Томонлар кенг кўламли Ўзбекистон - Жанубий Корея ҳамкорлигининг икки томонлама масалалари, шунингдек, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги мулоқотнинг юқори суратларда ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилиб, бу мамлакатларимиз ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришдан ҳар икки томоннинг манфаатдор эканлигидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил декабрь ойида Корея Республикасига амалга оширгани давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган олий даражадаги келишувларни комплекс тарзда ҳаётга татбиқ этишнинг муҳимлиги эътироф этилди.
Келгуси икки ва кўп томонлама учрашувлар жадвали, шу жумладан, жорий йили нишонланаётган Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги доирасида ўтказиладиган тадбирлар юзасидан келишиб олинди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.