Аввало тушунчага аниқлик киритиб олиш лозим. халқаро амалиётда бенефициар деганда компанияга камида 25 фоиз эгалик қилувчи ёки унинг фаолиятини жиддий назорат қилувчи жисмоний шахс тушунилади.
Бенефициарларга оид маълумотларнинг очиқланиши нима учун муҳим?
Бенефициарларга оид маълумотларнинг очиқланиши коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишни самарали ташкил этиш учун муҳим маълумотларни беради.
2015 йилда Европа Иттифоқининг Пул “ювиш”га қарши Тўртинчи Директиваси (Fourth EU Anti-Money Laundering Directive) қабул қилинди. Унга кўра, ҳар бир мамлакатда Бенефициарлар ягона базаси бўлиши кераклиги кўрсатилди.
Буюк Британия 2015 йилда бенефициарларнинг реестрини ишга туширди. Мазкур очиқ реестрда компаниянинг ички ҳужжатлари ҳам жойлаштирилмоқда.
2019 йил 1 сентябрдан Люксембург бенефициарларга оид очиқ реестрни ишга туширгани эътиборга сазовор. Сайтни (https://www.lbr.lu/) истаган шахс кириб, хоҳлаган компания ҳақида бепул маълумот олиши мумкин. Сайтда ҳаттоки аноним маълумот олиш опцияси ҳам яратилган.
Бенефициарларга оид реестрлар Германия, Бельгия, Австрия, Ирландия, Латвия, Люксембург, Словения ва Латвияда, МДҲ доирасида Россия, Украина, Беларусь ва Арманистонда ҳам мавжуд.
Украинада маълумотларни тақдим этмаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Масалан, охирги бенефициар тўғрисида маълумотларни рўйхатга олувчи давлат органига тақдим этмаслик ёки
ўз вақтида тақдим этмаслик ёҳуд юридик шахснинг охирги бенефициари тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлаш учун ахборотнинг мавжуд эмаслиги тахминан 600 дан 1850 АҚШ доллари эквивалентигача жарима қўлланилишига сабаб бўлади.
Бенефициарларни очиқлаш қонуний ишлаётган йирик чет эл инвесторларини Ўзбекистон бозорига кириб келишига замин яратади.
Бир сўз билан айтганда, бенифициарларнинг очиқланиши жараённинг асосий “ўйинчиларини” майдонга олиб чиқади, “кўринмас одам” эффектини йўққа чиқаради ва турли “кулранг схемалар”нинг ишлашини қийинлаштиради. Шу сабабли коррупцияга қарши коплекс чоралардан бири сифатида самарали усул ҳисобланади.