Мулоқот давомида меҳмонлар Ўзбекистонда маданий соҳани кенг ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар билан танишдилар. Хусусан, меҳмонларга қарийб чорак асрлик танаффусдан сўнг яқинда қайта тикланган «Буюк ипак йўли дурдонаси» кинофестивали, Абдулла Қодирий хотирасига бағишланган тадбирлар ҳамда Тошкентдаги Замонавий санъат марказида ўтказилаётган Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг ижодига бағишланган «Дихит Алгоразмий» («Ал-Хоразмий айтганидек») кўргазмаси ҳақида маълумот берилди.

Михаил Швидкой Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва ўзгаришлар, шу жумладан, маданий соҳадаги йирик лойиҳалар таҳсинга лойиқлигини таъкидлар экан, «Тошкент нафақат нон шаҳри, балки минтақанинг маданий пойтахтидир ва айнан шу ерда маданият соҳасининг кўплаб вакиллари таълим олган», — дея қайд этди.

Учрашув якунига кўра томонлар, жорий йил ноябрь ойида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган IX Халқаро маданият форумида Ўзбекистон вакиллари иштирокини, «Лазги — муҳаббат ва қалб рақси» балетининг Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Перм ва бошқа шаҳарларидаги намойишини ташкил этиш, Ўзбекистон музейларида олиб борилаётган реставрация ишлари ҳамда улар фаолиятини ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.