Ўзбекистон ва Японияни илдизлари Буюк ипак йўли даврига бориб тақаладиган кўп асрли тарихий алоқалар, ўзаро яқин менталитет, ўхшаш қадриятлар боғлаб туради.
Японлар она табиатга бўлган ҳассос муносабати, атроф-муҳитни эъзозлаши билан жаҳонга намуна кўрсатади. Улкан тараққиёт йўлини инсон ва табиат билан ўзаро уйғунлаштира олган мамлакат сифатида биламиз Японияни.
Президентимизнинг 18-20 декабрь кунлари Японияга расмий ташрифи ҳамда ўтказилган олий даражадаги мулоқот ва учрашувлар, халқаро миқёсдаги тадбирлар давлатларимиз ҳамкорлигини бутунлай янги босқичга олиб чиқиши билан тарихий аҳамият касб этди.
Янги авлод рақамли технологияларини яратиш, сунъий интеллект, тоғ-кон саноати ва қайта ишлаш, қуёш, шамол, “яшил” водород каби муқобил энергия манбаларига ўтиш борасида бугун Япония катта натижаларга эришмоқда. Шу маънода, келажак тараққиётини айни соҳалар ривожи билан боғлаётган Ўзбекистон Япония билан ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама кенгайтириши янада кенг имкониятларни очади.
Давлатимиз раҳбари Япония Императори Нарухито билан учрашуви чоғида ўзбек ва япон халқлари менталитети яқинлиги, урф-одат ва оилавий қадриятлари ўхшашлигини бежиз таъкидламади. Зотан, янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни бугун Япония ҳам изчил қўллаб-қувватламоқда.
Президентимиз ташриф давомида Токиода бўлиб ўтган “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитида иштирок этди. Минтақамизнинг тобора кенгайиб бораётган серқирра форматдаги алоқаларида “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти бу жараёнга ўзига хос янги нафас олиб кириши кутилмоқда. Саммит давомида давлатимиз раҳбари илгари сурган долзарб ташаббус ва таклифлар ҳам бунинг яққол тасдиғи.
Аввало, Марказий Осиё минтақасининг кунчиқар юрт билан ушбу янги форматдаги алоқасини ёрқин истиқболга эга, дея прогноз қилиш мумкин.
Биринчидан, минтақамизнинг бой табиий ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тоғ-кон саноати, нодир металларни қайта ишлаш борасида Япония технологиялари янги имкониятлар эшигини очади.
Иккинчидан, “яшил” энергия тармоқларини кенгайтириш, атмосфера ҳавоси тозалигига эришиш, рақамли технологияларда япон тажрибаси биз учун ҳар томонлама яқин ва қулай ҳисобланади.
Учинчидан, тарихий илдизларга эга бўлган таълим, қадрлар тайёрлаш, мутахассислар тажриба алмашинуви янги йўналиш ва соҳаларда давом этади.
Шунинг учун ҳам “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг илк саммити кун тартибидан айни шу кунда долзарб бўлиб турган масалалар ўрин олди. “Яшил иқтисодиёт” ва барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш каби устувор соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Марказий Осиё +” мулоқотининг ташаббускори Япония ҳисобланади. Бундан йигирма йил муқаддам айнан кунчиқар юрт илк бор ушбу форматдаги мулоқот ташаббускори бўлганини давлатимиз раҳбари ўз нутқида алоҳида қайд этди. Президентимиз таъкидлаганидек, Буюк ипак йўли давридан ривожлана бошлаган яқин савдо ва маданий алоқалар, ўхшаш анъана ва урф-одатлар, маънавий, маданий ва оилавий қадриятлар Марказий Осиё ва Япония ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асосдир.
Саммитда Ўзбекистон етакчиси “яшил” ривожланиш, жумладан, “яшил” энергия ва “яшил” трансформация масалаларига минтақамиз ва Япония жамоатчилиги эътиборини қаратди. Бугун дунёнинг аксарият мамлакатлари учун долзарб бўлиб турган иқлим ўзгариши, экологик муаммолар, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш юзасидан келгусида амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларни санаб ўтди. Айнан бу борада Япония тажрибаси эътироф этилди. Бу мамлакат зарарли газларни атмосферага чиқаришни тўлиқ бартараф этишга эришиш борасидаги вазифаларни бажаришда жаҳонда етакчидир.
“Биз Ўзбекистонда заҳарли газларни чиқаришни 2035 йилга бориб 50 фоиз қисқартириш, 2030 йилгача умумий генерацияда “яшил” энергия улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилиб қўйганмиз. Энергетик ўтиш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича самарали иссиқлик станциялари, қуёш ва шамол энергия қурилмаларини барпо этиш, когенерация, йўқотишларни қисқартириш, зарарли газларни ушлаб қолиш ва фойдаланиш технологияларини жорий этиш каби аниқ лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этамиз”, деди Ўзбекистон раҳбари. Шу билан бирга, Тошкентда қайта тикланадиган энергетика соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича минтақавий марказни ташкил этиш таклифини билдирди.
Мамлакатимиз сўнгги йилларда бу йўналишда салмоқли ислоҳотларни бошлади. Давлатимиз раҳбарининг “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг тезкор ва самарали бошқаруви шакллантирилди. Бошқача айтганда, мамлакатимиз тарихида экотизимни бошқариш борасида мутлақо янги, стратегик даврга асос солинди. Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда парламентдаги фракцияси бу борада самарали жамоатчилик ҳамда парламент назоратини олиб бормоқда.
Япониянинг “Яшил трансформация” ташаббуси минтақа мамлакатлари томонидан қабул қилинган Марказий Осиё учун “Яшил кун тартиби” дастурини амалга оширишда уйғун ва ҳамоҳанг экани қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон раҳбари минтақада ҳаво сифатини яхшилаш бўйича атмосферага чиқарилаётган газларни мониторинг қилиш, фильтрлаш ва камайтириш, аҳоли учун янада барқарор ва хавфсиз экологик муҳитни яратиш учун илғор ечимларни қўллашга қаратилган қўшма дастурни ишга тушириш, иқлим ўзгариши билан курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида, Оролбўйи экологик муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни қамраб оладиган қўшма ҳаракатлар дастурини қабул қилиш, мулоқот доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларининг янги шаклдаги учрашувларини ташкил этиш таклифини билдирди.
Бу чегара билмас экологик муаммоларга биргаликда самарали курашишда айни муддаодир. Чунки атмосферага чиқарилаётган заҳарли газларга биргина мамлакат ёки минтақа муаммоси сифатида қараш керак эмас. Ёки Оролбўйидаги экологик вазият минтақалар чегарасидан ташқарига чиқаётгани кундек равшан. Шунинг учун бу муаммоларга “Марказий Осиё + Япония” каби йирик мулоқот форматида жавоб изланаётгани энг тўғри йўлдир.
Жаҳон геологик харитасида Марказий Осиё минтақаси ҳам сейсмик фаол ҳудудлар тоифасида туради. Япония эса сейсмология бўйича анча хатарли фожиаларни бошдан ўтказган, бу муаммога ечим топишда катта тажриба тўплаган мамлакат. Шу боис, Президентимиз Япониянинг сейсмик хавфсизлик соҳасидаги улкан тажрибасини ҳисобга олиб, Сейсмик барқарорликни баҳолаш ва амалга ошириш бўйича қўшма дастурни ишга тушириш таклифини билдирди.
Умуман, ушбу саммит сиёсий, иқтисодий, барқарор ривожланиш, инвестиция, рақамли технологиялар, транспорт-логистика, фан-таълим ва бошқа муҳим соҳаларда ўзаро ҳамкорлик бўйича конструктив мулоқот майдони бўлди. Ўзбекистон етакчиси билдирган таклифларнинг барчаси иштирокчи мамлакатлар томонидан фаол қўллаб-қувватланганини эса кучли прагматик дипломатиянинг яна бир яққол кўриниши дейиш мумкин.
Японияга ташрифнинг яна бир эътиборли жиҳати, ушбу мамлакат савдо-иқтисодий, бизнес соҳаси вакилларининг Ўзбекистонга фаол қизиқиши бўлди. Президентимиз соҳа етакчилари, йирик бизнес вакиллари, инвесторлар билан учрашув давомида Ўзбекистонда улар учун яратилаётган қулай шарт-шароит ҳақида алоҳида тўхталди.
Кунчиқар мамлакат билан Ўзбекистон ўртасида парламентлараро ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Икки мамлакат парламент делегациялари ўртасидаги ўзаро ташриф ва учрашувлар якдил тус олган. Парламентларда дўстлик гуруҳлари фаол ишламоқда.
Президентимизнинг Токиога ташрифи давомида Япония парламентининг Вакиллар палатаси спикери Фукуширо Нукага, парламентнинг Маслаҳатчилар палатаси президенти Масаказу Секигучи билан учрашуви жуда самимий ва ўзаро конструктив руҳда ўтганига гувоҳ бўлдик. Ушбу мулоқотлар парламентлар қўмиталари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ва Япония префектуралари ассамблеялари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида қонун ижодкорлигини йўлга қўйишда янги имкониятларга пойдевор бўлиши шубҳасиз.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракция раҳбари