Юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Конституцияда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари яшаш ҳуқуқидан бошланади. Ҳаёт олий қадрият ҳисобланиб, инсоннинг ҳаётига дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Шахснинг фикр ва сўз эркинлиги Конституциявий ҳуқуқнинг энг муҳимларидан биридир. Ҳар бир шахс ҳар қандай воқеа ҳодисага нисбатан ўз шахсий фикрига эга бўлиб, у ўз фикрини ошкора айтиш ҳуқуқига эгадир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоячисидир. Озодликдан маҳрум қилинган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисобланади. Улар Ўзбекистон Республикаси қонунларини бузиб, озодликдан маҳрум қилиш жазо муддатини ўтаётганликлари сабабли уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари муайян даражада чекланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 8-моддасида: «Жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, яъни жиноятнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак» деб белгилаб қўйилган.

Жазони ижро этишда маҳкумларга Ўзбекистон Республикаси фуқароларига бериладиган ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари жиноят ижроия қонунчилигида белгиланганидан ортиқча даражада чекланишига йўл қўйилмайди.

Маҳкум шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиб қолаверади ва Конституция ҳимоясида бўлади. Давлат унинг ҳаёти, соғлиғи ва жисмоний дахлсизлиги учун жавобгардир.

Озодликдан маҳрум қилиш юридик томондан ҳуқуқларни чеклаш мажмуини ўз ичига олади, маҳкум шахслар баъзи ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум бўладилар, бошқалари қисман чекланади, учинчи тоифасидаги ҳуқуқ ва эркинликлари ўзгаришга юз тутади.

Агар маҳкум шахснинг асосий конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларидан маҳрум қилиниши ҳақида гапирилса, «озодликдан маҳрум қилиш» сўзи авваламбор, маҳкумнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин ҳолда юра олмаслиги ва яшаш жойини эркин танлай олмаслиги, яъни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркиниликларидан маҳрум бўлиши тушунилади.

Шундай қилиб, озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари сезиларли даражада чекланади, ўзгаради ёки умуман уларда бу ҳуқуқ ва эркинликлар бўлмайди. Лекин маҳкумларда конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларнинг кўпи сақланиб қолади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида: «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт» деб белгилаб қўйилган.

Бу ҳуқуқлар маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳолатида сақланиб қолади. Конституциянинг 26-моддасида: «Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсизлик ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас» деб белгилаб қўйилган бўлиб, маҳкум шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Маҳкум шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 2-бобида ўз аксини топган. «Маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари муайян жазо турини ижро этиш тартиби ва шартларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади».

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сифатида Конституция ва қонунларда белгиланган умум фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эгадирлар.

Маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳолати Жиноят-ижроия қонун нормаларида белгилаб қўйилиши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларида ўз ифодасини топган ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва тамойилларига мос келади.

Ш. Хотамов,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат

Хавфсизлиги университети доценти,

Д.Тураханова,

Жамоат Хавфсизлиги университети Хизмат

фаолиятини тарбиявий-психологик

таъминлаш кафедраси катта ўқитувчиси