Ўсмирлик даврида назарий дунёқараш ўзгарадими?
Сир эмас, мактабда юқори синфларда таҳсил олувчи ўсмир ёшлар ҳар нарсага қизиқувчан, янгиликка ўч, қолаверса, хиссиётларга берилувчан бўладилар. Психологларнинг фикрига кўра, ўқувчи қизлар орасида ўзининг янги қирраларини кашф этишга интилиш кўпроқ кузатилади. Хўш, нима учун юқори синф ўқувчилари ҳис-туйғуларга чуқур берилувчан бўладилар? Нега айнан қизлар кўпроқ кундалик ёзади?
Муаттар Мейлиева, психолог:
– Мактабнинг юқори синф ўқувчилари, асосан, ўсмирлик даврини тугатиб, ўспиринлик даврига қадам қўяётган бўладилар. Қизлар орасида биз хотира дафтарини тутиш ҳолларини жуда кўп кузатамиз. Бунга сабаб айнан ўша қизларни синфдошларининг орасида ёзма равишдаги ўзаро муносабатларни ўрнатиш дея фикр юритишимиз мумкин. Нега десангиз, улар ҳар куни бир синфда, бир мактабда таҳсил оладиган дугоналаридан эсдалик сифатида ёзма ўз муносабатини билдиришини сўрайди. Бу билан дафтар эгаси вақти келиб ҳар куни кўролмайдиган синфдошининг ўтмишда қоладиган сиймосини сақлаб қолади. Нима учун айнан ўқувчи қизларда хотира дафтари тутиш кўпроқ учрайди, деган саволга бу айнан ўша ўсмирлик ва ўспиринлик даврида қизларда бўладиган психологик ўзгаришлардан айнан айтадиган бўлсак, ўспиринликда қизларда назарий дунёқарашни яхши ривожланганлиги, инсонларни нафақат ташқи кўринишига кўра, балки ички дунёси, инсоний фазилатларига эътибор бериш керакли эканлигини тушуниб етишларидандир деб ҳисоблашимиз мумкин.
“Кундалик ёзар эканман, унда фермер ҳам бўлганман, инженер ҳам…”
Психологларнинг фикрига кўра, ўсмирлик ва ўспиринлик даврлари 6-9-синфларни ўз ичига олади ва айнан мана шу даврларда ўқувчиларни турли соҳаларга қизиқишлари кўп кузатилади. Бу қизиқишларни ўқувчиларнинг бўлажак касбларини танлаш жараёнининг бошланғич нуқтаси деб ҳам аташимиз мумкин. Нега дейсизми, чунки касб танлашда биринчи қизиқиш муҳим аҳамиятга эга. Агар қобилияти бўла туриб қизиқиши йўқ бўлса, танланган касбни эгаллаш қийин бўлади.
Мафтуна Раҳимова, “Art classic studio” рассомчилик мактаби директори:
– Мен 6-синфлигимдан кундалик тутиб бошлаганман. Илгари унга фақат кунлик тафсилотлар ёзиб борардим. Кейинчалик эса китоблар мутолаа қилиб борганим сари сўз бойлигим ортиб, дунёқарашим ўзгариб борди. Бунда яна кундалик таъсир этди менга. Кундалик ёзар эканман, унда фермер ҳам бўлганман, инженер ҳам, компьютер устаси, тикувчи ҳам бўлганман. Аммо расссомчиликка бўлган бўлак муҳаббатим дафтар ҳошияларию саҳифаларига чизиб ташланган турли хил суратлардан билиниб турар эди. Демак кундалик касб-ҳунар танлашнинг илк нуқтаси ҳам бўлиши мумкин экан гоҳида. Ўткан кунларимни соғинсам уни варақлайман, хотираларимни ўқийман, гоҳ куламан, гоҳ йиғлайман. Бугун ҳам кундалик ёзиб тураман. Бир сўз билан айтганда, мен қанча вақтда, қанчалик даражада улғаяётганимни кузатаман кундалик орқали.
“Ёшлар айни сирлашишга эҳтиёжи ортганда кундаликка суянади…”
Хотира дафтарини вароқлаган инсон айрим фикрлардан кулади, айримларини ўқиб эса ўйга чўмади. Ёши улуғ юртдошларимизнинг фикрига кўра, қизлар орасида кундалик ёзиш, хотира дафтари тутиш анча йиллардан буён мавжуд.
Шоҳида Салимова, тикувчи:
Мен 1969 йил Тошкент шаҳридаги 11 мактабни тамомлаганман. Биз ҳам ёшлик кезлари эсдалик дафтари, кундалик дафтари кабилар ёзиб, ўзимизча шеърлар қоралаб юрардик. У дафтарни чиройли ёзув билан тўлдириб, машхур кино актёрлари, актрисаларини суратлари билан безар эдик. Расм чизишга қобилияти борлар турли расмлар чизиб безатар эдилар. Мен бундай дафтарлар тутмаганман, лекин менга кўп бор шундай дафтар беришган. Унга ҳаммадан чиройли тилаклар ёзишга интилардим. Менимча, ёшлар айни сирлашишга эҳтиёжи ортганда катталарга ёки дўстларига айтолмаган гапларини кундаликка суянади. Кундалик ёзиш қачон бошланганини билмайман. Аммо шуни биламанки, бу одат бугунгача етиб келибдими, бундан кейин ҳам яшайверади. Фақат катталар сирдошга эҳтиёж фарзандларини беэътибор қолдирмаса кифоя.
Юқоридаги фикрларни таҳлил қилар эканмиз, ёшларда, айниқса, ўсмир қизларда ёзма сирлашишга эҳтиёж кучли деган фикрга келамиз. Шундай эмасми? Умуман ҳар бир қизиқиш ниҳолга ўхшайди. Унга алоҳида эътибор билан қаралса, у янаям гуллаб яшнайди, бадиий асарга айланиши ҳам ҳеч гап эмас. Бу эса катталардан озгина эътибор ва меҳр талаб этади, холос.
Юлдуз Ўрмонова тайёрлади