Шу боис лолаларни асраш, уларнинг табиий муҳитини сақлаб қолиш ҳамда аҳолида экологик масъулиятни кучайтириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланмоқда.

Мазкур масалага аниқлик киритиш, лола турларининг бугунги ҳолати ҳамда уларни асраш чораларини билиш мақсадида ушбу йўналишда тадқиқот олиб бораётган мутахассис, Биология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Комилжон Тажибаев билан суҳбат уюштирдик.

— Лолалар мавсуми бошланмоқда. Айтингчи, дунё илм-фанида лолаларнинг келиб чиқиш маркази сифатида қайси ҳудуд эътироф этилади?

Бу борада илмий хулоса аниқ: лолаларнинг 100 фоиз бирламчи келиб чиқиш ватани — Марказий Осиё. Бу ердан улар Кавказ ва Туркия орқали бутун дунёга, хусусан, 1600-1700 йилларда Европага тарқалган. Ҳатто Европанинг машҳур «лола манияси»га сабаб бўлган гулларнинг илдизи ҳам бизнинг тоғларга бориб тақалади. Дунёда лоланинг 100 га яқин тури бўлса, уларнинг 80 фоизи Марказий Осиёда ўсади. Ўзбекистонда эса 34 та тури мавжуд. Қозоғистонда турлар сони биздагидан бироз кўпроқ, бу уларнинг ҳудуди кенглиги билан боғлиқ. Лекин асосий генетик фонд мана шу ерда.

— Бугунги кунда табиий лолаларни қаерда кўриш мумкин ва уларни узиш мумкинми?

— Афсуски, аҳоли пунктлари кенгайиши натижасида табиий лолалар фақат тоғли ҳудудларда қолди. Шуни қатъий таъкидлаш керак: табиий лолаларни узиш мумкин эмас! Кўпчилик турлар «Қизил китоб»га киритилган. Лолани узиш нафақат табиатга зарар, балки маъмурий ва жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлади. Гул узилганда унинг пиёзи нобуд бўлиши ёки кўпайишдан тўхташи мумкин. 1924–1931 йиллар оралиғида, давлат иқтисодий қийинчиликда бўлган пайтларда, Марказий Осиёдан туяларга ортилган яшикларда минглаб лола пиёзлари четга олиб чиқиб кетилган. Бу бизнинг табиий бойлигимизнинг катта қисми экспорт қилинганини англатади.

— Лолаларнинг Европага чиқиб кетиши нафақат гул, балки катта иқтисодий жараён бўлган дейишади. Бугунги бозорда уларнинг қадри қандай?

— Ҳа, Европа, хусусан Голландия вақтида бизнинг ҳудудлардан энг тоза, сара генетик материалларни йиғиб олиб кетган. Ўша пайтларда битта лола пиёзининг нархи уйнинг нархи билан тенг бўлган. Ҳозир ҳам Европа бозорида Марказий Осиёнинг айрим ноёб лола пиёзлари (масалан, Қозоғистондаги Tulipa regeli — Регель лоласи) 20 доллардан сотилади. Бу лоланинг барги бошқаларникидек силлиқ эмас, шиферга ўхшаш бўлади. Бу тижорат ортида улкан маблағ ва бизнинг табиий бойлигимиз ётибди.

— Хўш, лолани Ўзбекистоннинг миллий брендига айлантириш учун нима қилиш керак?

— Биринчи навбатда, буни давлат даражасидаги бизнес ва туристик брендга чиқариш лозим. Туркия бундан миллиардлаб доллар фойда кўради. Бизда эса биологик асос ва тарих бойроқ. Лолаларимизни асраш, уларни маданий ҳолда кўпайтириш ва дунёга «Асл ватан — Ўзбекистон» деган ғояни сингдириш керак. Бу ҳам экологик, ҳам иқтисодий жиҳатдан улкан имкониятдир.

— Уйимизда ёки ҳовлимизда ёввойи лолаларни экиб кўпайтирсак бўладими?

— Биз буни «Home garden» (уй боғи) сифатида тавсия қиламиз. Лекин бу шунчаки чирой учун бўлмаслиги керак. Сиз давлат ва табиат олдида масъулиятни олиб, йўқолиб бораётган турларни кўпайтириб, яна табиатга қайтаришингиз мумкин. Бу илмий ва ватанпарварлик иши бўлади. Аммо дўконларда сотиладиган лолалар — улар селекция нави, биз гапираётган ёввойи лолалардан фарқ қилади.

— Туркия ёки Голландия тажрибасидан нималарни ўргансак бўлади?

— Масалан, Истанбулда йилига 14 миллион лола экилади. Улар гуллаб бўлгач, ташлаб юборилмайди. Гулларидан бўёқ олинади, пояларидан биогаз ва ўғит тайёрланади. Бу — катта индустрия. Бизда 12 миллион турист келиши кутиляпти. Агар биз «Лола ватанига келяпсиз» деб тарғибот қилсак ва ҳар бир турист 2-3 долларлик лола рамзи туширилган сувенир (значоклар, рўмоллар, аксессуарлар) сотиб олса, бу иқтисодиётга миллионлаб доллар инвестиция дегани.

— Сизнингча, лола Ўзбекистоннинг янги миллий бренди бўла оладими?

— Албатта! Илгари пахта миллий рамзимиз эди. Энди эса лола бўлиши керак. Алишер Навоий ғазалларидан тортиб миллий атласимизгача лола образи бор. Бу бизнинг қонимизда, тарихимизда бор нарса. Фақат биз уни бироз эсдан чиқардик. Агар бизнесменлар, турфирмалар бирлашиб, лолани бренд сифатида реклама қилса, бу ҳам бизнес, ҳам миллий қадрият, ҳам минглаб иш ўринлари демакдир.

Лола — бу шунчаки гул эмас, у Ўзбекистоннинг дунёга тақдим этган генетик бойлигидир. Уни асраш,тарихимизни ва келажагимизни асраш билан баробар.

Эслатиб утамиз бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ўсимликларни ёки уларнинг яшаш фаолияти натижасида ҳосил бўлган илдизлари, пиёзбошлари, таналари, поялари, новдалари, пўстлоғи, барглари, ғунчалари, гуллари, уруғлари, мевалари, шарбати (елими) ва бошқа маҳсулотларини ўзбошимчалик билан йиғиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 81-моддаси билан маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Мадина Ботиржонова