Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2024 йил 5 сентябрдаги тегишли қарори билан соғлиқни сақлаш тизимида янги молиялаштириш тизими жорий этилди. Бугунга келиб, ушбу ислоҳот ўзининг дастлабки натижаларини бера бошлади.
Буни жорий йилнинг дастлабки олти ойи якунлари ҳам тасдиқлайди. Хусусан, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 1 млн. 490 минг 126 нафар беморга шифохона шароитида тиббий ёрдам кўрсатилди.
Бунинг учун тиббиёт муассасаларига Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 752,6 млрд. сўм ўтказилди. Натижада минглаб оилаларнинг даволаниш билан боғлиқ молиявий харажатлари давлат томонидан қоплаб берилди.
Ҳудудлар кесимида энг кўп маблағ Самарқанд (105,6 млрд. сўм), Қашқадарё (93 млрд. сўм) ва Фарғона (74,2 млрд. сўм) вилоятларига йўналтирилди. Молиялаштириш ҳажми барқарор ўсиб, июнда энг юқори кўрсаткичга (155,7 млрд. сўм) етди.