“Ўзбекистон” нашриёти ҳамда Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган ушбу кечада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи ва драматург Қўчқор Норқобилнинг “Олисларда осмон йўқ эди”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомуроднинг “Ватан меҳри”, ёзувчи Уйғун Рўзиевнинг “Атиргул” ҳамда журналист ва ёзувчи Улуғбек Ўриновнинг “Гунг қиздан салом” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон давлат филармонияси Миллий созандалар ансамблининг мусиқий садолари остида бошланди. Сўнгра китоб тарғиботига бағишланган "Китоб – халқнинг юраги ва маънавияти" деб номланган видеоролик намойиш этилди. Тақдимотда филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримов, филология фанлари номзоди, доцент Гулноза Сатторова, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош мутахассиси, шоир Муҳиддин Омон, Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист Барно Қодирова, хонандалар Фарҳод ва Ширин, Шербек Шодиев ҳамда яна кўплаб адабиёт ихлосмандлари сўзга чиқди.

Бизни қўллаб-қувватлаб, чақириғимизга йўқ демасдан, биз билан елкама-елка турган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига, хусусан, уюшма раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййидга, раис ўринбосарлари – Ботиржон Эргашев, Ғайрат Мажид, Саидғани Насриддиновга, матбуот хизмати раҳбари Фозил Фарҳодга, моҳир фотограф Аҳмад Тўра ва уюшманинг барча ходимларию ОАВ вакилларига миннатдорлик билдирамиз.

Адабиёт ва китоб тарғиботи йўлидаги фидокорона меҳнатларингизни қадрлаймиз. Келгусидаги ҳамкорлигимиз янада мазмунли бўлишига ишонамиз.

Шавкат Одилжон,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг

"Ўзбекистон" нашриёти директори ўринбосари