Шунинг учун ҳамсуҳбат бўлган кексалардан, олимлардан, ижодкор дўстларимдан китобхонлик тарихи ҳақида сўраб суриштириб юраман. Ўйлаб кўрсам, аллақачон улуғларимиздан эшитган турфа маълумотлардан бир сидра айтиладиган гаплар жамланиб қолганга ўхшади.

Оммавий китобхонлик ўлкамизга кириб келганига узоқ асрлар бўлгани йўқ. Аниқроғи, кенг оммага китоб етказиб берадиган ноширлик ишлари ўтган асрда йўлга қўйилган. Бироқ шу пайтгача ҳам юртимизда илм-маърифат қадр топган, маърифат аҳли эл эътиборида бўлган. Балки миллатимизнинг дунё аҳли ҳам эътироф этадиган хислатларидан бири илмга муҳаббатимиздир. Зеро, китоб нашрлари оммавийлашмаган даврларда ўлкамизда китобхонлик оммалашганига гувоҳ бўламиз. Қандай қилиб дейсизми?

Донишманд (китобхон) халқимизнинг маънавий мероси бўлган ҳикмат сандиғидан бир нақл келтирайлик: “Ўғлинг бўлса, муллага қўй, мулла топмасанг, даврага қўй”. Фарзанди илм олиб, олим бўлишини истаганлар устоз муаллимларга мурожаат қилган. Бу тарафи тушунарли. Лекин давра қандай қилиб мадрасадан кейинги ўриндаги таълим масканига айланган? Ҳикмат — юз йиллар давомида халқ ҳаётида яшаган воқеа-ҳодисаларнинг пишиб етилган мағзи. Мактаб-мадрасаларда илм-фан ўргатилиши ҳақиқат. Аммо давра қандай ўргатади? Яқин ўтган асримизда ҳам дала меҳнатидан толиқиб қайтган одамлар ҳордиқ чиқариш маҳаллари ёки бирор йиғинларда достон, эртак, кейинчалик роман ва қиссаларни овоз чиқариб чиройли оҳангда ўқиб-тинглаган. Қизиғи шуки, жисмоний ҳориган одамлар дам олиш чоғида ўртага маърифат чироғини ёқиб қўйган. Демак, китобхонликнинг оммавийлиги ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган ҳодиса эмас экан-да!

Китобхонлик ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлган. Асрлар шажарасида узоқ юртларда йиллар бўйи юриб илм ўрганиб келганидан кейин маҳалланинг ўз одами ёки бирор зиёли мусофир меҳмонлар мойчироқ ёруғида маърифий суҳбатлар уюштирган. Узун тунлардаги бу гурунг, давра тирик китоб мавқеида бўлган. Шундай воқеа-ҳодисалар ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Бу ҳолга мутаносиб келадиган яна бир омил, яъни маҳалланинг оқсоқоли деган иборага диққат қилсак. Маҳаллада табиатан фаҳм-фаросати юксак бўлган, илм ўқиган кишилар оқсоқол номига лойиқ топилган. Ҳатто яқин-яқингача кексаларимиздан илм-маърифат эгаларига нисбатан “кўзи очиқ”, “китоб кўрган” иборалари тез-тез қулоғимизга чалинарди. Шунингдек, ўтган асрларда бахшилар куйлаган достонларни тинглаш бугунги шоу-концертлардан мутлақо бошқача маъно касб этган. Улар фақат ўйин-кулги қилмаган. Бахши туни билан дос­тон куйлаган бўлса, жим ўтириб, худди аудио­китобни тинглаган каби эшитган. Билъакс, аудиокитобни тинглашдан ҳам юксакроқ бўлган. Бахши достонни ярим театрлашган ижро ­билан куйлаган. Бутун маҳалла жам бўлиб дос­тон тинглаш ­баробарида ­атрофдагиларнинг ҳолатини кузатган, кўз орқали қалбдаги туйғулар бир-бирига ўтган, кўнгилга маърифатнинг жо бўлиш даражаси минг чандон ошган. Бир достонни бир ёки икки кечада бутун бошли маҳалла аҳли эшитган — ана сизга оммавий китобхонлик.

Бахшидан эшитган достондаги саргузаштлар кайфияти натижасида одамлар орасида кўп муҳокамалар кечган, достон саргузаштлари ўй-хаёлларида узоқ даврлар мобайнида ўз таъсирини кўрсатиб келган. Бутун маҳалла аҳли “китоб”ни бир вақтнинг ўзида ўқиб чиқиши бугунги кун одамларининг тасаввурига сиғмаслиги мумкин. Аммо ҳаётнинг ташвишу қувонч­лари ўшанда жозибали бўлган.

Қисқача баён қилганларимиздан натижа шуки, китоб, китобларнинг жонли ижроси ёхуд икки оёқли тирик китоблар — олимлар ҳақида озгина хабар айтдик. Ўша даврларда китобхонлик ҳолати бошқа бир шаклда бўлганини ҳам тасаввур қила бошладик. Аммо ҳар иккисида моҳият битта. Негаки, бугун ҳам китобхонликдан мақсад одамларнинг маърифатли бўлиши бўлса, олдинги даврларда ҳам мақсад муштарак эканига гувоҳмиз. Ана шу мантиқ ва моҳиятдан келиб чиқиб, ўта нозик бир кузатишларимни ўртага ташламоқчиман.

Тўғри, илм олиш ҳеч бир замонда осон кечмайди. Шуни ҳам эътироф этиб кетайлик, ўқиш-ёзишни билганлар ҳали илм аҳли қаторига қўшилди, дегани эмас. Лекин минг бир машаққат чекиб, узоқ ўлкаларга бориб илм олган олимлар, маърифат аҳли, ҳеч шубҳасиз, одамлар эътиборида бўлган. Кишилар билимдонларни меҳмон қилганларида уйининг тўрига ўтказган. Ўша илм аҳлининг рўзғорида бирор юмуши бўлса, кўпчилик бараварлашиб кўмак берган. Шундай қилиб, маърифат аҳлининг машаққат билан эгаллаган билим ва таж­рибаларидан баҳраманд бўлиб келинган. Ўз навбатида, илм аҳли ҳам турмуш ташвишларига ўралашиб қолмай, одамларнинг ҳақини адо этиш йўлида эртаю кеч бош қотирган. Олиму уламо, донишмандлар сиймосида, сийратида одамлар ўз орзусини кўрган. Уларга ҳавас қилиб, фарзандлари улардек олим бўлиши орзулари билан яшаб келган.

Бугунги тараққий этган дунёдаги китобхонликнинг ҳолати ўзгарди. Натижада илм-маърифатнинг аслидан тобора узоқлашаётган авлод ўз билганидан қолмайдиган даражага етди. Ижодкорлар, олимлар, оқсоқоллар у ёқда турсин, ота-она ҳамда ёши улуғларимиз гапларига қулоқ осадиганлар, жилла қурса, ҳаёт тажрибасидан ибрат олаётганлар озчиликни ташкил қилади. Бунинг таъсирида ёшлар ўртасидаги ўзига хос ҳурмат-эҳтиром ҳислари бошқачароқ касб этиб, гўё ғарблашгандек ё ғариб тус олмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, олиму уламоларга, маърифат аҳли, устозларга, кекса нуронийларга эътибор кундан кун ортиб боряпти. Кузатишларимдаги бир гўзал ҳолни айтиб кетай. Китобхонлик оммавийлигидан ажойиб мисолларни эслаб ўтдик. Ваҳоланки, илм оммавий эмас, шу икки ҳолатни бир-бирига қоришиқ тушунганимиз туфайли китобхонлик мавзусида сал паришонлик кўзга ташланмоқда.

Бинобарин, илм оммавий эмас, дер эканмиз, илм аҳли ҳисобланган олим, ижодкор, ихтирочи, тадқиқотчи, кашфиёт соҳиблари ҳам омма қатори санаб ўтилмаслиги керак.

Ҳозирги кунда мана шу санаб ўтилган кишилар ҳар бирининг ҳаёт тарзига бугунги кун ёшлари ҳавас билан қарашаётгани йўқ. Масаланинг ечими айнан шу тугунда турибди. Илм­да иқтидорли бўлган кишиларга аввал ҳавас билан қаралади ва кейин ибрат олинади. Унга ўхшашни орзу-ҳавас қилиш билан ўрнак олинади. Китобхонлик ҳақида ­қайғурар эканмиз, шу илмий-бадиий асарларни ижод қилаётган кимсаларнинг турмуш тарзи ўрнак бўлмас экан, ундан қандай қилиб улги олинади, ундай маърифатчиларга қайси бир шижоатли ёш ҳавас қиладию, китобини мароқ билан ўқийди?

Ўз ота-оналаримиз, кексаларни эҳтиром қилишнинг афзалликларини китобхонлар ёрқин тушуниб етиши, ўқувчи эса ўқитувчи ва устоз­ларни ҳурмат қилиши, соғлиғимиз учун жонкуярлик қилаётган шифокорларнинг кеча-кундуз ухламасдан қилаётган хизматлари, янги оилаларнинг мустаҳкам бўлиши каби кўплаб масалалар китобхонлик орқали ўз ечимини осон топади. Чунки ўз-ўзимизни ҳурмат қила бошласак, ўзгаларнинг ҳурматини ҳам жойига қўйишнинг моҳиятини ҳис этамиз.

Айтиш мумкинки, китобхонлик учун яратилган кенг имкониятларнинг самарасини ошириш мақсадида Президентимиз 14 февраль куни ёшлар билан мулоқот чоғи ёшлар маънавиятини юксалтиришда бадиий адабиётнинг роли жуда катта эканига алоҳида тўхталиб: “Бундан қирқ йил олдин устоз шоир Эркин Воҳидов ташкил этган “Ёшлик” журнали фаолиятини кучайтириб, уни яна ёшларимиз севиб ўқийдиган журналга айлантириш муҳим”, дея таъкидлади. Бунинг ҳам ўзига яраша асослари бўлиб, болажонларимиз мактаб партасидан журналлар воситасида маърифат аҳли билан қисқа-қисқа ошно бўлиб, кўникма ҳосил қилиб борса, ўсиб-улғайган сари бу маънавий дўсти билан кенгроқ таниша боради. Китобхонлик ҳам спорт каби аввалига машқ қилинади, машқ эса худди шу журнал ва газеталар, кейин нав­бати билан спортчи катта майдонга тушгани каби романлар мутолаасига ўтилади. Донишмандларимиз айтганидек, китобдек тўғри йўл кўрсатадиган ҳамда тўғри сўз ҳеч бир дўст топиб бўлмайди. У ҳеч қачон атрофдаги воқеа-­ҳодисалардан варақларида битилган сўзларини ўзгартирмаган.

Президентимизнинг бутун миллатни китобхон қилмасдан тўхтамайман, деган қатъ­ияти илдизи, ҳеч шубҳасиз, минг йиллик қад­риятларимизга бориб тақалади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Сўзим охирида шунча изланиб ўрганганларим моҳиятини айтсак.

Китобхон миллат қудратли давлат барпо этиши табиий. Чунки бу дунё ҳаёти ман­фаатлар устига қурилган. Ҳаёт қонуниятига ҳамоҳанг­лик, маърифат йўли энг тўғри йўлдир.

Холмуҳаммад КАРИМИЙ,

ёзувчи