҳолатини янада яхшилаш учун 205 та объектга республика бюджетидан 406,1 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Ушбу маблағ ҳисобига вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламдаги қурилиш, ифратузилмани ривожлантириш, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари биноларини замонавий меъморчилик асосида бунёд этиш ишлари янада кенгаяди.
Вилоятнинг ҳозирги тараққиёт кўрсаткичлари, 2023–2025 йилларга мўлжалланган улкан ижтимоий ва иқтисодий лойиҳа ҳамда устувор вазифалар таҳлилидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Жиззах яқин келажакда Янги Ўзбекистоннинг энг обод ва ривожланган ҳудудига айланади.
Абдували МУСТАНОВ,
Жиззах вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт
ва камбағалликни қисқартириш
масалалари бўйича биринчи ўринбосари