Ўзбекистон – ижтимоий давлат. Конституциямизда мустаҳкамланган ушбу тамойил асосида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдам ва хизматларни кўрсатишда шаффоф, рақамлаштирилган тизим яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳаётга татбиқ этилаётган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури бу жабҳадаги ишлар ривожига хизмат қилмоқда.
Айни пайтда юртимизда бу йўналишда маҳалла даражасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 100 дан ортиқ ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш тизими яратилди. Ногиронлиги бўлган шахсларга кўмаклашиш, жамиятга интеграция қилиш, сифатли протез-ортопедия ва реабилитация воситалари билан таъминлаш жараёни такомиллаштирилди.
Президентимизнинг шу йил 30 январдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ислоҳотлар йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Фармонда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурида назарда тутилган имкониятларни рўёбга чиқариш, ҳудудларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида янгича ёндашувларни жорий этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Бу йўналишда кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқариш учун “Саховат ва кўмак”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағларини шакллантириш, улардан фойдаланиш тартиб-таомиллари белгиланди.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш кенг қамровли масала, бунда оиланинг молиявий аҳволини яхшилаш учун тиббий-ижтимоий хизматлар билан бир қаторда камбағалликдан чиқариш ва бандлик тадбирларини ҳам узвий тарзда ташкил этиш лозим. Қолаверса, давлат томонидан ажратилган ёрдамнинг муҳтож қатламга манзилли етиб боришини таъминлаш устувор вазифа.
Шунингдек, уй-жойга муҳтож ёки хонадони таъмирталаб оилаларнинг яшаш шароитини яхшилашга кўмаклашиш ҳам эътибор талаб этиладиган ҳолат. Ижтимоий ҳимоя тадбирларини ташкил этишда ана шу жиҳатларга доимий эътибор қаратиш, оилаларнинг ҳолатини мунтазам ўрганиш орқали камбағаллик ҳолатига тушиш эҳтимоли бўлганларга ҳам ўз вақтида кўмак бериш инсон қадрини улуғлашдек эзгу тамойилларга ҳамоҳангдир. Фармонда ушбу йўналишда муҳим чора-тадбирлар белгилангани айни муддао.
Илгари ижтимоий дафтарлар жамғармалари орқали аҳолининг тегишли тоифаларига кўрсатиладиган ёрдам минимал истеъмол харажатларининг бир баробаридан кўп бўлмаган миқдорда ажратиларди. Фармонга мувофиқ, бу йўналишда янги тартиб белгиланди. Эндиликда ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 баробаридан кўп бўлмаган оилаларга ҳам тақдим этилади. Бунда маданий-маърифий, таълим, спорт ва туризм тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” жамғармалари тушумларининг 25 фоизидан кўп бўлмаган қисмини йўналтиришга рухсат берилади.
Яна бир янгилик эҳтиёжманд қатламнинг даволаниши, хусусан, жарроҳлик муолажаларини олишига кўмаклашиш билан боғлиқ. Аввал бундай кўмак турли дафтарлар орқали кўрсатилар, маблағ миқдори ҳам турлича бўлган. Бу эса муайян муаммоларни юзага келтираётган эди. 2025 йил 1 майдан ижтимоий дафтарлар жамғармалари ҳисобидан даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштирилади. Қолаверса, жарроҳлик муолажаси харажатлари тўлиқ қоплаб бериладиган бўлди.
Яқин-яқингача ижтимоий ёрдам ажратишда аҳолининг ҳақиқатан бундай кўмакка муҳтож экани тўлиқ ўрганилмас эди. Натижада ҳақиқий эҳтиёжманд оилалар қолиб, молиявий ҳолати яхши бўлганлар ҳам ёрдам олиб келган. Ижтимоий ҳимоя учун ажратилган маблағларни ҳақиқий муҳтожларга етказишда жаҳон тажрибасида ҳам қатор муаммолар учрайди. Шу боис, кўплаб ривожланган давлатлар ечим сифатида автоматлаштирилган тизимдан фойдаланмоқда.
Масалан, Германияда ижтимоий ёрдам автоматик тарзда тайинланади, бу жараёнда давлатга мурожаат қилиш талаби йўқ. Бу усул Жанубий Корея ва Канада тажрибасида ҳам ўзини оқлаган. Эндиликда бизда ҳам бу амалиётдан фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун ижтимоий дафтарлар жамғармалари ҳисобидан ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган шахсларнинг ижтимоий ҳолатини аниқлаш “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали, оиланинг молиявий ҳолатини эса идоралараро ахборот алмашинуви орқали автоматик равишда баҳолаш натижаларига мувофиқ амалга оширилади.
Шунингдек, 2025 йил 1 апрелдан Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар учун ижтимоий дафтарлар жамғармалари орқали қўллаб-қувватлашнинг бир қатор янги инструментлари жорий этилади. Масалан, камида 3 нафар хотин-қиз, ёш ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаси бандлиги ҳамда ижтимоий фаоллигини таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваригача грантлар ажратилади.
Бундан ташқари, ушбу санадан эътиборан “Ёшлар дафтари” жамғармаси орқали, шу йил 1 сентябрдан эса “Аёллар дафтари” жамғармаси орқали тўланадиган бир марталик моддий ёрдамлар ўрнига кам таъминланган оилалар учун назарда тутилган нафақалар тўланади.
Шу йил 1 апрелдан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам ўрнига ушбу ҳудудларда яшовчи Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга уй-жойида артезиан қудуқ қазиш, сув насосларини ўрнатиш ҳамда ичимлик сув фильтрларини харид қилиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби жорий этилади. Бунда субсидия харажатларнинг 90 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда ажратилади. Ушбу чора-тадбирлар аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш ва саломатлигини яхшилашга хизмат қилади.
Ногиронлиги бор шахсларга меҳр-эътибор кўрсатиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун шароит яратиш, соғлиғини яхшилашга кўмаклашиш савобли иш. Сўнгги йилларда бу йўналишда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаш учун “Ғамхўрлик” гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди.
Бу борадаги хайрли ишлар давом эттирилиб, “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан ногиронлиги бўлган ёшларга параспорт тўгаракларига қатнашиши учун йўл ҳақи харажатларини ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваригача миқдорда қоплаб бериш йўлга қўйилади. 6 ой давомида мунтазам равишда спорт ва санъат тўгаракларига қатнашаётган ёшлар учун спорт кийимлари, инвентарлар, мусиқа ва чолғу асбобларини харид қилиш учун маблағ ажратилади.
Ҳаёт тасодифий ҳодисалардан холи эмас. Тўсатдан рўй берадиган ёнғин, тошқин каби фожиалар тинч-тотув, тўкинликда яшаб турган оилаларнинг бахтли ҳаётини бирпасда йўққа чиқариши мумкин. Бундай ҳолатларда оилаларга кўмак бериш, руҳан далда бўлиш халқимизнинг азалий қадрияти. Албатта, оғир лаҳзаларда яқинлар, маҳалла-кўйнинг ҳамдардлиги, қўллаб-қувватлови катта мадад. Аммо шундай вазиятда давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдамнинг ҳам аҳамияти беқиёс.
Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, фармонга мувофиқ, ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқа техноген ҳодисалар оқибатида зарар кўрган оилаларга уй-жойларини тиклаш, таъмирлаш харажатларини қоплаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача ёрдам кўрсатиш белгилангани яна бир хайрли иш бўлди. Зеро, кўмакка муҳтож инсонга ўз вақтида ва беминнат тарзда кўрсатилган ёрдам энг катта қўлловдир.
Туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида “Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик” жамғармалари ташкил этилиши бундай хайрли ишлар барча жойларда кенг қулоч ёйиши ва ижтимоий кўмак ҳақиқий муҳтож қатламга ўз вақтида ва манзилли етиб боришига замин бўлади.
Мазкур фармонда белгиланган ана шундай хайрли ишларнинг тўлиқ рўёбга чиқиши ижтимоий ёрдамнинг мақсадли ва манзиллилигини, унинг кўмакка ҳақиқатан эҳтиёжи бор инсонларга етиб боришини таъминлашда муҳим қадам бўлади. Қолаверса, ижтимоий дастурлар янги механизмлар асосида янада шаффоф ва самарали амалга оширилиши натижасида тизимда коррупция ва бюрократиянинг олди олинади. Бундан, аввало, инсон, қолаверса, жамият ва давлат ҳар томонлама манфаат кўради.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири