Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Кореянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган учрашувда 100 та Корея корхоналари ўртасида ўтказилган сўровномада улар томонидан билдирилган муаммолар муҳокама қилиниб, ҳал этиш чоралари кўрилди.
Тадбирда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ким Хи Сан иштирок этди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг қайд этишича, сўнгги йилларда Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик янги даражага кўтарилган. Корея Республикаси Ўзбекистон билан ташқи савдо айланмаси ҳажми энг катта бўлган давлатлар бешталигига кириши ва бугунги кунда юртимизда Корея капитали иштирокида 930 та корхона фаолият кўрсатаётгани, шундан 380 таси қўшма корхона ҳамда 550 таси тўлиқ корея капитали асосида ишлаётгани бунинг тасдиғидир.
Ушбу корхоналар фаолиятининг асосий йўналишлари: савдо, транспорт ва логистика, ахборот технологиялари, турли хизматлар кўрсатиш, қурилиш ва бошқалар.
Айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Кореянинг қатор ташкилотлари, шу жумладан, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея халқаро савдо уюшмаси, “Корея-Марказий Осиё” ҳамкорлик форуми котибияти ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ўзаро ташрифлар ва турли кўламдаги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
2022 йил январь-сентябрь ҳолатига кўра мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 1,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 2021 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 5,1 фоизга ўсди. Бунда транспорт, қурилиш, тўқимачилик, кимё, озиқ-овқат соҳаларини алоҳида қайд этиш лозим.
Кореялик ишбилармонлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда тизимли равишда мақсадли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётганини, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида бир қатор ҳуқуқий ва молиявий имкониятлар яратилиб, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чоралари амалга оширилаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, кореялик инвесторлар ўз фаолиятида учраётган баъзи бир муаммоларни баён қилди. Билдирилган муаммоларнинг аксарияти тадбир давомида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ҳал этилди, айрим масалалар бўйича эса топшириқлар берилди.
Ушбу форматдаги учрашувлар корея инвесторларининг Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритиши учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш учун имкониятларини ўрганишда ўзининг юқори натижасини кўрсатади.