Масалан, нафас етишмовчилиги, ҳолсизлик, терлаш, иштаҳанинг йўқлиги...

Кун тартибида турган мазкур ўта жиддий масала мутасаддилар диққат марказида бўлиб, коронавирус касаллигига чалинган ва ёндош касалликлари бўлган шахслар учун алоҳида шифохоналарни ажратиш, касаллик оғир ва ўрта оғир кечган шахслар учун реабилитация марказларини очиш, ҳозирнинг ўзида бир неча шифохоналарни айнан фаолиятнинг шу тури билан шуғулланишга ўтказиш режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилаётган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилди.
Брифингда шунингдек, сўнгги пайтларда тиббиёт ходимларининг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларида кўп ишлатилаётган «микст-инфекция» иборасининг мазмунига изоҳ берилди.

– «Микст-инфекция» дегани, бир пайтнинг ўзида иккита инфекция, мисол учун, коронавирус + грипп, коронавирус + қизамиқ, коронавирус + парагрипп, коронавирус + ўткир респиратор касалликлар деганидир, – дейди Н.Отабеков. – Ҳаво томчиси инфекциялари авж оладиган мавсум яқин. Шу боис, бу каби ҳолатлар кузатилиши табиий.