Республикамизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятлар рўй берганда аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилишни таъминлаш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан туну-кун профилактик-огоҳлантирув тадбирлари амалга оширилаётганлигига қарамасдан, ёнғинлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг содир бўлаётганлиги кузатилмоқда.
15 январь кунига қадар юз берган ёнғинлар сони ўтган йилга нисбатан икки баробар ошганлиги кузатилди.
Ёнғин келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда аҳоли яшаш жойларидаги ёнғинлар газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланишда техника, ёнғин ва электр хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги оқибатида келиб чиқаётганлиги маълум бўлмоқда.
Об-ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши натижасида газ, электр ва бошқа турдаги муқобил ёқилғи иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб боради. Бундай пайтларда иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиши ҳамда ёнғинлар билан боғлиқ турли фавқулодда вазиятларга олиб келиши мумкин. Бундай муаммоларнинг олдини олиш учун ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш лозим.