SARS-CоV-2 коронавируси 2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Хубей провинциясидаги Ухан шаҳрида аниқланган. Женевада 2020 йил 11 март куни бўлиб ўтган брифингда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус томонидан пандемия бошлангани расман эълон қилинган.

«Биз CОVID-19 касаллигини пандемия деб ҳисоблаш мумкин, деган хулосага келдик», — дея маълум қилган ўшанда Гебреесус «пандемия» сўзи ўта жиддий вазият бўлмаса, ишлатилмаслиги ҳақида огоҳлантириб.

Пандемия эълон қилинган пайтда дунёнинг 114 мамлакатида 118 мингга яқин аҳолида CОVID-19 инфекцияси қайд этилган. Ўзбекистонда эса ушбу хасталик биринчи марта 2020 йил 15 мартда аниқланган.

Ўшандан буён вазият тубдан ўзгарган. 2021 йил 11 март ҳолатига кўра, дунёда 118 739 785 кишида касаллик қайд этилган, 2 605 356 киши вафот этган. Энг кўп зарар кўрган давлат Америка Қўшма Штатлари бўлиб, ўлганларнинг умумий сони 526 213 тага етган.

Айни пайтда дунё бўйлаб ўлим даражаси 3 фоизни ташкил этмоқда.

Аввалроқ дунёда коронавирусга чалинганлар сони 115 миллион кишидан ошгани маълум қилинганди. Шунингдек, ЖССТ коронавирусга қарши кураш йил охирига қадар тугашига шубҳа қилаётгани ҳақида хабар берилганди.