Тарбия энг нозик масала бўлиб, инсоннинг ахлоқий фазилатларини шакллантиради. Биз ўзбекларда “Қуш инида кўрганини қилади”, деган гап бор. Маҳалла — улкан уйимиз. Ёшлар ўз уйи остонасидан чиқиб даставвал маҳалласига кўзи тушади. Маҳалладошларидан катта ҳаёт уммонида сузишни ўрганади. Ўрганиш, кўриш, кузатиш, тақлид, ҳавас қилиш, эргашиш кабилар орқали инсон қалбида инсонийлик шаклланади.

Ниҳол эгилган томонга қараб ўсади

Катта ёшлилар болаларни қай томонга бошласа, улар ўша томонга кетади. Бола гўдак ёшида эшитган эртакларидаги қаҳрамонларга ўхшагиси, одамларга яхшилик қилгиси, барчага бахт улашгиси ва шу орқали қалбида фахр туйғусини ҳис этгиси келади. Умримиз бино бўлиб ҳали ҳеч бир бола эртаклардаги каби жоҳил, бешафқат, такаббур ва текинхўр одамларга ўхшашни орзу қилганига гувоҳ бўлганимиз йўқ. Мард, доно, ҳалол ва меҳрибон, илми билан дунёни зиёга тўлдирган аждодлари билан авлодлар ва бутун миллат ғурурланади.

Ёшлар бамисоли бир ниҳол. Қай томонга қараб эгсанг, ўша томонга қараб ўсади. Шунинг учун фарзанд тарбиясида китоб мутолааси муҳим ўринга эга.

“Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили бўйича маҳаллаларда ташкил этилган гуруҳлар эл-юрт ичида ҳурмат ва эътиборга эга бўлган, оиласи намунали кексалардан иборат. Бу гуруҳ, асосан, тарбиясида муаммоси бор ёшларни оталиққа олган. Мақсад, аввало, маҳалладаги уюшмаган ёшларни, мактабда яхши ўзлаштирмайдиган ўқувчиларни, нотинч оилалар фарзандларини аниқлаб олишдан иборат.

Ўғил болалар кўпроқ юрист, нафақадаги спорт мураббийлари, ҳунармандлар, ўқитувчилар, деҳқонлар, боғбонлар, заргарлар, темирчилар, кулоллар, ҳайдовчилар, захирадаги ҳарбийларга, қиз болалар эса нафақадаги нуронийлар, психологлар, олималар, адиблар, журналистлар, ўқитувчилар, нонвойлар, қандолатчилар, чеварлар, сартарошларга бириктирилди.

Ёшлар тарбиясида яхши инсонларнинг намунаси аста-секин ижобий таъсирини кўрсатиб боради. Энг муҳим жиҳат ўқиш ва уқиш, ҳалол меҳнатга муҳаббатни шакиллантириш орқалигина бахтли яшаш мумкинлигига ишонч орттиришдир. Шунда жаҳолат, ялқовлик, худбинлик, ҳасадгўйлик, текинхўрлик, боқимандалик иллатлари ёш вужуддан сидириб ташланади. Уни камтарлик, тиришқоқлик, масъулият, атрофидагиларга ва Ватанга дахлдорлик каби фазилатлар билан бойитади.

Ҳуқуқий демократик давлат қурилишида ижтимоий адолатни қарор топтиришни таъминлаш, ислоҳотларни янги мазмун билан бойитиш оила муҳитида Ватан қадри, маҳаллага ҳурмат, эътибор ва масъулликдан бошланишини ёшларга самарали тушунтириш йўлларидан бири маҳаллада ўтаётган маънавий ва маърифий тадбирлар, кўрик-танловларда ёшлар фаоллигини оширишдир.

Оила фаровонлиги, Ватан ва ота-она учун ҳар қандай хизматга бел боғлаган ёшлардан ҳақиқий ватанпарварлар чиқади. Фарзандларимизнинг оқил, солиҳ, меҳнатсевар ва юртига садоқатли инсонлар бўлиб камолга етишида нуронйиларимизнинг ўгитлари ва йўл-йўриқлари ниҳоятда муҳим. Шу ўринда булунғурлик нуроний, кексалар маслаҳат гуруҳи раҳбари Тоир ота Хўжамуродовнинг дил сўзларига қулоқ тутайлик.

Тўғриликка, яхшиликка ва меҳнатга бошлайвераман

— Маҳалламиздаги ўнта уюшмаган ёш йигитга масъулман. Тўғрисини айтсам, ҳозир бу йигитларнинг шижоати ичига, кучи танасига сиғмаган, қизиққон бир давр. Шу ёшлар билан юракдан гаплашиб, хоҳишига қараб, 4 нафарини туманимиз марказидаги ошхона ва ресторанларга ишга жойладим. Бугунги кунда улар 2 миллион сўмдан ортиқ маош олмоқда, асосийси, иш билан банд. Уларни спортга жалб этган ҳолда маҳалладаги спортчилар билан таништириб, футбол жамоамиз сафига қўшиб қўйдим. Учтасини автомобиль тузатадиган усталарга шогирд қилиб бердим. Усталар уларга кунлик маош тўлайдиган бўлишди. Икки йигитимиз компьютер технологиясига қизиқади. Уларни компьютер тузатувчи усталарга бириктирдим. Мана, ҳам ҳунар ўрганишмоқда, ҳам ҳалол даромад топишмоқда. Ёшларимиздан яна биттаси олий ўқув юртига киришга тайёргарлик кўряпти. Ҳомийларимиз барака топсин, репетиторларнинг хизмат ҳақини тўлаб берди. Насиб этса, бу йигитимиз ўзи орзу қилган ўқишга албатта киради ва келажакда ўз касбининг устаси бўлади, деган умиддамиз. “Бир нуроний – ўн ёшга маъсул” тамойили бўйича қилган ишларим ва тажрибамдан келиб чиқиб, туман кўрик-танловида биринчи ўринга муносиб топилдим ва вилоят босқичига йўл олдим. Маҳалламдаги ёшлар тарбияси ва келажаги учун ўзимни масъул деб биламан ҳамда уларни тўғриликка, яхшиликка ва меҳнатга бошлайвераман.

Йўқолган вақт топилмайди

“Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик танловининг шаҳар босқичида Тамара Орипованинг ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди ва биринчи ўринга муносиб топилди. У Шаҳрисабз шаҳридаги марказий кутубхонада кутубхоначи бўлиб ишлайди ва маҳалласидаги барча ёшларни китобхон қилишга ўзини масъул ҳисоблайди.

— Аслида маҳалладаги қайноналар ва ёш келинлар билан иш олиб борар эдим, бугун эса ёшлар қуршовидаман, — дейди шаҳардаги “Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари Тамара Орипова. — Маҳалламиз аҳлининг 40 фоизини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Масъуллигимдаги ўнта ёшни ҳар кунги фаолияти билан танишман. 6 нафарини китоб ўқишга жалб этиш осон кечди. Уларни ишга ҳам жойлаштирдик, натижада оиласига даромад келтириб, ҳаётга қизиқиши ҳам ортиб бормоқда. Шуни қувонч билан айтишим мумкинки, қизлар китобхонликдан ташқари чеварликни ҳам уддалашяпти.

Йигит-қизлар билан ишлаш жараёнида бу ёшларни фақат китобхонлик ўзгартира олади, деган хулосага келдим. Энг аввало, ёшларнинг оилавий шароитини ўрганиб чиқдим ва уларнинг китоб ўқимаётганига сабаб оилавий муҳит эканига амин бўлдим. Уйида ўқишга шароити йўқлигини билганим учун уларни дастлаб кутубхонада ўқита бошладим. Аста-секин уларда китобларни уйига олиб кетишга кўникма ҳосил бўлди.

Китобхонликка беэътибор ота-оналарга “Агар болангиз кутубхонага бормаса, китоб ўқиб, тафаккури теранлашмаса, эрта бир кун жиноятчилар сафига қўшилиши мумкин”, деб қатъий айтдим. Гапим таъсир қилди шекилли, ота-оналарнинг ўзлари ҳам китоб ўқий бошлади. Ҳозир ўнта болам ҳам китобхон, барчаси иш билан банд.

Сариосиё маҳалламиз ёшлари ўртасида жиноятчилик қайд этилмаяпти. Бу боради ҳиссам қўшилганидан мамнунман. “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик-танловида эса вилоятда ҳам биринчи ўринни олишга ҳаракат қиламан.

Танлов низомига кўра, ўнта ёшимни ўзим билан бирга олиб бориб, ҳар томонлама синаб кўришларига тайёрман. “Ёшлар – бизнинг келажагимиз” мавзусида тайёрланган альбом ва маълумотларимда бу ёшларни дангасалик, журъатсизлик, лоқайдлик каби иллатлардан олиб чиқиш учун амалга оширган ишларим режали ва давомли эканини аниқ мисолларда келтирганман.

Бугунги кунда фарзандидаги нохуш ўзгаришлардан азият чекаётган оилалардаги ота-оналар ҳам олдимга келишмоқда. Масъуллигимдаги ўнта ёшни ҳаётда тўғри йўлга йўналтирганимдан сўнг яна бошқа ёшларни масъуллигимга олишга, вақтдан ютишга ҳаракат қиламан. Ахир халқимизда “Йўқолган олтин топилар, аммо йўқолган вақт топилмайди”, деган гап бор...

Ёшларимиз ёнларидаги афсоналардан ўрнак оладилар

Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг кенг қулоч ёзган эзгу ишларига юртимиз маҳаллаларида яшаётган фахрийларимиз лаббай деб жавоб бермоқда. Айни кунларда барча ҳудудларда “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг туман босқичлари қизғин ўтмоқда.

Отахон ва онахонларнинг фикрини эшитиш ва тажрибаси билан ўртоқлашиш мақсадида Тошкент вилояти ҳудудлари сари йўл олдик. Тасодифни қарангки, Янгийўлда “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтаётган экан. Муҳташам залга кириб борганимизда эса юзу кўзларидан нур ёғилиб турган отахон ва онахонларнинг ўзаро беллашувини бевосита кузатиш имконига эга бўлдик. Тўғриси, уларга ҳавас ҳам қилдик.

Нега дейсизми? Чунки танлов иштирокчилари бўлмиш “II даражали меҳнат фахрийси” Абдунаби Абдухалилов, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳибаси Гулнора Жалилова, Самарқанд маҳалласи кексалар маслаҳат кенгаши раиси Гулхайри Шербоева, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мухайё Тўлаганова, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси Гулнора Алиқулова ва “Меҳнат фахрийси” Ғофуржон Қўчқоровнинг азму шижоати, ақлу заковати ҳавас қилар даражада фахрли эди-да.

Танловни кузатар эканмиз, Янгийўл мисолида нуронийларимизнинг донишмандлигига, ҳар қандай муаммоларга ечим топишдаги тажрибалари, тарбиясида муаммоси бор ёшлардаги руҳий ўзгаришларга педагогик ёндашувлари ўз самарасини бераётганини гувоҳи бўлдик.

Аслида “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик-танловида ўз вақтини аямай қатнашаётган кексаларимизнинг умр йўллари бир донишмандлик китобидир. Туманларда ўтаётган ушбу нуфузли кўрик-танлов замирида қарияларимизнинг танловга қадар қилган ишлари, юксак даражадаги тажрибаси ёшларнинг эзгу фаолиятига кенг йўл очади. Ёшларимиз ёнларидаги афсоналардан ўрнак оладилар, уларни англаш билан ўзларини ва дунёни англайдилар.

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими