2023 йил 30 апрель мамлакатимиз тарихи саҳифаларига улкан сиёсий воқеа сифатида муҳрланиши шубҳасиз. ушбу санада юртдошларимиз ўз хоҳиширодасини умумхалқ референдуми орқали билдириб, янги таҳрирдаги халқчил Конституциямизнинг қабул қилинишига хайрихоҳлик билдирди. Шу ўринда Асосий қонунимизда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилгани аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этувчи навқирон авлодни мамнун этди.
Хусусан, Конституциямизнинг ХIV боби “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган. Мазкур бобнинг 79-моддаси бевосита ёшларга қаратилган бўлиб, унда, жумладан, шундай дейилади: “Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради.
Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шартшароитлар яратади”. Шу ва бошқа моддаларда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, мамлакатидан ҳамда халқининг бой маданий меросидан фахрланиш, ватанпарварлик ва Ватанга меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш, уларнинг қатор ҳақ-ҳуқуқлари рўёбга чиқиши учун шарт-шароит яратиш, маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши ҳамда бандлигини таъминлаш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олаётир.
Бунга Конституция даражасида кафолат берилди. Мана шундай имкониятлар ёшларга рағбат беради, руҳлантиради. Уларнинг ўз истеъдодини тўлақонли намоён этишига эшик очади, давлат ва жамиятга ишончли муносабатини шакллантиради. Эътиборли яна бир жиҳат шуки, Конституциямизда ёшларнинг танлов асосида бепул олий таълим олиши ҳам кафолатланмоқда. Сўнгги ўн йилда ёшларнинг давлат гранти асосида бепул таълим олиши учун ажратилган квоталар миқдори анча камайиб кетган эди.
Aйни пайтда давлат гранти асосидаги квоталар икки баробар кўпайтирилиб, салмоқли кўрсаткичга етказилди. Бунинг натижасида, йигит-қизларда билим олишга қизиқиш ва иштиёқ янада ошади. Илмли авлоднинг шаклланиши ва кўпайишига мустаҳкам замин яратилади. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини шакллантириш каби улуғвор вазифаларни олдимизга қўйганмиз.
Бундай улкан мақсадларга фақат билимли, салоҳиятли ва интилувчан ёшлар орқалигина эришиш мумкин. Навқирон авлод мамлакатимизнинг келажаги ва истиқболи кафолати ҳамдир. Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари кафолатлангани масаланинг бир жиҳати бўлса, иккинчи муҳим жиҳати уни амалга ошириш ва ҳаётга татбиқ этишдир. Бош қонунимиздаги моддаларнинг амалиётда самара бериши замирида интилиш ва саъй-ҳаракатларимиз ётишини унутмаслик керак.
Зотан, Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнаши айнан навқирон авлодга боғлиқ. Бу, ўз навбатида, Ёшлар парламенти аъзолари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.