Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти тадқиқотчилари электр энергетикаси тизимини ислоҳ қилиш борасида Кенияда амалга оширилган ишларни ўрганди.

2002-2008 йилларда Кения иқтисодиётида ривожланиш билан бир қаторда, энергияга бўлган талаб ўртача 7 фоизга ошган. Мамлакатнинг энергетика тизими эса бу талабни қондира олмасди. Бу ҳолат энергетика тизимида ислоҳотлар зарурлигидан далолат берарди.

Энергетика тизимини трансформация қилиш жараёни:
Ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида электр энергиясини ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва сотиш соҳасида дастлабки хусусийлаштириш жараёни бошланди. Бу жараён қуйидаги йўналишларда амалга оширилди: 
- 2003 йилда қишлоқ аҳолисини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун “Қишлоқларни электрлаштириш дастури” жорий қилинди;
- 2004 йилда энергетика сиёсати ислоҳ қилинди;
- 2005 йилда тарифлар ўзгартирилди;
- Энергетика соҳасидаги низоларни ҳал этиш учун Ҳакамлик судининг ташкил этилиши энергетика тизимида тенг рақобатли бозорни яратишда муҳим рол ўйнади.
- 2006 йилда Энергетикага оид қонун қабул қилинди. 
- 2008-2009 йилларда мамлакатда қурғоқчилик бўлганлиги сабабли электр энергияси учун қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкасини 16 дан 12 фоизга тушириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Энергетика соҳасида олиб борилган тариф сиёсати Кенияда уй хўжаликлари учун нархлар ўсиб борувчи тарифлар тизими қуйидагича йўлга қўйилди: 
1. Ойига 50 кВт/соатгача истеъмол қилувчилар учун нарх 2 Кения шиллингида (0,016 АҚШ доллари) ҳисобланди;
2. Ойига 51 кВт/соатдан 1500 кВт/соатгача истеъмол қилувчилар учун нарх 8,1 Кения шиллингида (0,066 АҚШ доллари) ҳисобланди; 
3. Ойига 1500 кВт дан ортиқ энергия истеъмол қиладиган уй хўжаликлари учун 18,57 Кения шиллинги (0,15 АҚШ доллари) миқдорида тариф ставкаси қўлланилди. 

Ютуқлар:
- Ислоҳотлар тарифларни 0,07 доллардан 2006 йилда 0,15 долларгача, 2009 йилда 0,19 долларгача ошириш имконини берди. Бу эса энергия ишлаб чиқариш ва етказиб бериш харажатларини қоплаш имконини берди. 
- 2002 йилда электр энергетикаси тизими учун ажратилган маблағлар ЯИМга нисбатан 0,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2008 йилга келиб, бу кўрсаткич деярли нолга тушди. 
- 2000 йилларда электр энергетикаси секторининг қўшимча харажатлари учун бюджетдан маблағ ажратиш сезиларли даражада камайди.
- Инвестицияларнинг жалб қилиниши хусусий секторнинг иштирокини ошириб, ислоҳотлар муваффақиятини таъминлади.
- Электр энергияси таъминоти тизимига янги уланганлар 2003-2004 йиллардаги 43 000 тадан 2008-2009 йилларда 200 000 тагача ошди.
- Энергетика тизимида етказиб беришдаги йўқотишлар ҳам аста-секин 2000 йилдаги 21 фоиздан 2009 йилда 15,5 фоизгача қисқарди.
- 2003 йилдаги “Қишлоқларни электрлаштириш дастури” натижасида тизимга уланганлар сони 650 мингдан 2 миллионгача етди.

Хулоса ўрнида таъкид ўринлики, Кения тажрибаси тариф ставкаларининг оширилиши харажатларни қоплаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларига электр энергиясини арзонроқ нархда етказиб бериш имкониятини юзага келтиришини кўрсатади. Ислоҳотларни амалга ошириш учун 10 йилдан ортиқ вақт керак бўлди.  Тарифларни ошириш энг яхши чора бўлди. Чунки бу сифатли хизмат кўрсатиш ва электр энергиясини узлуксиз етказиб беришнинг омили эди.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти