Халқимизда ҳар қандай катта ишни бошлашдан олдин кўпчилик билан маслаҳат қилинади. Маслаҳатлашув жараёнида жўяли таклифлар билдирилади. Қизғин муҳокамалардан сўнг кўпчиликнинг рози-ризолиги билан якуний қарорга келинади. Бош қонунимизга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасида ҳам айнан шундай йўл тутилди.

Амалдаги Конституция мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг сиёсий қурилиши, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, давлат ва фуқароларнинг, жамият тузилмаларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларига оид масалаларни қамраб олди, барча соҳада эришилган ютуқларимизнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилди. Лекин вақт – югурик. Замон шиддат билан ўзгариб бормоқда. Буни ҳам ҳисобга олишимиз шарт, албатта. Асосий қонунимизни амалга оширилаётган ислоҳотларга, жамиятдаги реал воқеликка, юртдошларимизнинг онгу тафаккуридаги ўзгаришларга, ижтимоий-иқтисодий муносабатларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириш ҳаётий зарурат ҳисобланади.

Дунё тажрибасида сўнгги 30 йилликда 90 га яқин давлатда конституциявий ислоҳотлар ўтказилиб, улардан 53 тасида янги Конституция қабул қилинди.

Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар нима учун керак ва бу ислоҳотлар мазмун-моҳиятида қандай мақсадлар мужассам, деган савол туғилиши табиий. Охирги олти йилда жамиятимизда том маънода уйғониш содир бўлди, Учинчи Ренессанс пойдеворига тамал тоши қўйилди.

Одамлар жамиятда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ эмас – ўз муносабатини билдиряпти, таклиф-истакларини баён этяпти. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида юзага келган ижтимоий муносабатларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш зарурияти пайдо бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини эълон қилди. Мазкур лойиҳада Конституциямизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим моддалар) қўшиш таклиф этилмоқда.

Албатта, шу пайтга қадар Конституцияга бир неча бор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Лекин улар, асосан, давлат ҳокимияти фаолиятига дахлдор бўлган. Ҳозирги киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг замирида эса “Инсон қадри учун” ғояси мужассам, яъни таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкам таъминлашнинг конституциявий-ҳуқуқий кафолати назарда тутилмоқда. Илгари амалда бўлиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартириш зарурияти конституциявий ислоҳотларнинг муҳим асосидир.

Демак, инсон, унинг ҳаёти, қадр-қимматини улуғлаш ва буни Конституциянинг бутун руҳига сингдириш, ҳар бир моддасида акс эттириш мақсад қилинган. Шундагина Бош қонунимиз чиндан ҳам халқ Конституцияси бўлади. Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, бу ишлар ўзимизни кўз-кўз этиш учун эмас, балки халқнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, эртага ҳар бир юртдошимиз Конституция билан фахрланиши, “Бу менинг Конституциям” деб ғурурланиши учун амалга оширилаётганини англашимиз зарур.

Инсон бу дунёда муносиб ҳаёт тарзида, ўзига қулай шароитда яшаши керак. Давлат инсоннинг фаровон яшашини кафолатлаши ва бунга имкон яратиб бериши даркор. Бу Конституцияда акс этиши ва ижтимоий давлатнинг фуқаролари олдидаги асосий вазифалари аниқ белгилаб қўйилиши адолатдан бўлади.

Очиқлик ва шаффофлик давлатимиз сиёсатининг муҳим шартига айланган бир пайтда Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жараёни ҳам тўлиқ очиқлик ва шаффофлик шароитида ўтаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Инсон ҳуқуқлари орасида энг асосийларидан бири, шубҳасиз, сўз ва матбуот эркинлигидир. Сўз эркинлиги, янада кенгроқ маънода оладиган бўлсак, ахборот эркинлиги халқаро ҳуқуқ томонидан инсоннинг энг асосий – фундаментал ҳуқуқларидан бири сифатида тан олинган. Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги энг муҳим сиёсий ва шахсий ҳуқуқлар сирасига киради ва бу Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасида қатъий белгилаб қўйилган.

Шу боис, фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш – Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси еттинчи йўналишининг дастлабки ва муҳим мақсади сифатида белгиланган. Бундан англаш мумкинки, биз яшаётган глобаллашув ва ахборот асрида ҳаётимиз, жамият тараққиёти, мамлакат равнақи замонавий медиамакон ва ахборот-коммуникация технологиялари, оммавий ахборот воситалари фаолияти билан чамбарчас боғлиқ.

Мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳалар қаторида ахборот сиёсати учун ҳам ўзига хос ўзгаришлар даври бўлди. Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришган 1991 йилдан 2002 йилгача соҳага тегишли бўлган 5 та яхлит қонун қабул қилинган бўлиб, кейинги даврда у босқичма-босқич такомиллашиб келмоқда. Кейинги 6 йил ичида ОАВ сони 30 фоиз, интернет нашрлари эса 2 баробар кўпайгани юқорида айтилган фикримизнинг яққол далилидир. Бу ўринда, айниқса, хусусий медиа ҳиссаси салмоғи янада ортгани, уларда мавжуд муаммолар эркин ва очиқ тарзда ёритилаётгани эътиборга молик.

Сўнгги йилларда оммавий ахборот воситалари орқали объектив ва ҳаққоний маълумот олиш имкониятлари янада кенгайиб, сўз эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани юртимизда демократиянинг барча тамойилларига амал қилинаётганини кўрсатмоқда. Зеро, демократия давлатнинг ОАВга бўлган эътибори ва муносабати билан ҳам ўлчанади.

Техника ва технологиялар тараққиёти жамиятда ахборотнинг аҳамиятини янада оширди. Ахборот барча соҳага чуқур кириб боргани, инсон ва жамият ҳаётига таъсири мисли кўрилмаган даражада ортгани, ўз навбатида, уларни тартибга солиш заруратини ҳам юзага келтирди.

Мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқини янада кенгроқ рўёбга чиқариш учун имкон яратиш, ОАВнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш борасидаги ролини кучайтиришга хизмат қилади.

Янги Ўзбекистонни барпо этишда , жамият ва давлат бошқарувини танқидга, айниқса, қарама-қарши фикрларга тўғри муносабатни шакллантиришда сўз эркинлиги учун холис хизмат қиладиган ахборот воситалари ҳамда унда фаолият юритиб келаётган журналистлар учун, авваламбор, конституциявий кафолатлар жуда муҳим.

Умумхалқ муҳокамасига тақдим этилган конституциявий қонун лойиҳасининг 67-моддасида: “Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ахборотдан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди”, деган норма ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Бунинг эътибор ва эътирофга лойиқ жиҳати шундаки, давлат ОАВ ҳамда Ўзбекистон тараққиёти ва халқ турмуши фаровонлигини янада юксалтириш йўлида улкан ҳисса қўшиб келаётган журналистлар фаолияти эркинлиги қонун йўли билан ҳимояланишини давлатнинг асосий қонуни билан кафолатламоқда.

Дунё тажрибасига кўра, сўз ва матбуот эркинлигини таъминламай туриб, иқтисодий ривожланишга эришиш ҳам, жамият аъзолари турмуш фаровонлигини ошириш ҳам оғир кечади. Ўзбекистоннинг амалдаги Конституцияси 67-моддасида ОАВ ҳамда журналистларнинг ўз касбий фаолиятини эркин амалга ошириши учун зарур ва етарли кафолатлар белгиланмаган. Таклиф этилаётган янги таҳрирдаги моддада эса айнан шу бўшлиқ тўлдирилиб, ОАВ ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Жумладан, 67-моддада “Оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деган норма ўз ифодасини топган.

Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бундай имкониятлар медиа соҳаси вакилларидан мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида ҳар қачонгидан ҳам фаол, холис, ҳалол ва ўта маъсулиятли бўлишни талаб этмоқда.

Сўз эркинлиги конституциявий жиҳатдан кафолатланган жамиятларда, албатта, бу ҳуқуқдан фойдаланишнинг муайян тартибга солинган қонун-қоидалари ҳам мавжуд. Масалан, сўз ва ахборот эркинлигининг ҳуқуқий ҳимояси ахборотнинг мазмун-мундарижаси ва уни ифода этиш воситаларига, усулларига боғлиқ. Ахборот эркинлиги интернет ва замонавий ахборот технологиялари шароитида шахснинг бошқа ҳуқуқларига, хусусан, ҳар бир фуқаронинг инсоний қадр-қиммати ва шаъни, шахсий маълумотлар махфийлиги билан боғлиқ ҳуқуқларига зарар етказмаслиги керак.

Шу боис, таклиф этилаётган қонуституциявий қонун лойиҳасининг 67-моддасида “Оммавий ахборот воситалари ўзлари тақдим этадиган ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгардир”, деган норма киритилгани соҳа вакилларининг ахборотни олиш, тўғрилигини текшириш ва тарқатиш борасидаги маъсулиятини янада оширишга туртки бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, Конституциямизнинг 67-моддасига қўшимча тарзида киритилаётган, кенг жамоатчилик томонидан келиб тушган таклифлар асосида такомиллашаётган ҳуқуқий нормалар оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини таъминлаш ҳамда миллий журналистикамизни янада ривожлантириш, соҳа вакиллари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда янги имкониятларни очиш баробарида эл-юрт манфаати ва юртимиз тараққиётига ҳам хизмат қилади.

Конституциявий ислоҳотлар жараёни журналистлар олдига шундай вазифаларни қўймоқдаки, унга киритилаётган ҳар бир ўзгартиш ва қўшимчаларни, энг аввало, журналистнинг ўзи чуқур англаши, ҳар жиҳатдан холисона таҳлил эта олиши зарур. Бу, ўз навбатида, журналистнинг тайёрлаган материали орқали жамоатчилик эътиборига тўғри ва мукаммал ифодаланган ҳолда, ҳавола этилиши шарт.

Журналистиканинг асосий вазифаларидан бири жамоатчилик фикрини шакллантириш, жамиятда юз бераётган ўзгаришлар, ислоҳотлар моҳиятини аҳолига, ҳар бир шахсга тўғри тушунтиришдан иборат. Токи ҳар бир фуқаро, ҳар бир шахс конституциявий ислоҳотлар келажак учун муҳим эканини, таҳрир этилаётган ҳар бир норма, ҳар бир банд оддий бир инсон, фуқаро ҳаётида нечоғли муҳим аҳамият касб этишини тушуниб етсин.

Шундагина журналистлар жамиятнинг бошқалардан кўра бир қадам олдинда юрадиган илғор вакиллари сифатида ўз миссияларини тўлиқ адо этаётган бўлади. Айни ислоҳотлар жараёнида эса биз журналистлардан чиндан ҳам бошқалардан кўра бир қадам олдинда юриш талаб этилмоқда.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси