Искандар Мақдуний салтанатининг вориси ўлароқ юзага келган Юнон-Бақтрия давлати инқирозга юз тутган пайтда Шарқдан юечжилар аталмиш қавм кириб келади ва унинг етакчилари минтақада бошқарувни қўлга олади.
Баъзи манбаларда юечжиларнинг Гарай исмли саркардаси ушбу давлатга асос солгани айтилса, бошқа маълумотларга кўра, милодий 20 йилда Гуйшуан қабиласи етакчиси Кудзула Кадфиз бешта йирик қабилани бирлаштириб, тахтга ўтириши билан Кушон салтанатига асос солинган.
Кушонларнинг келиб чиқиши, тили ҳақида ҳозир ҳам турли фикрлар мавжуд. Кўпгина олимлар уларнинг тили шарқий-эроний тиллар гуруҳига мансуб бўлган, деган фикрда.
Шунингдек, улар туркларнинг қадимий аждодлари эканлиги ҳақида ҳам маълумотлар учрайди. Чунки, Кудзула Кадфиз шоҳлар-шоҳи – “ябғу” унвонига сазовор бўлган. Бу Шарқий турк ҳоқонларининиг ҳам унвони. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит-турк” асаридаги туркий “ябғу” атамаси Кушон тангаларида ҳам учрайди.