Одатда, йирикроқ молиявий мақсадга тезроқ эришиш учун қарз олиш орқали масалани ҳал қилишга ҳаракат қилинади. Замонавий тилда бу кредит деб аталиб, пул маблағлари, товар ва хизматларни келишилган устама (фоиз) тўлаб қайтариш шарти билан муайян муддатга қарз бериш тушунилади. Мисол учун, банклар пулларни бир бизнес субъектидан қарз олиб бошқасига беради. Пулни қарз сифатида олиб ишлатган корхона бунинг учун фоиз тўлайди. Молиявий ташкилот шундан фойда кўради.
Кредитнинг тижорат, банк, давлат, истеъмол, халқаро, ипотека ва бошқа шакллари мавжуд. Улар орасида имтиёзли кредитлар алоҳида ўрин тутади. Чунки бу кредитлар мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида ташкил этилган давлатнинг махсус жамғармалари ёки халқаро молия ташкилотлари ҳисобидан турли имтиёзлар асосида ажратилади. Уларнинг шартлари бевосита ресурсни тақдим этаётган ташкилот томонидан ўрнатилади.
Кредит иқтисодиётда муҳим вазифани бажаради, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортни ошириш, устувор соҳалар фаолиятини жадаллаштириш учун маблағни энг фойдали ва истиқболли йўналишларга йўналтириш имкониятини юзага келтиради.
Жорий йилдаги саноат корхоналарини ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳаларга эътибор қаратадиган бўлсак, бунда ҳам бошқа иқтисодий рағбатлар каби имтиёзли кредитлар муҳим дастак бўлаётганини кўриш мумкин.
140 та тайёр лойиҳа
Республикамизда халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда, саноатнинг устувор йўналишлари бўйича 140 та тайёр лойиҳа ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳаларнинг жами қиймати 10 миллиард долларга тенг бўлиб, уларда 60 мингта иш ўрни яратиш, йилига 5 миллиард долларлик маҳсулот тайёрлаш ҳамда 2,5 миллиард долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган.
Мазкур лойиҳалар электрон платформага қўйилиб, тадбиркорларга очиқ-ошкора шартлар асосида таклиф этилади. Уларга жойи ҳам, маблағи ҳам, инфратузилмаси ҳам ҳал қилиб берилади.
Президентимиз ўтган йили тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда мазкур янги ташаббусни илгари сурди. “140 та илғор саноат корхонаси” дастурини амалга ошириш ва “Саноат ипотекаси” тизимини жорий қилиш лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 4 сентябрдаги ва Вазирлар Маҳкамасининг 26 декабрдаги қарорлари асосида ҳуқуқий мақом касб этди.
Ҳужжатлар билан дастур доирасида тадбиркорлик субъектларига очиқ танлов асосида таклиф қилинадиган йирик саноат лойиҳаларининг тақсимоти, шунингдек, уларни амалга оширувчи ташаббускор тадбиркорларни очиқ танлов асосида танлаб олиш ва молиялаштириш тасдиқланди.
— Йўналишлар бўйича электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари, полимер-кимё, озиқ-овқат саноатларидан 20 тадан, чарм-пойабзал, машинасозлик, заргарлик, мебелсозлик соҳаларидан 10 тадан лойиҳа киритилган, — дейди иқтисод фанлари номзоди, эксперт Рўзимбой Қурбонов. — Уларни очиқ танлов асосида танлашнинг асосий мезонлари сифатида камида 100 та янги иш ўрни яратилиши, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ички бозордаги импорт улуши 50 фоиздан юқори ва технологик асбоб-ускуналарнинг янги авлодга мансуб бўлиши, лойиҳа амалга ошириладиган туманнинг тоифасидан келиб чиқиб, унга афзаллик берилиши (тоифаси паст туманларга юқори афзаллик тақдим қилиниши), халқаро брендлар билан ҳамкорлик шартномасига асосан жорий этилишига ҳам эътибор қаратилиши белгиланган.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан йирик саноат лойиҳаларининг энг яхшиларига очиқ танлов асосида инвестиция жалб қилинади, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари эса ҳукумат комиссияси томонидан аниқланади. Ғолиб бўлган ташаббускор тадбиркорларга мазкур вазирлик ҳамда унинг тизим ташкилотлари лойиҳаларнинг бизнес-режаси ва техник-иқтисодий асосларини тайёрлашда услубий жиҳатдан ёрдам беради. Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан хорижий валютада йиллик 4 фоиз ва миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада 10 йил муддатгача, шундан 3 йилгача имтиёзли давр билан бир лойиҳа қийматининг 25 фоизи, бироқ 10 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда кредитлар ажратилади.
2024 йил 1 январдан “Саноат ипотекаси” тизими жорий этила бошланди. Унинг доирасида тадбиркорлик субъектларига ер участкалари (ишлаб чиқариш майдонлари) қурилиш учун тегишли рухсатнома ва лойиҳа ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳолда, “тайёр бизнес” шаклида аукцион савдоларига чиқарилади. Ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида бино ва иншоотлар харид қилиш учун тижорат банкларига 7 йил муддатга, 2 йилгача имтиёзли давр билан миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада кредитлар ажратилади. Бунда тижорат банкининг маржаси 4 фоиз миқдорида белгиланади. Харид қилинган бино-иншоотларнинг камида 50 фоиз майдонидан бевосита ишлаб чиқариш фаолияти учун фойдаланиш шарти қўйилган.
Тез орада Вазирлар Маҳкамаси томонидан саноат ипотекаси асосида харид қилинган бино-иншоотларнинг камида 50 фоиз майдонидан бевосита ишлаб чиқариш учун фойдаланиш ва бошқа мезонлар бўйича тартиб тасдиқланади.
Кўриниб турибдики, кредит ажратилишида мақсад ва манзил аниқ, самарадорликка эришиш учун ҳам мутассаддиларнинг масъулияти белгиланган. Энг муҳими, бу кредитлар аукцион савдоларига чиқарилади, ғолиблик учун кураш кетади ва ғолиблар ҳукумат комиссияси томонидан аниқланади.
Ресурс йўқлиги сабабли кредит фоизи юқорими?
Соҳани ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида сўнгги уч йилда банклар капитали 1,8 баробар, йиллик кредит ажратиш ҳажми 2 баробар кўпайди. 4 та банк илк бор “евробонд” чиқариб, халқаро капитал бозорларидан 1 миллиард доллар ресурс олиб келди. 13 та янги хусусий банк ташкил этилди. Венгрия, Қозоғистон ва Грузиянинг нуфузли банклари юртимизда фаолият бошлади. Онлайн банк хизматлари ҳажми 2,7 баробар ошди.
Президентимиз раислигида 16 январь куни 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида банк тизими барқарорлигини таъминлаш ҳамда кредит фоиз ставкаларини тушириш масалалари атрофлича таҳлил этилди.
Айни пайтда Марказий банкнинг асосий ставкаси 14 фоизни ташкил этади. Бозор механизмлари асосида кредит ставкаларини камида 2-3 фоизга тушириш мумкин.
Йиғилишда банклар ресурс йўқлиги сабабли кредит фоизи юқори, дейишга ўрганиб олгани таъкидланди. Ваҳоланки, муаммоли қарзларни ундиришнинг ўзидан 25 триллион сўмлик кредитга ресурс топса бўлади. Масалан, Жиззах, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида муаммоли кредитлар улуши 10 фоизга етган.
Тармоқ раҳбарлари, ҳокимлар 9 триллион сўмлик кредитлар ҳисобига ташкил этилган 2 342 лойиҳа паст қувватда ишлаётганига қарамасдан, уларнинг муаммосини ҳал қилишда кўмаклашмаётгани танқид қилинди. Эндиликда Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман кредит олган корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлаб кетишига ёрдам беради. Ҳокимлар, банклар кредит беришдан олдин лойиҳа қанча иш ўрин яратиши, бюджетга қанча тушум бўлишини ҳисоб-китоб қилиш тизимига ўтади ва самарасига шахсан жавоб беради.
Марказий банк маълумотларига кўра, тижорат банкларининг жами кредит портфели 2023 йил давомида 81,4 триллион сўмга ўсиб, йил якунида 471,4 триллион сўмни ташкил қилган. Муаммоли кредитлар миқдори йил бошидаги кўрсаткичга (13,99 триллион сўм) нисбатан 2,63 триллион сўмга ўсиб, 16,62 триллион сўмдан ортган.
Президентимиз раислигида 18 январь куни бўлиб ўтган 2024 йилда инвестиция, экспорт ва саноат соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишда қайд этилишича, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кредитлашга 200 миллион доллар ресурс берилган. Бундан ташқари, жорий йилда мазкур йўналишга 800 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Шунга қарамай, Экспортни рағбатлантириш агентлиги тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари билан биргаликда бу маблағлардан самарали фойдаланишини таъминлай олмаётгани таъкидланди.
Масалан, экспорт олди молиялаштириш учун имтиёзли шартларда ажратилган ҳар 1 долларга ўртача 5 долларлик экспорт тўғри келяпти. Лекин электротехникада бу кўрсаткич 2,5 доллар, қишлоқ хўжалиги ва фармацевтика соҳаларида 3 долларни ташкил қилади. Айрим корхоналарнинг экспорт ҳажми олинган кредитдан кам бўлган бўлса, баъзилари кредит олиб, умуман экспорт қилмаган. Шунингдек, 2023 йили халқаро стандарт жорий қилиш ва сертификат олиш учун 4,5 миллиард сўм маблағ берилган 31 та корхона экспорт билан шуғулланмаган.
Йиғилишда Экспортни рағбатлантириш агентлиги экспортчи корхоналарга ҳақиқий кўмакчи бўлиш ўрнига давлатдан берилган тайёр пулни йўналтирадиган “бухгалтер-кассир”га айланиб қолгани танқид қилинди. Эндиликда экспортни қўллаб-қувватлаш тизими ўзгариши белгиланди. Жаҳон савдо ташкилоти талаблари асосида Экспортни рағбатлантириш агентлиги Савдони ривожлантириш компанияси сифатида қайта ташкил этилади.
Савдони ривожлантириш компанияси берадиган субсидия, кредит ва ёрдамлар янги тадбиркорлик рейтинги асосида, энг аввало, юқори қўшимча қийматли маҳсулот билан янги бозорларга чиқаётган экспортчиларга ажратилади. Жорий йил 1 мартдан ушбу тизимни жорий қилишга киришилади.
Оларда кирар жоним, берарда чиқар жонимми?
Ҳуқуқшунослар таъбири билан айтганда, қарз олди-бердиси азал-азалдан инсонлар ўртасида шаклланган фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар сирасига киради. Олган қарзини қайтаришни пайсалга солиб, уни узиш ўрнига минг хил ҳийла-найранг ўйлаб топаётган кимсалар кўпайиб бораётгани, баъзи бир мулкчилик субъектлари тижорат банклари томонидан тақдим этилаётган молиявий ёрдамдан фойдаланганидан кейин мажбуриятини бажариш фурсати етган пайтда масъулиятни унутиб қўяётгани афсусланарли ҳолатлардир. Улар “оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним” қабилида иш тутади.
Яқин кунларда оммавий ахборот воситаларида чоп этилган қуйидаги хабарлар ҳам буни тасдиқлаб турибди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қоракўл туман бўлими томонидан АТ “Халқ банки” Бухоро вилоят филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда “G.Ch.” фермер хўжалиги масъул шахслари ва бошқалар чорвачиликни ривожлантириш учун ажратилган 423 минг 560 АҚШ доллари миқдоридаги кредитни сохта ҳужжатлар расмийлаштириш орқали гаров таъминотисиз қолдириб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Департаментнинг Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “K.Т.” МЧЖ раҳбари С.Қ. ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, 10 нафар фуқарога иссиқхона қуриш ва тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиш учун ажратилган 457 миллион сўм кредитни расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали ўзлаштиргани маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, “T.Ё.E.” МЧЖ Экспортни рағбатлантириш агентлигининг ресурси ҳисобидан АТ “Алоқабанк” Сурхондарё филиалидан “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда айланма маблағни тўлдириш” мақсадида 12 ой муддатга 4 фоиз устама тўлаш шарти билан 220 минг доллар кредит олган. Лекин қишлоқ хўжалик маҳсулотларини хорижга экспорт қилмасдан, ҳужжатларни қалбакилаштириш жиноятини содир қилган. Бу ҳолатга ҳам қонуний баҳо берилган.
Муаммоларнинг олдини олиши мумкин бўлган чоралар
Бу саволга жавоб излаш жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2022 йил 22 июль куни бўлиб ўтган мажлисида Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров маърузасида билдирилган фикрлар эътиборни тортади.
“Бунинг учун кредит бериш жараёнини кўриб чиқиш керак. Кредит бериш жараёнини кўриб чиқиш дегани, бу, биринчи навбатда, имтиёзли кредит бўлмаслиги керак, дегани. Қачонки, имтиёзли кредит бўлмаса, шунда кредит бериш тартибга тушади. Иккинчидан, банкларимизни хусусийлаштиришимиз керак. Банклар хусусий бўлса, унинг эгалари дивидент орқали даромадини олади ва талон-тарож масалаларига ҳам ўзи қарайди”, деган эди Жамшид Қўчқоров.
2022 йилнинг 20 январида ўтказилган бошқарув йиғилишида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов ҳам имтиёзли кредитлар масаласида ўз фикрини билдирган эди.
“Қайд этиш керакки, инфляцион таргетлаш бўйича Президент фармонида 2021 йилдан барча кредитларни бозор фоизларида бериш мўлжалланган эди. Афсуски, пандемия шароити бу ҳолатни кечиктиришни тақозо қилди.
Имтиёзли кредитлар улушига қарайдиган бўлсак, улар жами кредитлар портфелида камайиб боряпти. 2021 йил бўйича бу улуш 32 фоизни ташкил этади. Берилган кредитлар бўйича қарайдиган бўлсак, 2021 йил 24,6 фоиз кредит имтиёзли шартларда берилган. Агар пандемия билан боғлиқ вазият бўлмаганида, биз аллақачон имтиёзли кредитлар ажратиш сиёсатидан воз кечган бўлардик”.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раҳбари ўтган йил15 ноябрь куни Олмаота шаҳрида XI Қозоғистон молиячилар конгрессида сўзлаган нутқида пул-кредит сиёсатининг ўзига хос жиҳат ва муаммоларни ҳал қилиш чораларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
"Шуни таъкидлашим керакки, биз пул-кредит сиёсатимиз ҳаракатларида заиф ўзгаришларни кўрмоқдамиз. Бу, биринчи навбатда, қониқтирилмаган талаб ва агентларнинг мантиқсиз хатти-ҳаракатлари ҳисобланади. Бу чекланган даромаддек кўринади, лекин айни пайтда ҳатто юқори фоиз ставкалари шароитида ҳам кредитга катта қизиқиш бор. Бу ерда, албатта, қўшимча талабни оширишга қаратилган бундай ҳаракатларни чеклаш учун макропруденциал чораларни кўришимиз керак. Биз носоғлом молиялаштиришни чеклайдиган ва молиявий барқарорлик учун хавфларни камайтирадиган макропруденциал чоралар билан ишлашимиз керак. Иқтисодиёт сўнгги уч йилда юқори бюджет тақчиллиги шароитида ҳаётга мослашди, бу эса пул-кредит сиёсатига юк бўлди. Ва шундай шароитда биз фискал консолидация зарурлиги ҳақидаги позицияга содиқ қолишда давом этамиз ва иқтисодий фаоллик ўсиб бораётган шароитда келишилган солиқ-бюджет сиёсатини жорий этиш учун пул-кредит сиёсатининг овозини босқичма-босқич оширишимиз зарур”, деди Мамаризо Нурмуротов.
Марказий банк шу йил бошида мамлакатда молиявий барқарорликни таъминлаш, ортиқча қарз юкининг олдини олиш мақсадида бир қатор макропруденциал ва пруденциал чоралар кўргани (одатда, мазкур чоралар кредитлаш суръатининг иқтисодий ўсиш суръатларидан тезлашиб кетганда, шунингдек, валютавий ва бошқа хатарларнинг катта қисми тизимли аҳамиятга эга банкларда жамланишининг олдини олиш мақсадларида қўлланилади), бундан кейин ҳам давом этттиришни режалаштираётганини маълум қилди. Хусусан, қарз юки бўйича талабларни барча кредитлар кесимида жорий этишни мўлжалламоқда.
Эндиликда кредит фоизи ўрнига қарз олувчининг қарз юки даражаси (DSTI) ва кредитнинг гаровга (таъминот) нисбатига асосланган талаблар жорий этилади. Бу талаб Ўзбекистонда ҳозиргача фақат микроқарзлар учун амал қилиб келган ва 50 фоизни ташкил этган. 2024 йил 1 июлдан барча кредитларни беришда (микроқарзлар учун ҳам) қарз берувчиларга мижозларининг қарз юки 60 фоиздан ошиб кетмаслиги талаби қўйилади. 2025 йил 1 январдан эса бу кўрсаткич 50 фоизгача пасайтирилади.
Бундан ташқари, Марказий банк қарз юки бўйича талабда истиснолар ҳам бўлишини маълум қилди. Унга кўра, банк кредит портфелининг 15 фоизигача бўлган қисмигача қарз олувчининг қарз юки кўрсаткичини инобатга олмасдан кредит ажратишга рухсат берилади. Рухсат этилган миқдор қарз юки бўйича талабни инобатга олмасдан ажратилган кредитлар сонини барча кредитлар сонига бўлиш орқали аниқланади.
Муаммоли кредитларни бошқариш соҳасидаги хорижий тадқиқотларнинг таҳлили шуни кўрсатадаки, самарадорлик бўйича энг маъқул стратегия — қийинчиликларни бошдан кечираётган қарз олувчининг молиявий тикланишига қаратилган муаммоли кредитни бошқариш стратегияси бўлиб, у мижоз билан стратегик шериклик доирасида амалга оширилади.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи