— Биз тарихий ўзгаришлар ва эврилишлар замонида яшамоқдамиз. Айни пайтда кўз олдимизда кечаётган янгиланиш ва ислоҳотлар ўз-ўзидан рўй бераётгани йўқ — бу қанчадан-қанча заҳмату меҳнатлар, қанчадан-қанча эзгу орзу-ниятларнинг саодатли рўёби, чинакам бунёдкорлик намунаси! Жамиятдаги маънавий ва ижтимоий онг ҳамда тафаккурнинг замон шиддатларига мос тарзда янгиланаётгани элдошларимиз қалбида, юрагида кенг кўламда акс-садо бермоқда. Бугунги кун тили билан айтганда, инсон қадрига эътибор ҳар қачонгидан кучаймоқда, том маънода инсоннинг онг ва тафаккури ўзгармоқда.
Одатда буюк шахслар ҳақида гап кетганда, буюк бунёдкорлар, йўлбошчилар ва ҳатто халқнинг тарих ва тақдирида, келажагини яратишда нақадар муҳим аҳамият касб этганини уларнинг мана шу буюк бунёдкорлик ва яратувчанлик қудратида кўрамиз. Шу маънода миллий Уйғониш замони, янги Учинчи Ренессанс ғоясининг айнан Президентимиз томонидан янги Ўзбекистонимизда янгича шиддат ва ишонч билан бошлангани, кўз ўнгимизда улуғвор ва муаззам ўзгаришларнинг рўёбга чиқаётгани ақлу шууримизни қамаштириб, хаёл ва тасаввур оламимизни бойитиб юборади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг ва теран миқёсдаги ислоҳотлардан ниҳоятда улкан самаралар кутилаётганини бугун ҳаммамиз яхши англаймиз. Президентимиз раҳнамолигида халқимиз нақадар катта марраларни, нақадар улуғвор орзу-ниятларни кўзлаб, шашту шиддат ва шижоат билан меҳнат қилаётганини жаҳон ҳамжамияти кўриб, ҳайратда лол бўлаётгани сир эмас. Маданият, адабиёт ва санъатни ривожлантириш борасидаги ишлар туб ислоҳотларнинг ўқ илдизларидан бирини ташкил этади. Халқ иродаси, эл-юрт хоҳиш-истаги билан рўёбга чиқарилаётган мақсад-муддаоларнинг ҳар бирининг замирида оламжаҳон мазмун бор. Бугун адабиётимиз, санъат ва маданиятимиз ривожига қаратилаётган юксак эътибор Президентимизнинг ижодкор зиёлилар билан учрашувда: “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”, деб айтган сўзларини яна бир бор эсга солади ва асосий мақсадимиз нима эканини ойдинлаштиради. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов ва Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллиги ҳамда Халқ артисти Ботир Зокировнинг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорлар ҳам ана шу улуғвор мақсадга эришиш йўлидаги катта саъй-ҳаракат намунасидир.
— Ҳар қандай давр ва замондаги ўзгаришлар халқ руҳияти ва маънавиятидаги устунликлар билан чамбарчас боғлиқ. Ўтмишдан керакли сабоқ чиқариб, бугунги кунга баҳо бериш ва келажак учун илҳомбахш ғояларни тақдим этишда ижодкорларнинг салоҳияти ва дунёқараши муҳим аҳамият касб этади. Сизнингча, бугунги кун ижодкори маънавий ислоҳотлар жараёнида қай даражада фаол бўлмоғи керак?
— Ҳеч қандай шамол бесабаб эсмайди. Ҳар қандай кўчат ва ё навниҳол ҳам ўз-ўзидан ўсиб дарахтга айланавермайди. Донишманд боболаримиз “ниҳон ичра пайдо, пайдо ичра пинҳон” деганларидай, гоҳ ёруғ, гоҳ қоронғу бу оламда “қора ер қаъридан то Зуҳал авжига қадар” тафаккур қилиб кўрсангиз — бутун Ер ва коинот, борлиқ мавжудот сабаб ва моҳиятдан иборат буюк бир қонуният билан яшаётганига имон келтирасиз. Шундай бўлмаганида эди, улуғ шоирларимиз қийин ва қабоҳат замонларда “Ўзинг мураббийсан, хабар бер, Қуёш”, дея осмону фалакларга қараб, нолакор ва наъравор сатрларни ҳайқирмаган бўларди.
Биз XXI асрда, кишилик жамиятида яшаяпмиз. Насиб этса, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай — бор-йўғи йигирма ё ўттиз кундан кейин — “йигирма бир” санаси билан рақамланган бу асрнинг йигирма биринчи йилига ҳам қадам қўямиз. Худо хайрли қилсин, деймиз. Барча эзгу ишларимиз, орзу-ниятларимизни Яратганнинг Ўзи ўнгидан келтирсин, дея тилаклар билдирамиз.
“Замондан койинмангларки, замоннинг эгаси Парвардигордир”, дейилади Термизий боболар йиққан ҳадис китобларида. Бунинг замирида, замондан койинмоқ — Яратганнинг Ўзидан койинмоқдир, деган буюк маъно ва ибрат мужассам. Донишманд аждодларимиз “Ҳар бир туғилажак одам зурриёти илоҳий маърифат билан дунёга келади” сингари умрбоқий ҳикматлар хазинасини бебаҳо маърифий мерос сифатида бизга қолдириб кетган. Демак, ўз-ўзидан кўриниб турибдики, ҳамма гап таълим-тарбия, билим ва маърифатга келиб тақаляпти.
Сиз берган саволларни даврнинг ўзи кўндаланг қўяётир. Тан олиш керак, жиддий ва кенг қамровли, кўлам ва залвори жиҳатидан Ватан тақдири, миллат миқёси билан тенг келадиган замон саволларига дабдурустдан жавоб бериш осон эмас, албатта. Биз барчамиз оталармиз, оналармиз, опа-сингил, ака-ука, оға ва инилар — бир сўз билан айтганда, қондош ва жондош, меҳрпарвар ҳам саховатпеша, бағрикенг бир халқ, бир Ватаннинг дилдошлари, дилбандларимиз. Бир жойга борсак, ортимиздан гўё бутун эл-юрт, бор уруғ-аймоғимиз қараб-кузатиб тургандай — яхши ишимиздан элдошларнинг юзи ёруғ, ножўя қилмишимиз бутун миллатнинг юзини шувут қилиб, номига иснод келтириш билан баробар эканини, айниқса, бугунги сертаҳлика дунёда янада теранроқ англаётирмиз.
Бобур ҳазратлари “Ҳеч нарса Худонинг измисиз хориж содир бўлмас”, деганларидай, модомики, гап давру замон хусусида борар экан, бобо тарихимиз, узоқ ва яқин ўтмишимизга назар ташласак, буюк салтанатлар, улуғ ва қудратли ҳукмдорлар жаҳон сиёсат майдонига бежиз-бесабаб чиқиб келмаганининг гувоҳи бўламиз. Яратган Эгам элу юртга боқиб, халқнинг хоҳиш-иродаси нечоғлиқ улуғвор ва устуворлигига қараб, шунга муносиб ва мутаносиб йўлбошчиларини юборади, деган нақл жаҳон халқлари тарихида ҳам, ўзимизнинг тарихда ҳам бор гап.
Халқ руҳияти ва маънавиятидаги устунликлар деганда нимани тушунамиз? Халқ — тарих дегани, тарих эса бугун ва келажак демакдир.
Сўз ҳам бунёдкор бўла оладими, дейишингиз мумкин. Бўлмаса “Сўз мулкининг соҳибқирони”, “Ғазал мулкининг султони” деган барҳаёт иборалар қаердан чиқиб келган? Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришига кўра, Амир Темур бобомиз Шаҳрисабзда бунёд эттирган, муаззам Оқсарой пештоқларида кўп илоҳий ёзувлар қатори “Подшоҳларнинг сўзлари — сўзларнинг Подшосидир” деган битик ҳам нақш этилган экан.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг биргина “Чунки топдим ул калом ичра камол” мисрасини шарҳлаб бермоқ учун — унинг талқин ва таҳлили учун неча бир диний-тарихий китобларни титкилаб чиқишга тўғри келади.
Тарих — бугунги кун ва келажак, билим ва маърифат деганидир. Аждодлар оҳи, қиличлар зангию қасоскор боболар санчиб кетган қасамлар унутилмайди. Барчамиз шаъну шавкати баланд элнинг фарзандларимиз. Бундан ғурур ва ифтихор этмоқ — бу юксак туйғу ва тушунчаларни юрак-юракдан ҳис этмоқ учун эса миллат болаларидан катта салоҳият ва билим талаб этилади.
Замон ўз Бунёдкорини яратгани каби, Бунёдкор замон биносини барпо этади. Бу бинонинг пештоқларига “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Китобсиз келажак йўқ”, “Ўз болангни ўзинг асра”, “Адабиёт халқнинг юраги”, “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, “Тил бор экан — миллат барҳаёт”, “Маърифат. Маърифат. Яна бир карра маърифат!” сингари замон ҳикматларининг битилганига ҳали ҳеч қанча вақт бўлгани йўқ...
Биз барчамиз Президентимизнинг халқни миллатга, мамлакатни Ватанга айлантира олиш қудратига эга тарихий маърузалари замонида яшаяпмиз. Биргина “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” даъватининг ўзи мамлакатимиз маърифий оламини жунбишга келтиргани ҳам айни ҳақиқат. Тарихий ва умрбоқий иқтибослар зўрма-зўраки ўйлаб топилмайди. Халқ ва миллат тақдири, уйқусиз ва бедор тунлар, уйғоқ онг ва тафаккур маҳсули бўлмиш чинакам иқтибослар қалб қони билан яралади. Шу боис, халқ қалбида кенг акс-садо беради. Сўзнинг Бунёдкорлиги, яратувчанлик қудрати ҳам шунда.
Нима учун Қодирий бобонинг “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар” сўзлари юз йилдан бери худди кеча ёзилгандай, янгилигича яшаб келаётир, бунинг сабаб ва моҳияти нимада? Яна бир иқтибосга эътибор беринг: “Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдиқ, бас, биз ҳар бир йўсунда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашишимиз ва шунга ўхшаш достончилиқ, рўмончилиқ ва ҳикоячилиқларда ҳам янгаришға, халқимизни шу замоннинг “Тоҳир ва Зуҳро”лари, “Чор дарвеш”лари, “Фарҳод ва Ширин” ҳамда “Баҳром гўр”лари билан таништиришка ўзимизда мажбурият ҳис этамиз...”
“Ўткан кунлар” романининг кириш қисмидаги сўзбошидан олинган бу иқтибосни асар ва муаллифнинг номларини қўймасдан ўқилса агар — бу гаплар худдики бугун, айнан бугунги замон ижодкорлари учун битилгандай, гўёки Абдулла Қодирий ҳазратлари Самарқанд дарвозадаги ҳужраларида бугун эрта тонгдаёқ яхши ниятлар билан турганлар-у қаламкаш невараларимга бир йўл-йўриқ кўрсатай, дея қоғозга тушириб қўйгандай.
“Ёзғувчидан” деб номланган мухтасаргина муқаддиманинг биз мисол келтирмаган иккинчи бўлагида “...ҳавасимда жасорат этдим, ҳаваскорлик орқасида кечатурган қусур ва хатолардан чўчиб турмадим”, деб айтаркан, буюк адиб ўз азиз бошини ихтиёрий равишда мустабид тузумнинг қатлкундасига қўяётганини жуда яхши англарди. Ич-ичидан сезиб-билиб тургани учун ҳам миллат тақдирининг, таъбир жоиз бўлса, гўзал ва буюк қайғуномаси бўлмиш ўлмас асарини ёзмоққа “жасорат этдим”, дейди.
Беназир адибимиз наинки ўз даври, балки бугунги ва эртанги кун ижодкорининг тарих, давру замон ва келажак олдидаги бурч ва масъулиятини ҳам назарда тутмоқда.
“Навоий, сўз айтурда мардона бўл”, дейдилар буюк бобокалонимиз. Бу дегани — сўзда ёлғон ва муттаҳамлик кетмайди. Сўз номардликни кўтармайди. “Ҳеч осон бўлмаган Абдуллаларга”, дея мақоми юксак отдошларига бағишловлар битган устозимиз Абдулла Орипов ҳам “Шеърни мард киши ёзади, тамом-вассалом!”, дер эдилар. Замон ҳикматига айланган бу сўзлар ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмасдан, долзарблигича қолмоқда.
Айтганингиздай, биз ҳақиқатан ҳам шиддатли бир даврда, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, айни пайтда кенг кўламли маънавий ва маърифий ислоҳотлар замонида яшаяпмиз. Қизғин ва жўшқин жараёнлар ҳаммамизни, жумладан, ижод аҳлини ҳам бир-бир саралаб, элакдан ўтказаётир. Нима ҳолат бўлган тақдирда ҳам, шоир ёки ёзувчи ўз даврининг фарзанди, даврнинг воқеа-ҳодисалари, ўзгариш ва эврилишларидан айро ҳолда яшай олмайди. Виждон уйғоқлиги, қалб бедорлиги унинг ижтимоий фаоллигини белгилайди.
Ҳеч бўлмаганда, Сардоба фожиасини бошидан кечирган, сирдарёлик оқсоқол Отабой бобо Эгамбердиев Президентимиз ҳузурида жўшқин завқу шавқ ва ҳаяжон билан “Сардоба сити” дея таъриф бергандек, қисқа муддатларда бунёд этилган, эл-юрт иродаси ва шижоатининг тимсоли бўлмиш Сардоба мўъжизасига ҳам гувоҳ бўлган халқнинг, ҳеч бўлмаганда, яп-янги, ёп-ёруғ шу уйларда қалби ҳам, юзи ҳам офтобдай ёришган шу элнинг бир хонадонига кириб, оила аҳлининг қувончу бахтига шерик бўлиш ҳам ижодкор киши учун бурч ва виждон иши ҳисобланади.
Бу дунёда буғдойинг ҳам, буғдой сўзинг ҳам бўлсин экан.
Биз китоб совға қилганимиз хонадон соҳибалари — мунис ва мушфиқ онахоннинг дуоларию рангпаргина навжувон келинчакнинг таскин-тасалли сўзимиздан ўпкаси тўлиб кетиб, тўккан севинч ёшларини сиз ҳам кўрсангиз эди. Биз ҳам бу хонадондан “лабда табассуму кўзда ёш билан” кетдик.
Шу аснода, беихтиёр, Навоий бобомизнинг бировнинг бузилган ва тушкун кўнглини кўтариб, хотирини хушнуд қилмоқ вайрон бўлган Каъбани обод этмоқ билан баробардир, мазмунидаги эл аро довруқ қозонган маълум ва машҳур байтлари эсга келади.
— “Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, Учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак”. Давлатимиз раҳбарининг ушбу гапларини мамлакатимиз ижодкор зиёлиларининг бир вакили, қолаверса, халқ шоири сифатида қандай шарҳлаган бўлардингиз?
— Президентимиз миллий Уйғонишнинг тўрт узвий ҳалқаси қаторида “Янги Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси, бешинчи устуни, яъни маънавий-маърифий ҳаётимиздаги энг мустаҳкам устун бўлади”, деб ота-оналарга катта ишонч билдирар экан, бу ўринда, кенг қамровли оилавий тарбиянинг нақадар муҳимлиги, устуннинг пойдевори, бу пойдеворнинг устувор ва емирилмас асослари оила муҳитида, узлуксиз ва муттасил оилавий таълим-тарбия орқали қўйилажагига алоҳида урғу берилмоқда.
Устун билан устувор — қариндош-уруғ, ота-бола, оға-ини сўзлар, Устун устувор бўлмоғи учун пойдевор, пойдевор маҳкам бўлмоғи учун асос мустаҳкам бўлиши шарт ва зарур. Буни қарангки, “асос” сўзининг тилимиздаги яна бир маъноси “асил”, “мустаҳкам” сўзи эса “соғлом” деган маънони ҳам билдираркан.
Шу жиҳатдан халқнинг “Соғлом танда — соғлом ақл” мақоли билан Фитрат муаллимнинг “Бу дунё — кураш майдони. Соғлом тан, ўткир ақл, яхши ахлоқ бу майдоннинг қуролидир”, деган сўзлари тарихга нисбатан қаралганда, тарихдош ва асрдош бўлиш билан бирга, тақдирдош ва асосдош ҳамдир. Йўлдош ва қўлдош бўлиш баробарида, аёвсиз жанг кетаётган маънавият фронтининг қурдош-қуролдошларидир ҳам. Бу кураш майдонида талай талафотлар, талай офатлар бўлиши табиий. Бунда енгил иш бўлмайди, “енгил иш — енгилиш” деб қабул қилинади.
Президент матбуот хизмати томонидан тайёрланган “Остонам. Юксалиш формуласи” ҳужжатли фильмини бутун халқимиз катта ҳаяжон ва қизиқиш билан томоша қилди. Баъзи ҳолатларда кўзларда ёшлар қалқди... Биласизми, бир ижодкор сифатида фильм ижодкорларига ҳам, ундаги ёрқин лавҳалар, бугунги ўғил-қизларимизнинг жонли ва самимий ҳолатларию уларнинг орзу-умидларига, рости гап, ҳавасларим келиб кетди! Иккинчи томондан, шу элнинг бир шоири сифатида — пахта даласидан чиқиб келаётган беғуборгина қишлоқ ўқувчилари олдида, Президентимиз алоҳида эҳтиром билан “Бугунги кунимизнинг ҳақиқий маърифатпарвари, давримизнинг Авлонийси, Фитрат домласи, Мунаввар қориси”, дея таърифлаган оддийгина қишлоқ ўқитувчиси Тўхтамурод Жумаевнинг заҳматкаш қиёфасию у кишининг ёнида хокисоргина ёндашиб турган оиласининг, “Мана шу медалларини олганларига, Аллоҳга шукрлар бўлсин, ана...” дея ҳассага таянганча қараб қолган камсуқумгина онахоннинг эгик жуссаси — умрий заҳматлари билан фидойилиги олдида ўзимни ночор-нотавон айбдордай ҳис этдим!
Биласизми, нима учун? Бундай одамлар ҳақида ёзиш керак, Ватанга садоқати ва фидойилиги ҳақида асарлар, қиссалар, қасидалар, достонлар ёзиб, оламга жар солиш керак! Токи бошқалар ҳам кўрсин, билсин, ўргансин, ибрат олсин, тарбия олсин! Биз-чи, улгурмаяпмиз деймиз, пандемияни рўкач қилиб, панд емай дея пандемияга ҳам панд берамиз. Ҳолбуки, қирқ-эллик дақиқалик ҳужжатли бир фильмгина унча-мунча шоиру ёзувчиларимиз қилиши керак бўлган ишни қисқа муддатда амалда кўрсата олди. Унинг таъсир кучи кенг қамровли бўлди, элдошларимиз қалбида кенг акс-садо берди. Бугунги замон ижодкори шундай ишлаши керак. Миллий Уйғониш даври Янги Ўзбекистонимиз солномасининг жонли ва ҳаққоний муқаддимаси сифатида келгуси авлодлар учун ҳам бундай асарларнинг тарихий-тарбиявий аҳамияти беқиёсдир, деб ўйлайман.
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси олдига қандай муҳим вазифаларни қўйди? Бугунги авлод ижодкорлари руҳиятига мумтоз адабиётимиз таъсирини янада кучайтириш учун нималар қилиш лозим деб биласиз?
— Президентимиз қарори — миллий ва маънавий ҳаётимиздаги яна бир тарихий-ижтимоий воқеа, мамлакат миқёсида расман биринчи марта кенг нишонланган қутлуғ сана Ўзбек тили байрами арафасида қабул қилинганлиги, “Ўзбек тили ва адабиётини, миллий маданиятимизни янада равнақ топтиришга қаратилган амалий ҳаракатларимиз билан уйғун ва ҳамоҳанглиги” жиҳатидан ҳам умуммиллий ва умумбашарий аҳамият касб этади.
Биргина тарихий мисолга мурожаат қилайлик. Ҳассос ва оташнафас шоиримиз Ҳамид Олимжон Иккинчи жаҳон урушидан уч йилча аввал “Навоий — ўзбек тилининг яратувчиси” мақоласида шундай ёзади: “Навоий даври ўзбек тарихий адабиётининг энг юксак давридир. Ўзбек адабий тили ана шу Навоий давридагина юзага келди, ишланди, зўр адабий бир тил ҳолида камолга етди ва классик адабий тил бўлиб қолди. Бунинг қуёши, албатта, Навоий эди...”
Навоийни тинмай ўқиш керак, тинимсиз ўқитиш керак. Хонадонларда, боғча-мактабларда, клуб ва тўгаракларда — тўрт-беш ёшдан бошлаб — майса чоғлар, бола чоғлар, лола чоғлардан тинмасдан-тиндирмасдан ўқитиш ва яна ўқитиш, ўргатиш, ўргатаверишдан асло чарчамаслик керак. Бир ҳарф бўлсаям, бир мисра ва ё байт бўлсаям, қитъами, рубоий ва ё туюқми — ёшига қараб ҳар кун, ҳар соат ўқитиш, овоз чиқариб ўқитиш ва ёдлатиш, рағбатлантириб ёдлатиш, ёдлатиб рағбатлантириш болаларни тезда ром этади, ҳавас уйғотади, адабиётга, китобга меҳру муҳаббат уйғотади. Мурғак қалбда адабиётга муҳаббат уйғониб, ўрнашиб олдими, ана энди бу бола чинакамига сизники, ҳеч қандай ёт ғоялар, қора кучлар уни сиздан тортиб ололмайди. Оилавий муҳитда ҳам адабиёт мутолааси ва тарбиясини шу тахлитда муттасил йўлга қўйиш мумкин, деб ўйлайман. Кичик-кичик ҳажмдаги мумтоз сўзлар луғатларини, Навоий асарлари луғатларининг ихчам ва болаларбоп намуналарини, аудио, видео луғатларни ҳам чиқаришни кенг йўлга қўйиш, кўплаб таълим-тарбия, билим даргоҳларига тарқатишнинг ўзи анча-мунча самара беради.
Навоий бобони устозимиз Абдулла Орипов жуда яхши кўрар, “шеърият тахтининг мангу тахтдан тушмайдиган султони — Навоий ҳазратлари бўладилар” деган таърифни “мендан сизларга эсдалик” деб дастхат тарзида ёзиб ҳам берган эди. Бир кеча “Тошкент — Навоий” поездида Тошкентдан то Навоий шаҳрига етиб боргунимизча — тонг саҳарга қадар буюк бобокалонимиз ижодини ўқиш ва ўрганиш, англаш ва ўргатиш тўғрисида, жонли-жонли мисол-тамсилларни ёддан ўқиб борганлари ҳеч эсимиздан чиқмайди. Ўшанда, тонг отар пайти манзилга етиб, поезддан тушаётганимизда, устоз лутф қилган эди: “Биз Навоий шаҳрига етиб келдик, холос... Навоий бобонинг ўзига етиб боргунимизча, ҳали эҳ-ҳе, қанча йўлни босиб ўтишимиз керак. Беш юз йилми, олти юз йилми, бунисини Худойимнинг ўзи билади!..”
— Сиз кўплаб улуғ ижодкорларнинг шогирдисиз, улар билан ҳамсуҳбат, фикрдош, маслакдош бўлгансиз, маълум маънода, уларнинг йўлини давом эттиряпсиз. Бу кунларга етиб кела олмаган, шукуҳли онларни кўриш насиб қилмаган устозлар агар ҳаёт бўлганида, ижодларида қандай давр кечаётган бўлар эди, деб ўйлайсиз?
— Президентимизнинг: “Адабиёт — халқнинг юраги”, “Адабиёт юракка жойланиши керак”, ибораларини катта-кичик адибларимиз кўп иқтибос келтиради. Дарҳақиқат, халқимиз шеърпараст, қўшиқпараст, азал-азалдан шеъру ғазални, гўзаллик ва нафосатни жону дилидан яхши кўрадиган адабиётсевар халқ.
Биз халқу Ватан, давру замон олдида, шу давру замоннинг матонатли Бунёдкори олдида барчамиз бирдек қарздормиз. Ижодкор одамни, биринчи навбатда, қарздорлик туйғуси, дахлдорлик ҳисси ҳеч қачон тарк этмаслиги керак.
Устоз Эркин Воҳидов “Эл устозим, мен эса — толиб” десалар, Абдулла ака “Мен ҳам яшаяпман ўз замонимда” дер экан, айни пайтда бугунги кунларни назарда тутгандай, “Уйғониш замонинг муборак бўлсин!” дея башоратли сатрларни битганида ҳам буюк ҳикмат мужассам.
Президентимизнинг буюк адабиётимизга, унинг улуғ намояндаларига, жумладан, азиз устозларимиз, уларнинг номи ва хотирасига ҳурмат ва эҳтиромини ҳамиша, ҳар қадамда кўриб-билиб, ҳис этиб турибмиз. Пойтахтимиз марказидаги Миллий боғимизда Алишер Навоий бобомизнинг муҳташам ёдгорлик мажмуига мос ва муносиб равишда бунёд этилган Адиблар хиёбонида кўп улуғ сиймолар қаторида қаҳрамон шоирларимиз Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповнинг ўйчан ва донишманд қиёфалари ҳозир ҳам барчамизга адабиётдан дарс бериб тургандай. Улар номидаги Ижод мактабларида вижир-вижир қалдирғочлар мангу ошён қурган мисол бугунги ўғил-қизларимиз шеър ва адабиётдан таълим олмоқда.
Президентимиз ҳар гал, “Менинг ҳам армонларим бор. Менга бугун Эркин ака, Абдулла акаларнинг овозлари етишмаяпти”, дея анжуман аҳлига савол назари билан қараркан, рости гап, “Қани шоирларинг, қани ёзувчиларинг, қани янги бугунги давру замоннинг ҳақиқий асарлари?!” дея сўраётгандай, ҳар гал тилим калимага келмай, ўзимни йўқотиб қўйгандай бўламан...
Халқимизнинг яқин дўсти ва севимли адиби Чингиз Айтматов бир асарида Амир Темур ҳазратлари билан Хўжа Ҳофиз Шерозий ўртасида кечган “қора хол” ҳақидаги машҳур ривоятни мисол келтириб, Соҳибқирон бобомиз тилидан тарихий бир хулосани алоҳида меҳр ва мамнуният билан айтиб ўтади:
“...Бир оз сукут сақлагач, Амир Темур мулозимларига назар ташлайди-да: — Ўз шоирини излаб-истаб юрган олампаноҳнинг қўл остидаги халқи бахтли бўлади. Бироқ ўз ҳукмдорини излаб-йўқлаб юрган шоирнинг халқи бахтсиздир. Менинг бу сўзларим ҳамма вақт ёдингизда бўлсин! — дейди”.
Биз аллома устозларимиз бир умр орзу ва армон қилган шу замонларда яшаётирмиз. Улар орзу қилган замон ва келажак эса, мана кўз олдимизда турибди. Замоннинг кўзига тик қараб яшайлик, азиз замондошлар! Зеро, замоннинг кўзларига тик қарамоқ — келажакнинг кўзига, боламизнинг кўзига тик қараб яшамоқни билдиради. Боламизнинг кўзлари — келажакнинг кўзлари эканини унутмайлик!
Каҳкашон сайрида ҳур қуёш билан,
Кезарсан то абад шодумон, хуррам.
Лабда табассуму кўзда ёш билан,
Сенга талпинаман, буюк набирам.
Салим ДОНИЁРОВ
суҳбатлашди.