Халқчил ва демократик тамойилларга асосланган янги Ўзбекистон давлати, эркин фуқаролик жамиятини барпо этар эканмиз, аввало, мазкур мақсад йўлида давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий пойдеворини янада мустаҳкамлаш, мамлакатни модернизация қилиш, бу жараёнда жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотларни жадал амалга ошириш талаб этиляпти. Шу боис, демократиянинг асосий талаби бўлган инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш билан бир қаторда инсониятнинг бебаҳо бойлиги бўлган тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга энг муҳим вазифа сифатида аҳамият қаратмоқ лозим.
Жамиятда ижтимоий онг ўзгариши билан ижтимоий муносабатлар ҳам ривожланиб боради. Жамият ва унинг ҳолати аслида инсон онгининг инъикосидир. Фуқаролар қандай эзгу амаллар билан қуролланган бўлса, ана шу руҳий қудрат истакларининг ҳосиласини олади. Бу жараён улкан тўлқин сифатида миллатнинг муштарак мақсадларида намоён бўлаётир. Олдинда турган давр Ўзбекистон учун сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлади. Кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди.
Кишилик жамиятининг ривожланиши, табиат ва атроф-муҳитни ўрганиш, у билан мулоқотга киришиш ҳамда инсон манфаатига мувофиқлаштириш барча даврларда муҳим омиллардан бири бўлган. Бу жараён индивидуаллик касб этиб, оддий одамдан тортиб олимларнинг ёндашувларигача ностандартлик, қарама-қаршилик ва зиддиятли фикр-мулоҳазалар юзага келишига асос бўлган ҳолда тараққиёт томон инсониятни йўналтирган.
Ностандарт тафаккур тарзи инсон табиатига хос бўлиб, одам ҳаётида ижодкорлик билан тўқнаш келади. Унинг қайсидир жиҳатини ўзгартиришда, янги даврнинг бошланишида ҳар бир шахснинг ўзига хос хислати ва фазилатлари асосий ўрин эгаллайди. Чунки бугунги кескин рақобат оламида кечаги мезон ва ёндашувлар билан ривожланиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади. Ўтмишдан, кечаги тарихдан, йўл қўйилган хато ва камчиликлардан зарур хулоса чиқариб, Ўзбекистоннинг дунёдаги ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, Ватан шуҳрати ва шон-шарафини ҳамма жабҳаларда муносиб ва мардона ҳимоя қилиш лозим.
Мамлакатимизда ижтимоий давлат қурилиши эълон қилинди. Хўш у қандай давлат бўлади? Ижтимоий давлат ўз сиёсатида ижтимоий адолат тамойилларидан келиб чиқиб, фаолият юритади. Асосий мақсад – жамиятда яратилаётган моддий ва маънавий бойликларни ижтимоий адолат тамойили асосида қайта тақсимлашдан иборат бўлади. Бунда ҳар бир фуқаронинг маиший турмуш тарзи ҳолатини сифат жиҳатдан юқори даражага олиб чиқиш, аҳолининг турмуш шароити ва сифати жиҳатдан табақаланишига, яъни улар ўртасидаги яшаш учун кетадиган сарф-харажатлар бўйича фарқларнинг катталашиб кетишига йўл қўймасликка ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмига давлат томонидан кафолатлар тизим орқали ёрдам кўрсатилиб, яратилган неъматлардан ижтимоий кафолатлар орқали ҳамма баҳраманд бўлишига олиб келади.
Инсоният томонидан яратилган давлатчилик тарихида ислоҳотларнинг гарови ва кафолати ҳокимиятнинг самарали фаолияти билан боғлиқ ҳолда кечган. Улар бошқарув маҳорати билан узоққа мўлжалланган мақсадларни режалаштиради, сиёсий ва ижтимоий жараёнларни идора қилади, аҳолини сафарбар этади, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уни одилона тақсимот қилиш вазифаларини амалга оширади. Шундай экан, давлат ва жамият бошқаруви тизимларини такомиллаштирмасдан туриб, мамлакат ҳаётини модернизация қилиб бўлмайди. Модернизация ўз умрини поёнига етказган бошқарув усулларини фақатгина янги сифат ва талаблар даражасига кўтариш билан мамлакатни ривожлантиришга олиб келади. Шу маънода, бугун мамлакатимиз чинакам янгиланиш жараёнини бошдан ўтказмоқда.
Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонларни ҳар бир раҳбар бугун ҳақиқатан ҳам тарихга айлантирмоғи ва ўз иш услубида, хатти-ҳаракатида бугунги кун талабларини сингдирмоғи лозимлиги таъкидланди. Эртага қонунларни, одамларни менсимайдиган, уларга қўпол муносабатда бўладиган, бюрократия ва коррупция балосига берилган ҳар қандай раҳбар билан — у вазир ёки ҳоким бўладими, бошқа масъул вазифадаги амалдор бўладими — салбий ҳаракатлари билан давлат обрўсига путур етказаётган бундай кишилар билан узил-кесил хайрлашилиши қатъий айтилди. Уларнинг ўрнига билимли, Ватан ва халқ ташвиши билан яшайдиган ёш-ёш йигит-қизлар қўйилишига урғу берилгани ҳам бежиз эмас. Чунки янги даврни янгича фикрлайдиган одамлар бошлаб беради. Эскича тафаккур ва дунёқарашдаги одамлар билан янгиланишга эришиб бўлмайди.
Янгича савия ва тушунча билан яшашни маҳаллалардан бошлаш эҳтиёжи бугун ўта зарур. Чунки ҳозирги глобал ўзгаришлар, мафкуравий таҳдидлар шароитида маҳалла халқимизни турли мафкуравий хуружлардан асраш, фуқаролар онгида мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш, уларни аввало, соғлом, баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш вазифасини ўтамоқда. Фуқаролар, аввало, ёшлар мустақил дунёқарашга эга бўлиб, улар онгида ватанпарварлик, миллий ғурур ва ифтихор туйғуси шаклланса, бегона ғоялар уларга таъсирини ўтказа олмайди. Таъбир жоиз бўлса, аҳоли онгида юксак маънавият ва сифатларни шакллантириш умумхалқ ишидир. Уни фаол тарғиб қилиш оила, боғча, мактаб, олий таълим тизими, маҳалланинг асосий бурчидир, десак муболаға бўлмайди.
Жамиятда маънавий-ахлоқий тарбиянинг сусайиши қадриятлардан йироқлашиш, маънавий-ахлоқий бегоналашувнинг юзага келишига сабаб бўлади. Замонавий жамият ривожининг муҳим эҳтиёжларидан бири инсоният ва ҳар бир шахснинг тақдири билан бевосита алоқадор маданият ҳодисасининг мазмуни ва функцияларини замонавий тарзда тушуниш билан боғлиқ. Айнан ижтимоийлашув жараёнида умуминсоний қадриятлар, хулқ-атвор меъёр ва қоидалари, бой маданий меросни ўзлаштириш орқали уларнинг ўзлигини англашига эришилади.
Халқимиз ижтимоий тараққиётга интилиши ва чуқур маънавий салоҳияти билан янги Ўзбекистонни барпо этмоқда. Замонавий шароитда мамлакатимизда жамият ва инсон фаровонлиги, ижтимоий-маънавий такомилини таъминлаш борасида муҳим, ўз навбатида, юксак марра қўйилиб, ёруғ истиқболни кўзлаган чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Ўзини ўзи ривожлантиришга қодир шахсни шакллантириш, бугун олаётган ҳар нафасини шу эл, шу халқ тинчлиги, давлат тараққиёти учун сафарбар қилиш, умуман, кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар бугун тарихга айланди, деб ҳисоблашимиз даркор. Шу вақтга қадар эришган ҳар қандай марраларимиз бизни қониқтирмаслиги ҳамда мана шу ўй-фикрларимизни миллий феноменга айлантирмоғимиз давр талабидир.
Шавкат ШАРИПОВ,
педагогика фанлари доктори, профессор