Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд ногиронларга ҳаётда кенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласига алоҳида аҳамият бериб келинади.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Кеча, 3 декабрь – Халқаро Ногиронлар куни муносабати билан Чирчиқ шаҳридаги “Наврўз” тўйхонасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар иштирокида тадбир ўтказилди.
Тадбирда ногиронлиги бўлган юртдошларимизга Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Чирчиқ шаҳар бўлинмаси ҳамда турли корхона ва ташкилотлар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида ногиронлиги бўлган фуқароларимиз учун байрам дастурхони атрофида концерт дастури намойиш этилди. Таниқли хонандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача файз киритди.
- Имконияти чекланган, ўзгалар ёрдамига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолидан хабар олишни нафақат ушбу кунда, балки дастур-режамизга мувофиқ ҳар доим амалга ошириб келяпмиз, - дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Чирчиқ шаҳар бўлинмаси бошқарув раиси Ўткир Тожибоев. – “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Чирчиқ шаҳар бўлинмаси, шаҳар ҳокимлиги ҳамда халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашининг депутатлик гуруҳи билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган фуқароларимизни ҳар томонлама қўллаб- қўвватлаш, уларнинг турмуш тарзи, яшаш шароитларини яхшилаш бўйича қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги тадбирни ўтказишимиздан мақсад ҳам ногиронлиги бўлган фуқароларимизни ўзларини соғлом инсонлар каби ҳис этишлари ва озгина бўлсада уларнинг қалбларига қувонч бағишлашдан иборат.