Ушбу ўзгариш натижаси маҳаллий миқёсдаги икки органнинг мустақиллиги, фаолияти самарадорлигини таъминловчи муҳим омил бўлди.
Янгиланган Бош қонунимиздан сўнг қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, Конституция нормаларини ҳаётга тўла татбиқ этиш чоралари белгиланди. Бу борада Президентимизнинг 2024 йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони алоҳида аҳамиятга эга. Унга кўра, кенгаш раиси лавозими жорий этилиши, бу орқали ҳокимнинг вакиллик органига бошчилик қилишига барҳам берилиши ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий принципнинг маҳаллий даражада ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Ҳозирги шароит ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини халқнинг ҳақиқий овозига айлантириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини трансформация қилиш асосида маҳаллий бошқарувни “аҳоли манфаатига хизмат қилиш” тамойили асосида йўлга қўйиш талаб этилмоқда.
Фармон билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини “Кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ташкил этиш юзасидан қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, маҳаллий кенгашлар фаолиятига ҳар қандай давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг аралашувига йўл қўймаслик, маҳаллий кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақат қонун ҳужжатлари билан юкланиши тартиби ўрнатилиши кенгашлар мавқеини юқори даражага кўтармоқда.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, уларни Президент фармонида кўрсатилган мақомга кўтариш, назорат функциясини кучайтириш масаласи 2024 йил 17 октябрдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топди. Шу асосда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга жиддий ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Натижада қонун нормалари такомиллаштирилди ва янги нормалар вужудга келди.
Хусусан, қонунда узоқ вақт ишламай келган, “ҳоким депутатлар орасидан сайланади (тайинланади)” деган қоида олиб ташланиб, унинг ўрнига “ҳоким халқ депутатлари кенгаши депутати этиб сайланиши мумкин” ва “ҳоким номзоди кўриб чиқилаётган вақтда у ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурини тақдим этади”, “айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмас” деган қоидалар киритилди.
Кенгаш ва ҳоким қарорлари (ҳоким фармойиши)ни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишда ягона электрон тизимдан фойдаланиш белгиланганини қонундаги муҳим янгиликлардан бири сифатида айтиш лозим. Кенгаш ҳамда ҳоким қабул қилган ҳужжатларда бошқача ҳолат кўрсатилмаган бўлса, электрон тизимда рўйхатдан ўтказилган пайтдан кучга кириши, ягона электрон тизимда рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар, қонунда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари юридик кучга эга бўлмаслиги мустаҳкамланди. Шунингдек, қонунда қонуний асосда яроқсиз деб топилган мулкларни бузиб ташлаш, ер участкаларини фойдаланиш учун бериш каби кенгаш ваколатлари аниқ белгиланди.
Такомиллаштирилган қонунда мутлақо янги ҳолат кенгаш раисларига тааллуқли. Чунки бу янги институт. Энди қонунга асосан халқ депутатлари кенгашларининг барча бўғинларига кенгаш депутатлари орасидан, кенгаш ваколат муддатига сайланадиган кенгаш раиси бошчилик қилади.
2024 йил 27 октябрда ўтказилган сайловлар орқали шакллантирилган халқ депутатлари кенгашлари тизимида вилоят ва Тошкент шаҳри кенгашларида кенгаш раиси сайланди ва ҳозир фаолият кўрсатмоқда. Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини кучга киритишга доир қонунчилигимизга мувофиқ, туман ва шаҳар кенгашларида 2026 йилдан кенгаш раиси сайланади.
Қонунчилигимизга асосан, ҳоким лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида кенгаш раиси этиб сайланмайди. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ бир вилоят, туман, шаҳар кенгаши раиси этиб сайланиши мумкин эмас (бундай қоида ҳокимларга нисбатан ҳам ўрнатилди). Кенгаш раиси раислик вазифасини бажариш даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб туради. Шунингдек, доимий комиссиялар ва партиялар, партия гуруҳлари таркибига кириши мумкин эмас.
2024 йил 17 октябрда қабул қилинган қонун билан кенгаш раисининг 12 банддан иборат ваколатлари белгилаб қўйилди. Улар, асосан, халқ депутатлари кенгашлари сессияларини чақириш, унга тайёргарлик кўриш, сессияларни ўтказиш (раислик қилиш), сессияларда қабул қилинган ҳужжатларни имзолаш, кенгаш комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, депутатлар фаолиятига кўмаклашишдан иборат.
Кенгаш раиси кенгаш фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлайди, Кенгаш фаолиятининг ташкилий, ахборий, моддий-техник таъминотини ташкил этади. Кенгашнинг ёрдамчи органи — котибият мудири, ходимларни лавозимга тайинлайди, лавозимдан озод қилади, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди.
Бу билан аввал ҳокимлар зиммасидаги кўплаб вазифалар кенгаш раисига ўтказилди ва улар энди барча фаолиятини ҳудудни идора этишга қаратади. Ижро органларига тегишли ишлар билан шуғулланади.
Президентимизнинг 2024 йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кенгашларни “халқ овозига” айлантириш масаласи қўйилган. Кенгаш шу ердаги аҳоли эҳтиёжи, муаммоларини аниқ билиши ва бунинг учун аҳоли билан яқиндан, доимий мулоқотда бўлиши керак. Бу ишнинг асосий ечими аҳолини қабул қилишни тўғри ташкил этишдир. Шунинг учун кенгаш раисларига фуқароларни қабул қилишни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш, мурожаатларини кўриб чиқиш ваколати ҳам берилди.
Аввалги қонунда сессия заруратга қараб, лекин йилда камида 2 марта чақирилади, деган қоида ўрнига сессия заруратга қараб, лекин ҳар чоракда бир марта чақирилиши белгиланганини ижобий жиҳат сифатида баҳолаш мумкин. Қонунда навбатдан ташқари сессия чақириш ташаббусига эга субъектлар ҳам кўрсатиб қўйилди.
Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати кенгашларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлиги алоҳида моддада белгилаб қўйилганидадир.
Янги таҳрирдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунда маҳаллий ижро этувчи ҳокимиятга катта ўрин ажратилди. Унинг диққатга сазовор томонларидан бири шу вақтгача қўллаб келинган “ижроия ҳокимият” атамаси янги таҳрирдаги Конституциядан келиб чиқиб, “ижро этувчи ҳокимият” деб ўзгартирилди. Ҳокимнинг вилоят, туман ва шаҳарда ижро этувчи ҳокимиятга бошчилик қилиши мустаҳкамлаб қўйилди. Ҳокимнинг ваколатлари 21-моддада 21 бандда белгиланди. 1993 йил 2 сентябрдаги қонунда эса ҳокимлар ваколатлари 25-моддада 12 бандда белгиланган эди.
Ҳозирги шароитда асосий масала ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва халқ фаровонлигини ошириш эканидан келиб чиқиб, қонунга биноан ҳокимларга қуйидаги қўшимча ваколатлар берилди:
— ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
— вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлар бюджетидан, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорини бюджет сўровини тузиш учун кўриб чиқиш ва тақсимлаш;
— халқ депутатлари кенгашлари сессияларида иштирок этиш;
— кенгашга ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари бўйича ҳисоботлар тақдим этиш;
— кенгашнинг қонунчиликка зид қарорларини бекор қилиш учун Олий Мажлис Сенати ёки судга мурожаат қилиш;
— вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига навбатдаги йил учун маҳаллий бюджетлар лойиҳасини кўриб чиқиш ҳамда тегишли хулоса тақдим этиш, ўтган молия йили учун маҳаллий бюджетларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ташқи аудитдан ўтказиш ҳамда баҳолаш учун юбориш.
Булар, ўз навбатида, ҳокимларнинг ваколатлари аввалги қонунчиликка нисбатан анча кўпайгани ва аниқлаштирилганини кўрсатади.
Худди шунингдек, қонунда халқ депутатлари кенгашларининг ваколатлари ҳам аниқлаштирилди ва сезиларли даражада кўпайтирилди. Кенгашга қўшимча:
— Президент халқ қабулхоналарининг ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари фаолияти ҳамда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати тўғрисидаги ахборотини ҳар чоракда эшитиш;
— ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароит яратиш чораларини кўришга қаратилган ишлар тўғрисида Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий раҳбарларининг ҳисоботини ҳар 6 ойда эшитиш;
— зарурат бўлганда ижро этувчи ҳокимият бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботи, жумладан, қонунларга риоя этилиши, тегишли кенгашлар қарорлари ва доимий комиссиялар тавсияларининг бажарилиши юзасидан ҳисоботларини эшитиш;
— прокурорнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эшитиш;
— кенгаш сўровини юбориш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш, кенгаш текширувини ўтказиш, депутат сўровини юбориш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;
— ҳокимнинг кенгашнинг қонунчиликка зид қарорларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги тақдимномасига асосан кенгаш қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш;
— ҳокимнинг ва қуйи кенгашнинг қонунчиликка зид қарорларини бекор қилиш белгиланди.
Янги таҳрирдаги қонунда вилоят ва Тошкент шаҳри кенгашларигагина тааллуқли ваколатлар ҳам алоҳида белгиланди. Жумладан:
— вилоят ҳамда Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетида ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорини кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
— жисмоний ва юридик шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли ер участкалари ёки уларнинг қисмлари компенсацияси эвазига жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйиш ва олиб қўйилган ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк объектларини қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда бузиб ташлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
— Омбудсман ва Болалар омбудсмани ҳудудий вакилининг маърузасини ҳар йили эшитиш;
— тегишли ҳудудга маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни қонунчиликда белгиланган тартибда ўрнатиш, бузиш (кўчириш) тўғрисида қарорлар қабул қилиш.
Шунингдек, қонунда ҳокимларнинг йил якуни бўйича ҳисоботи қачон эшитилиши кераклиги, вилоятлар, Тошкент шаҳри ИИБ бошлиқларининг қандай муддатда ҳисобот бериш тартиби ҳамда бундай сессияларнинг ошкора ўтиши белгилаб қўйилди. Бу билан ички ишлар органлари фаолияти устидан вакиллик ҳокимияти ҳамда жамоатчилик назорати механизмлари кучайтирилди. Қонуннинг муҳим янгиликларидан яна бири — “кенгаш сўрови,” “кенгаш текшируви” каби мутлақо янги институтлар таъсис этилди.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга 2020 йилдаги Мурожаатномасида “Айни вақтда фармонлар, қарорлар, концепция ва стратегияларда белгиланган индикаторлар ва мақсадли параметрларнинг ижроси бўйича ҳокимлар ўз ҳудудларидаги оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликка мунтазам ахборот бериб боришлари керак бўлади.
Ишнинг самарасини ошириш мақсадида маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида кенгаш сўрови институтини жорий этишни таклиф қиламан”, деганди. Айни ташаббус мазкур қонунда ўз ўрнини топди.
Қонуннинг “кенгаш сўрови” деб номланган моддасига асосан, “кенгаш сўрови” тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларига жавоб бериш шарт бўлган талабидир. Қонунда сўровни шакллантириш, сўровни баён қилиш, унга жавоб бериш шакли ва муддатлари, унинг ҳуқуқий оқибати, “кенгаш сўрови” қандай масалаларга татбиқ қилинмаслиги аниқ белгилаб қўйилди. Қисқа ва лўнда айтганда, кенгаш сўрови ҳамда назорати кучли, таъсирли механизмдир.
Ана шундай механизмлардан яна бири кенгаш текширувидир. Кенгаш текшируви тегишли ҳудуд хавфсизлигига, барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган (тўсқинлик қилувчи), инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларига таҳдид соладиган фактлар ҳамда воқеаларни ўрганиш мақсадида ўтказилиши мумкин. Бу ҳақдаги қарор депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. “Кенгаш сўрови” каби “кенгаш текшируви” қандай объектларга қаратилмаслиги ҳам қонунда белгилаб қўйилди. Бу турдаги текширув кенгаш тузган комиссия томонидан ўтказилади. Унинг ваколатлари ҳам қонунда аниқ белгилаб қўйилган.
Янгиланган қонун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини, вакиллик ва ижро этувчи органлар муносабатини янгича ташкил қилиш, ўзаро тийиб туриш механизмларини кучайтиришга хизмат қилади. Лекин бу билан мақсадга эришилмайди. Маҳаллий давлат ҳокимиятини янада ривожлантириш, мавқеини ошириш доимий жараёнга айланиши керак. Зеро, давлатимиз раҳбари янги сайланган парламент мажлисида сўзлаган нутқида қонун ижодкорлиги жараёнига маҳаллий кенгашларни кенг жалб этиш, ҳар бир қонун бўйича уларнинг фикрини олиш амалиётини йўлга қўйиш, қонунларни парламент қўмиталарида кўриб чиқишга вазирлик ва идоралар вакилларини эмас, маҳаллий кенгаш депутатларини жалб этиш, маҳаллий кенгашлар фаолиятига ҳар томонлама кўмаклашиш Сенатнинг устувор вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлади.
Озод ҲУСАНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси профессори,
юридик фанлар доктори