Шахси маълум қилинмаслигини илтимос қилган саховатпеша бир инсон турмуш шароити оғир ва эҳтиёжманд 100 та оиланинг ҳар бирига 2,5 кг дан гўшт ҳамда 1 млн. сўм нақд пул тарқатди.

Улашилган хайриялардан жамоатчилик асосида маҳаллаларни ободонлаштиришга ҳисса қўшаётган ишчи-ходимлар ҳам четда қолишмади. Уларга ҳам худди шундай тарзда гўшт ва пул улашилди. Кутилмаган бундай саховатдан хурсанд бўлган фуқаролар Яратгандан юртимиз бошига келган офатларнинг тезроқ даф бўлиши ҳамда мамлакатимизда тинчлик, фаровонлик доимо барқарор бўлишини сўраб, дуога қўл очишди.

Халқимиз бағрикенг, саховатпеша бўлиб, оғир кунларда доимо бир-бирини суяган, зарур бўлса, бир майизни қирқ бўлиб, баҳам кўрган. Айни бугунги оғир дамларда ҳам саховатпеша инсонларимиз хайрли ишларни амалга ошириб, кўплаб ночор, кўнгли ярим инсонларга қувонч бахш этишмоқда.

Дарвоқе, халқимизда «Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин», «Яхшилик қил, уйингга айтма», «Яхшилик қилмасанг, ёмонлик ҳам қилма», «Яхшилик қилсанг, яшир, яхшилик кўрсанг, ошир» ва «Яхшиликни дарёга қил, биёбондан топ» каби мақоллар бежиз айтилмаган.

Саховатпеша инсонга ҳамроҳлик қилган шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари эҳтиёжманд оила вакиллари билан яқиндан суҳбатда бўлиб, эҳсонликларни ҳақиқий ночорларга берилиши таъминланди.